Айни саратон кунлари табиатнинг эҳсони-неъмати бўлмиштурли хил мевалар бирин-кетин етилиб, бозорларимиз пештахталарини тўлдирмоқда. Бу сархил мевалар ичида гилоснинг ўз ўрни, мавқеи бор. Бу меванинг инсон организми учунасқотадиган фойдали хусусиятлари тўғрисида кўп гапирилади. Жумладан, замонавий тиббиётда ҳам, халқ табобатида ҳам гилос инсонорганизмидаги қонни тозалашда, жигар, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилашда, иштаҳани очишда, миядаги ҳужайралар ҳаракатини меъёрлаштиришда, хотирани мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши олимларимиз томонидан илмий исботланган. Бундан ташқари, гилосдан тайёрланган турли хил мурабболар, компотлар қиш ойларида ҳамсевиб истеъмол қилинади. Шу боис бўлса керак, бу мевага бўлган талаб йилдан-йилга тобора ошиб бормоқда, ҳатто ўзбек гилосининг чет элларга ҳам кўплаб экспорт қилинаяпти.
“Ўзагроэкспорт” компанияси матбуот хизмати томониданмаълум қилинишича, жорий йилдан эътиборан юртимизда етиштирилаётган “Напалеон”, “Шампан”,”Қирмизи” навли, шунингдек, май ойида пишиб етиладиган турли хил сархил гилосларнинг экспорт миқдори тўрт баробарга ортган. Шунингдек, илк бора бу каби мева-сабзавотларнинг экспорт қилинадиган нархлари кенг халқ оммасига эълон қилинди. Кўриниб турибдики, ушбу маҳсулотнинг жаҳонмиқёсида бозори тобора чаққон бўлмоқда. Мисол учун: бу йилги гилос ҳосили юртимизда 4 долларгача бўлган нархларда экспорт қилинаётганлиги айни хақиқатдир. Ҳатто, бир қатор гилос етиштириладиган давлатларда бу кўрсатгич 15 долларгача бўлган баҳода сотилмоқда. Тўғри, гилос юқори нархларда сотилаётган бир пайтда бундан ҳақиқий деҳқон қандай манфаат кўрмоқда, деган ҳақли савол туғилади. Бу саволга жавоб шуки, маҳсулот “Ўзагроэкспорт” компанияси томонидан ҳақиқий деҳқоннинг қўлидан, яъни биринчи қўлдан олинсагина деҳқоннинг косаси оқариши мумкин. Акс ҳолда бу ишга олибсотар ёки савдогар аралашдими яна эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади. Бошқача қилиб айтганда, деҳқоннинг луқмасини ўша “олғирлар” ютиб кетаверади.
Энди халқ тилида “аччиқ гилос”, деб ном қозонган хонаки гилосларимизнинг тақдири ҳақида нима дейиш мумкин? Бир ойдан ошдики, бу гилосларимизнинг ҳам бозори чаққон. Қайта ишловчи корхоналарга ўзаро келишув бўйича бу хилдаги гилосларни етказиб бераётганларнинг, яъни олибсотарларнинг қўли-қўлига тегмайди. Уларнинг айтгани айтган, дегани деган. Измига бўйсинмай кўринг-чи... Туман марказидаги “Деҳқон бозори”ни оласизми, “Оқтепа” бозорини оласизми, ҳатто “Булунғур” шохкўчасида жойлашган, туман поликлиникаси ёнидан чорраҳагача бўлган жойни эгаллаган “гилос бозори”нинг ёнига асло яқинлашиб бўлмайди. Кимдир эшак аравада, кимдир 3-4 сатил гилосини таксида, яна кимдир 2 сатил маҳсулотини пиёда....хуллас ҳамма машаққат билан терган гилосини олибсотарларга “топшириш”га ошиқади. 2 сатил гилосни деб ҳатто соатлаб кутиб қолишингизга ҳам тўғри келади. Бу ердаги бақир-чақирни, маҳсулотни янада арзон олиш пайида бўлган олибсотарларнинг тилёғламачиликларини, найрангларини, ҳийлаларини кўриб ёқа ушлайсиз. Маҳсулот қанча кўпайган сари унинг нархи тушиб, арзонлашиб кетаверади. Чунки, нархни кўтариш ҳам, тушириш ҳам олибсотарларнинг қўлида. Айни шу кунларда эса бир кило гилоснинг нархи 1000-1100 сўмдан. 600 сўмга тушиб қолган пайтлари ҳам бўлди. Ҳам бўйидан, ҳам энидан, деганлари шу бўлса керакда. Бунинг устига “Гилосни қоқиб терибсиз”, “Сифати ёмон экан”, “Эзилиб кетибди”,“Сув қўшганга ўхшайсиз”, деганасабингига тегадиган, куракда турмайдиган таъна-дашномларини эшитиб тилингизни тишлайсиз, энсангиз қотади. Худди айбдорлардай “ишқилиб олақолсайди”, деб пичирлайсиз беихтиёр.
Кимга додингизни айтасиз? Қаёққа арз қиласиз? Шу тариқа ўз ёғингизга ўзингиз қоврилиб қолаверасиз, миқ этолмайсиз. Бозорга гилос олиб келган фуқаролардан бири, “Соҳибкор” маҳалласида истиқомат қилувчи Жўрақул Исаевгасавол билан мурожаат этдик:
- Гилоснинг нархи сизни қониқтиради-ми?
- Қаёқда дейсиз, сув текин-ку. Ҳовлимизда 8-10 туп “аччиқ гилос”имиз бор.
