СУВДАН ТЕЖАБ ФОЙДАЛАНИШ
деҳқонга наф келтиради
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сувнинг аҳамияти беқиёс. Деҳқончилик агротехникасига амал қилган ҳолда сувдан қулай муддатларда, оқилона фойдаланибгина парваришдаги экинлардан мўл ҳосил етиштириш мумкин.
Ҳозир қиш фасли. Деҳқон учун қишда ҳам иш етарли. Ҳадемай қиш чекиниб, юртимизда баҳор нафаси уфуриб, деҳқончилик ишлари авжига чиқади.
Ҳар бир деҳқон сув йўллари – ариқ-зовурларни тозалаш ишларига ҳозирдан, қулай дамларда эътибор қаратиб, ғайратни сусайтирмаса ўзи наф кўради. Бу ҳам баҳорги деҳқончиликка ўзига хос тайёргарлик саналади.
Деҳқон бажараётган ишини номига, қўл учида қилмаслиги, ариқ-зовурларни яхшилаб тозалаши шарт. Бунга амал қилсагина экинларни суғориш пайти – баҳор ва ёз ойларида самараси яхши бўлади. Чунки, суғориш мавсумида сув чуқур ва тозаланган ариқдагина яхши оқади, исроф бўлмайди ва суғорилаётган экиннинг чанқоғини яхши босади. Шу боисдан экинидан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришни кўзлаган ҳар бир деҳқон шу кунларда бажариладиган ишларни талаб даражасида амалга ошириши келгусида ўзи учун наф беради.
Аъзам БОЙМИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси
ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат
қилиш инспекцияси Булунғур туман бўлими
катта инспектори.