- Ёшим саксонга қараб сакраб бораяпти, - дейди Гулзор малласининг Янги Эрганакли қишлоғида яшовчи Эркин бобо. - Эссизгина... бевақт туғилибмиз. Мустақил юртимизнинг айни гуллаб-яшнаб бораётган шу кунларида 20 ёшда бўлсам эди...
Ҳозирги ёшларга ҳавас қилаяпман. Озод, обод, мустақил Ватанда ёшларимиз учун жуда катта икониятлар яратилмоқда. Халқимизнинг тинч ва осойишталиги, яшаш шароити, турмуш фаровонлиги ошиб бораётганлиги, биз кексаларнинг бундан 40-50 йил олдинги орзу-умидларимиз рўёбга чиқаётганидан бошимиз кўкка етмоқда. Бундан 30 йил олдинги турмуш тарзимизни эсга олиб бугунги фаровон кунларимизга шукроналар айтамиз.
Ўтган замонларда қишлоқ уйлари тартибсиз, кўримсиз эди. Кўчалари қишда тизза бўйи лой, ёзда тизза бўйи тупроқ бўлган. Мактабларимизда дарслар эски, зах биноларда ўтиларди. Туман маркази кўримсиз, баргхазон босиб,ҳувиллаб ётган эски ҳовлини эслатар эди. Деҳқон бозори тушгача бўлар эди. Тушдан кейин бозор ҳам ҳувиллаб қоларди. Қишлоқда бирор киши бетоб бўлиб қолса шифохонага олиб боришнинг иложи йўқ эди. Беморни бир амаллаб эшак аравада туман марказидаги шифохонага етказар эдик. Яхшиямки халқимизнинг бахтига Ислом Усанов, Бердиали Назаров, Сайфи Усмонов каби шифокорлар беморлар дардига дармон бўлишарди. Ўша пайтларда қишлоқларга битта кичкина, бир эшикли автобус онда-сонда бир қатнар эди. Унда ҳам одам тиқилинч бўларди. Автобусдан тушган одам худди ҳаммомдан чиққан одамдай терлаб-пишиб тушарди.
Тўй-маъракаларимиз ночор аҳволда, қўлбола тахта стол атрофида ўтарди. Дастурхонга қўйилган ноз-неъматлар чинни идишлар йўқлиги сабабли дастурхонга тўкиб чиқиларди...
Ўзининг 30 йиллигини қарши олаётган мустақил юртимизда ўтган давр мобайнида мислсиз ўзгаришлар рўй берди. Туман марказимиз кўзни қувонтирадиган даражадачиройли шаҳар кўринишига эга бўлди. Қишлоқларимизнинг ободлигини айтмайсизми... Шаҳарлардан қолишмайдиган қишлоқларимиз жамоли, янги замонавий турар-жойлар, тартиб билан қурилган маиший ва савдо дўконлари, икки қаватли замонавий мактаб ва болалар боғчалари бинолари, бири-биридан қолишмайдиган тўйхоналар, базмхоналар барчаси халқимиз хизматида.
Жаннатмонанд юртимиз раҳбарлари деҳқонларимизга, тадбиркорларга кенг уфқлар эшигини очиб беришди. Шу боис кундан-кунга чирой очиб бораётган юртимизнинг бундан ҳам яхши бўлишига қалби дарё, меҳр-оқибатли инсонлар, тадбиркорлар ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Шуларнинг ташаббуси ва бевосита иштироки туфайли қишлоқ ва шаҳар йўлларимиз тартибга солиниб, асфальтланиб, равонлаштирилди.
Туманимиз маркази энг гўзал масканлардан бирига айланди. Хилма-хил савдо дўконлари, маиший хизмат шахобчалари, миллий таом ошхоналари, сархил сабзавотлар билан тўла деҳқон бозори, замонавий кийим-кечаклар сотилаётган буюм бозори аҳоли хизматида. Замонавий тиббий асбоб ускуналари билан жиҳозланган марказий шифохона, поликлиника, қишлоқ оилавий шифохоналари туманимиз аҳолисининг саломатлиги йўлида беминнат хизмат қилмоқда. Туманимизда фаолият кўрсатаётган катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти ҳам туманимиз ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Мана шуларнинг ҳаммаси мустақиллигимизнинг беқиёс шарофатидандир.
Раббим ҲОТАМОВ ёзиб олди.