уни асло ифлос қилмаслик керак
Болалигим Туятортар ариғи бўйидаги қишлоқда ўтган, ушбу ариқдан сув ичиб, экин экиб улғайдим. Илгари қишлоқларда асосий транспорт вазифасини отлар бажарар эди. Раҳматли отам кўп йиллар от миниб давлат ишларига, тўй-маъракаларга борар эди.
Бир куни отни суғоринг, деб менга сатил берди. Мен сатил керакмас, ариқдан суғораман дедим. Отам айтди. Отни ариқдан узоқроқ боғланг ва сатил билан сув беринг, сабаби от сув ичаётганда оғзини чаяди, сув ифлос бўлади, деган гаплари ҳануз ёдимдан чиқмайди.
Ёшлигимда бир меҳмон қўлига сув қуяман деб обдастадан тўхтатмай сув қуйганман. Меҳмон қўли билан қайтариб, “ барака топинг раҳмат, бироқ сувни увол қилманг. Қўлга сув қуйганда кафтдан ортиқча сув оқиб тушмаслиги керак”, деб ўргатди.
Ҳозир невараларимга юзини, тишини юваётганда сувни тежаб ишлатишни ўргатаман ва ўша меҳмоннинг кафтига сув олиб кўрсатгани кўз олдимга келади.
Уйимиз яқинига келинчак бўлиб тушган қиз ариқ ёқасига бориб аҳлат солинган идишни юва бошлади. Келинчакка сувнинг муқаддаслигини, оқар сувга бундай муносабатда бўлмаслигини тушунтирдим. Яхши оилада тарбия олган экан. Хўп бўлади, деб кечирим сўради. Ўзбек қизлари оқар сувда, булоқ оқар сувлардан олиб, кир ювмайди. Баъзи бир кўчаларда тўп-тўп бўлиб турган йигитлар оқар сувларга машинасини юваётгани, баъзилари итларини ҳам сувга чўмилтираётганига кўзим тушади. Баъзи оқар сув ариқларида пакетлар, пластик идишлар, турли хил чиқиндилар тўпланиб қолганини кўрамиз. Уйга келар эканман, “бу ҳолатга ўзимиз ҳам айбдормиз. Ёшларга насиҳат қилмаймиз, сувнинг ҳам уволи борлигини фарзандларимизга қачон айтамиз”, деб ўйланиб қоламан.
Тежаб ишлатмасак денгиз ҳам қуриш мумкинлигини Орол денгизи мисолида кўраяпмиз.
Агар биз кекса нуронийлар ёш фарзандларимизни сувни тежашга, исроф қилмасликка, оқар сувларга ҳар хил нарсаларни ташламасликка ўргатиб борсак, нур устига нур бўлади.
Бунда нафақат атроф тоза, балки кўнгилларимиз ҳам обод бўлиб, қанчадан қанча исрофгарчиликнинг олди олинади.
Ҳазратқул САФАРОВ,
нафақадаги устоз-мураббий.