Саховат маҳалласининг Қувондиқ қишлоғида яшовчи Абдурашид ака ёшлигидан меҳнаткаш бўлиб вояга етган инсон. Айни пайтда оқ-қорани яхши таниган, тўғри сўз, ўзининг бебаҳо маслаҳатлари билан қишлоқ аҳолисининг ҳурматига сазавор бўлган Абдурашид ака Абдуғаниев узоқ йиллар давомида олий тоифали ўқитувчи сифатида 45- ва 44-ўрта таълим мактабларида ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс берди.
Тиниб-тинчимас Абдурашид Абдуғаниевнинг ташаббуси ва ишбилармонлиги туфайли мактабларда таълим-тарбия ишлари сифатига катта эътибор қаратилди. Жонкуяр муаллимнинг юзлаб шогирдлари шу кунларда мустақил юртимизнинг фаровонлиги учун турли соҳаларда унумли меҳнат қилишмоқда. Абдурашид ака 2012 йилда муборак ҳаж зиёратига бориб, ҳожи бобо бўлиб келган.
Нафақага чиққан Абдурашид ҳожи бобо уйида жим ўтира олмади. Фарзандларини ўзига ўхшаган меҳнаткаш қилиб тарбиялаш мақсадида оз эмас-кўп эмас, 20 гектар очиқ ер майдонда фермер хўжалигини ташкил этди. Шу билан биргаликда қишлоқ аҳолиси Абдурашид ҳожи бобони ҳол-жонига қўймай қишлоқ боши - қишлоқ оқсоқоллигига сайлашди. Болалари вояга етгач, фермер хўжалиги тугатилди. Улар турли соҳалар бўйича мутахассис бўлиб, оталари Абдурашид ҳожи бободай самарали меҳнат қилишмоқда.
Қишлоқ оқсоқоллиги ҳам осон иш эмас. Халқнинг дарди билан ҳамдард бўлиш энг асосий вазифа. Буни тўғри англаган Абдурашид ҳожи бобо Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганидай “элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак” деган сўзларини ўзига шиор қилиб олган. Шу сабаб қишлоқ аҳолисининг дарди билан ёниб яшаб келмоқда. Абдурашид ҳожи бобо бошчилигида қишлоқ кўчалари ободонлаштирилди. Ариқларга тартиб берилиб, мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Қишлоқ уйлари замон талаблари асосида чиройли кўринишларга эга бўлди. Тўй-маъракалар Абдурашид аканингмаслаҳатлари ва бошчилигида ўтадиган бўлди. Қишлоқ муаммолари ҳам Абдурашид ҳожи бобонинг гарданида. Йилдан-йилга қишлоқ аҳолиси кўпайиши муносабати билан мавжуд 2 та кам қувватли электр трансформаторлар аҳоли талабига жавоб бермай қолди. Вазифасини ўтаб бўлган симёғочлар ҳам омонат бўлиб қолди. Электр чироғи тез-тез ўчадиган бўлди. Шу сабаб қишлоқ тадбиркорларининг ишлари ҳам юришмай қолди. Қишлоқ кайвонилари ўзаро маслаҳатлашиб, Абдурашид ҳожи бобога мурожаат қилишди. Қишлоқ оқсоқоли Абдурашид ҳожи бобо ушбу муаммо сабаб тегишли ташкилотлар раҳбарларига учрашиб, вазиятни ётиғи билан тушунтирди. Бир эмас, икки эмас, ўн марталаб қайта-қайта тегишли идора бошлиқларига учрашди. Бу ташвишли иш туман ҳокимлигида ўз ечимини топди. Туман ҳокими Баҳодир Баҳрамов раҳбарлигида қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида янги электр трансформатори ўрнатилди. 1,5 километрга юқори кучланишли электр симлари тортилди. Эски симёғочлар темир-бетон устунларига алмаштирилди. Бу ишларни амалга оширишда вилоят ва туман электр тармоқлари мутахассислари Шерзод Авалбоев, Ботир Мусаев, Ҳамза Яхшибоев, Илья Фаминлар самарали меҳнат қилишди. Қишлоққа келадиган сув учун 3 километрли масофадаги ариқ “Самсунг” эксковатори билан қазилди.
-Қишлоғимиз ободончилигига катта ёрдам берган туман ҳокими Баҳодир Баҳромовга ва электр тармоқлари ходимларига қишлоғимиз аҳолиси номидан чуқур миннатдорчилик билдирамиз, - дейди қишлоқ оқсоқоли Абдурашид ҳожи Абдуғаниев.
- Биз кексалар қишлоғимиз оқсоқоли Абдурашид ҳожи Абдуғаниев билан ҳақли равишда фахрланамиз, - дейди 74 ёшли фуқаро Эшдавлат Каримов. - Қишлоқ аҳолиси дарду-ғами билан яшаётган Абдурашид ҳожи бобонинг оиласига ҳаммамиз ҳавас қиламиз. У кишининг фарзандлари ҳам оталаридай жонкуяр, фидойи инсонлар бўлиб етишган.
РаббимҲОТАМОВ.