- Ўғлим, - дедилар бир куни отам раҳматли. - Ҳунарли инсон ҳеч қачон бировдан кам бўлмайди. Элига, халқига хизмат қилиш энг улуғ ишлардан ҳисобланади. Ҳунарли киши доимо эл ардоғида, ҳурматида бўлади...
Бу гаплардан хулоса чиқариб, касб эгаллашга, ҳунар ўрганишга киришиб кетдим. Ёшлигимдан бошлаб ҳамма ҳунарга қизиқдим. Шу сабабли жуда кўп усталарга шогирд тушиб, рассомлик, автоустачилик, пайвандчилик, автогенчилик, электр устаси каби ҳунарларни эгаллаб, кам бўлганим йўқ. Раҳматли отам айтганларидай, шу касбларим туфайли ҳозир ҳамма мени “Уста бобо” деб ҳурмат қилишади.
Ёшликда ўрганган ҳунарларимни бугунги кексалик давримда Президентимиз айтганларидай, “бир нуронийга ўн нафар ёш” тамойили асосида ёшларга ҳам ўргатиб келяпман. Айни пайтда кекса тадбиркор уста сифатида маҳалламиз аҳолиси талаблари асосида турли хил замонавий дарвоза, эшик, нарвон, каравот, болалар ҳалинчаги, ҳар хил сейфлар, чиройли панжаралар ясаб бераяпман. Бундан ташқари, ҳар хил техникаларни, уй-рўзғор буюмларидан кетмон, лопатка, болта, теша, арра каби буюмларни ҳам таъмирлаяпман.
Яқинда кўчамиздан ўтган туманимиз ҳокими Самандар Астонов ишларим билан қизиқиб қолди.
- Ёшларимиз сизга ўхшаган нуроний усталардан ўрнак олсалар нур устига аъло нур бўларди, - деди Самандар Астонов суҳбат чоғида.
70 ёшни қоралаётган тадбиркор уста Юнусхон Убайдуллаев фикрларини Раббим ҲОТАМОВ оқга кўчирди.