Ҳосили кўзни қамаштиради. Якшанба куни оиламиз билан гилос теришни режалаштириб, мардикор бозордан бир кунга 35 минг сўмдан келишиб, 2 нафар ҳашарчи ҳам олиб келдим. Оиламиз аъзолари, хашарчилар жами 6-7 нафар киши куни билан 20 сатил гилос тердик. Душанба куни эрталаб қишлоғимиздаги “ДАМАС” ҳайдайдиган таксичи йигитга 15 минг сўм пул бериб, терилган гилосларни бозорга олиб боришини илтимос қилдим. Мен бозорда гилосни 1500 сўмдан оляпти, деб эшитган эдим, афсуски, ёлғон экан. Ўша куни бозорга ҳаддан ташқари кўп гилос тушган, савдогарларнинг олдига асло яқинлашиб бўлмасди. Нархини суриштирсамкилоси 800 сўмдан дейишди. Икки соат ўтиб навбатим келди. Савдогар аёл энди 600 сўмдан оламан, бошқа иложим йўқ, деб оёқ тираб туриб олди. Ноилож топширишга мажбур бўлдик.
Олиб келган гилосимиз 220 килограмм тош босди. Жами 126 миг сўм пул бўлди. Қайтишимда сатилларни олиб кетишим учун таксига яна камида 5-6 минг сўм пул бераман. Бунинг оворагарчилигини айтмайсизми? Энди ҳисоблаб кўринг. Ҳашарчиларга 70 минг сўм, келиб-кетишга таксига 20 минг сўм, 26 минг сўм менга қоляпти. Қисқаси, иккинчи маротаба бозорга гилос олиб келмайман, деб ўзимга-ўзим қатъий онт ичдим. Бу шармандачилик эмасми? Гилос теришнинг машаққатини уни терган киши билади...
Кези келганда таъкидлаш жоизки, қайта ишловчи корхоналар мутассаддилари кунлик келишувларига биноан мижозлари - олибсотарларга ҳар килограмм гилос учун камида 2 минг сўмдан тўлашлари аниқ. Экканда йўқ, ўроқда йўқ, хирмонда ҳозир, деганларидек, нега энди олибсотар тилёғламачилар 2-3 баробар фойда кўриш мақсадида деҳқонларнинг, фуқароларнинг кўзларига чўп тиқишлари, уларни чув туширишлари керак... Қани виждон, қани диёнат? Ҳеч бўлмаганда килосини 1000 сўмдан олишса бўларди-ку. Йўқ, бундай қилишмайди. Уларнинг тобора ҳаккалак отаётган нафслари бунга асло йўл қўймайди.
Минг афсуски, “Деҳқон бозори”га ташриф этишаётган деҳқонларнинг 70-80 фоизи тумандаги “Афросиёб-мева” қўшма корхонаси ҳам мавсум бошидан буён гилос қабул қилишаётганлигидан бехабар. Ҳатто, бу ҳақда тасаввурга ҳам эга эмасликлари ажабланарли ҳолдир. Акс ҳолда ҳамсуҳбатимиз Жўрақул Исаев не-не машаққатлар билан терган гилосини ушбу корхонага килосини камида 1500 сўмдан топширган бўлур эди. Ортиқча оворагарчиликларга, асаббузарликларга чек қўйиларди. Олибсотарлар ҳам елим (пластмас) идишларга тўплаган маҳсулотларини қаёққа олиб борарди? Нари борса Самарқанд шаҳридаги, қолаверса қўшни туманлардаги қайта ишловчи корхоналарга олиб бориб топширишади-да. Балки, тумандаги “Афросиёб-мева” қўшма корхонасига етказиб беришар. Бу бизга қоронғу. Нима бўлган тақдирда ҳам “Қаддингни ур, олибсотарлар”, дейишдан ўзга чорамиз йўқ. Улар ҳам ҳамюртларимиз, уларга қўшқўллаб гилосларини топшираётганлар ҳам тумандошларимиз.
“Афросиёб-мева” қўшма корхонаси маъмурияти мавсум бошида ҳар бир килограмм гилосни маълум бир пайтгача ҳатто 2300сўмгача қабул қилишди. Айни шу кунларда эса ушбу корхонада ҳар бир килограмм гилоснинг нархи 1400 сўмдан қабул қилиняпти. Корхонада нега гилоснинг нархи кескин тушиб кетди? Ахир, корхона маъмурияти йил бошида деҳқон-фермерлар билан маҳсулотларни қабул қилиш бўйича аниқ бир суммалар бўйича шартномалар тузишмайдими? Ўзбек гилосининг экспорт миқдори, нархи тобора ошиб бораётган бир пайтда туман “Деҳқон бозори”да кўз ўнгимизда рўй бераётган юқоридаги сингари “нохуш манзаралар”ни, деҳқонлар, фуқаролар меҳнатининг қадрсизлигини, маҳсулотларимизнинг сув текинлигини қандай баҳолаш мумкин? Бу йилги гилос ҳосили 4 долларгача экспорт қилинаётган экан, бу бир килограмм гилознинг нархи 40 миг сўм дегани эмасми? Ҳеч бўлмаганда, маҳсулот етиштиришда хал қилувчи роль ўйновчи деҳқоннинг қўлига 1 доллар келиб тушмайдими? Олибсотарлар, савдогарлар қачонгача деҳқонларнинг ютаётган луқмасига шерик бўлишади. Уларнинг “фаолиятлари”га қачон чек қўйилади?Бунга ҳамюртларимиз нима дейишаркин?
Холбой ҚОСИМОВ,
туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари.