18-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Шоҳзамон Мусаев 3 йилдан буён спортнинг юнон-рум кураши сирларини тажрибали мураббий Раббим Ташановдан ўрганиб келмоқда. У Бухоро вилоятининг Вобкент туманида 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилган Республика очиқ турнирида 23 килограмм вазнда гиламга тушиб, ҳамма тенгқурлари устидан соф ғалабага эришиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. У Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитасининг дипломи ҳамда эсдалик совғаси билан тақдирланди.
- Келгусида жаҳон чемпиони бўлиш ниятидаман, - дейди турнир ғолиби, ёш полвон Шоҳзамон Мусаев.
Шоҳзамон полвон “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг курашчилар залида ўтказилган мусобақада ҳам ўз маҳоратини намойиш қилди. У ўз вазнидаги тенгдошларини доғда қолдириб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.
- Ўғлимизни тарбиялаётган таниқли мураббий Раббим Ташановдан миннатдормиз, - дейди Шоҳзамоннинг отаси Акмал ака ва онаси Матлуба опа Жўраевлар. Шоҳсупага илк қадам қўяётган ўғлимиз Шоҳзамондан умидимиз катта.
Раббим ҲОТАМОВ.