ШОГИРДЛАРИМ - ФАХРИМ
- Дастлаб ўзим ҳам шогирд бўлганман. Ўтган асрнинг 1980-йилларида тажрибали мураббий-устозларим Жамол Бараташвили, Валодя Ражниковлардан юнон-рум курашининг ўзига хос сирларини қунт ва ҳавас билан ўргандим. У пайтларда бугунгидай қулай шароитлар йўқ эди. Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Катта, кенг ва ёруғ замонавий спорт залларида машқ қилишнинг гашти бўлакча-да. Шунга қарамасдан меҳрибон мураббийларим тарбияси туфайли икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Кўплаб халқаро мусобақаларда иштирок этиб, спорт устаси бўлдим. Менинг муваффақиятларимдан устозларим ниҳоятда хурсанд бўлишганди ўшанда...
- 1990 йилдан бошлаб ўзим ҳам мураббий сифатида иш бошладим. Ўтган давр мобайнида юзлаб шогирдларим вилоят, мамлакат ва жаҳон биринчилиги ҳамда халқаро мусобақаларда, шунингдек Олимпия ўйинларида туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.
Айни пайтда Олимпия ўйинлари иштирокчиси Мўминжон Абдуллаев, халқаро турнирлар ғолиби, Ўзбекистон чемпионилари Абдумўмин Мамиров, Миржалол Ўрозалиев, Дилшодбек Умматов, Шоҳжаҳон Маҳмудов, Шуҳрат Исрофилов, Жамшиджон Усанов, Миржаҳон Саъдинов, Комил Эркинов, Жавоҳир Қўлдошев, Шоҳзамон Қўлдошев, Отабек Нарзиқулов, Музаффар Эшмаматов, Жавоҳир Собиров, Музаффар Нуруллаев каби шогирдларим билан ҳақли равишда фахрланаман.
- Иш тажрибам туман ва вилоят бўйича оммалаштирилган. Шу сабабдан спорт мутассаддилари менга ишониб, юнон-рум кураши бўйича вилоят ва Республика миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда ҳакамлик қилишни топширишган. Бу ишончни сидқидилдан оқлаб келаяпман. Келгусида шогирдларим жаҳон бўйлаб бепоён юртимиз байроғини ҳилпиратиб юришлари учун бор кучимни аямайман.
Раббим ТАШАНОВ,
юнон-рум кураши бўйича туман
бош мураббийи, “Шуҳрат ” медали соҳиби.