Туманда кам таъминланган оилалар учун қурилаётган уйлардан уй олишга ариза берганларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш, ҳақиқатдан ҳам уларнинг уйга муҳтожлигини аниқлаш, провардида янги уйлар беришда адолат қарор топиши учун туманда "Халқпарвар" комиссияси ташкил этилди.
Мен ҳам комиссия таркибида бўлганлигим сабабли баъзи аризачиларнинг яшаш шароитларини ўргандим. Ҳақиқий уйга муҳтож бўлган, кам таъминланган оилалар борлигини кўриб, уларга имкон доирасида ҳужжатларини қонуний расмийлаштиришга ёрдам бердим. Лекин, афсуски, баъзи ўзига тўқ оилаларнинг "кам таъминланганман" деб ёлғон ариза берганларининг ҳам гувоҳи бўлдим.
Туман марказидан олисроқда жойлашган маҳалладаги бир оиланинг ҳовлисига бордик. Катта дарвозахонада 1 та юк автомобили ва 2 та енгил автомашина қатор қилиб териб қўйилган. Тўғриси, аввалда бу машиналар шу уйга келган меҳмонларники бўлса керак, ёки адашиб бошқа бировникига кириб қолдиқ-микан, деб ўйладим. Ёнимда келаётган маҳалла раисига қарадим. Раис йўқ адашмадик, дегандай йўл бошлади. Ичкари ҳовли шахсий томорқаси сизга ёлғон менга чин, камида ярим гектар чиқаров. Уйдан тоғни толқон қиладиган даражада гавдали, 30-35 ёшлардаги бир йигит чиқиб келди. Биз ўзимизни таништириб келишимиз сабабини айтдик. Суҳбат давомида уй эгасидан сўровномада келтирилган саволларни бердим. Яъни, бу турган машиналар шахсий ўзингизникими, ҳовлингиз неча сотих, кадастр ҳужжатлари борми, қаерда ишлайсиз, ойлик маошингиз ёки даромадингиз қанча, солиқ идорасидан декларациянгиз борми?.
Бирдан уй эгасининг авзойи бузилди. Олдин сизлаб, кейин сенлашга ўтди.
- Нима, сизлар менга уй бермоқчимисизлар ёки мени текширишга келдиларингми? - деб маҳалла раисига ёпишиб кетди. - Уйга кимни олиб келдинг, билардим сенинг ниятинг бузуқ. Уйни менга бермай, бошқага сотасанлар. Сен маҳалла раиси нима қилиб юрганингни биламан, порахўрсан. Ҳокимиятга, ундан ҳам юқорига бораман. Эшитиб қўй, уйни олмасдан қўймайман. Ҳаммангни қуритаман, пулини олиб қўйиб, энди номига уйма-уй юрибсанлар.
- Ҳой ука, - дедим. - Сўровномада шундай саволлар бор, шуларга қараб баҳо, балл қўйилади. Хафа бўлмангу, турмушдан ажрашган синглингиз учун уй сўрабсиз, ҳовлингиз каттагина экан, бир четидан 2 хонали уй қуриб берсангиз бўлар экан. Топиш-тутишингиз ёмонга ўхшамайди. Синглингиз ҳам ҳадемай жойини топиб кетар.
Ана шундан кейин бўлди томоша...
Ташқарига чиқиб ўйланиб қолдим: нима бўлаяпти одамларга, қаёққа қараб кетаяпмиз? Орият, оқибат, инсоф, диёнат, меҳр-муҳаббат тушунчалари қаёққа кетди? Ношу-курчилик ҳам эви билан-да. Шукроналик қани? Муҳтарам Президентимиз томонидан кам таъминланган оилаларга берилаётган ёрдамни бутун дунё кўриб-билиб турибди. Ҳамма оғирликни елкасига олиб, халқимизнинг камбағал қатламини рўй-рост айтди-ку. Шу қатламни камбағалликдан чиқариш учун ҳали ҳеч бир мамлакатда бўлмаган "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" асосида адолатли иш олиб борилмоқда.
Мен хорижий мамлакатларда бўлган инсон сифатида шуни ишонч билан айтишим мумкин - бизнинг халқимиз улардан яхши яшаса яшаяпти-ку, асло кам эмас. Қолаверса, юртимиз тинчлигининг ўзи минг маротаба шукрона айтишга арзимайдими?! Инсонларда шунинг ўзи фахр-ифтихор туйғусини уйғотмайдими? Биздаги фахр-ифтихор туйғуси қаёққа кетди? Эртаклари ҳақиқатга айланган мамлакат яна қайда бор? Ҳамма нарсамиз бор. Сал эскирган кийимни бошқа киймаяпмиз. Ейиш-ичишимиз жойида, дастурхонимиз тўкин. Деярли ҳамма уйда 2-3 тадан телевизор, 90 фоиз хонадонларимизда енгил машина. Яшаш учун чиройли уйлар қураяпмиз. Буларга шукрона қилмасак, кўзимиз кўр бўлмайдими?! Бу ношукурчилик бир кун оиламизга ёмонлик бўлиб кириб келмайдими?!
Кореяда ишлаб қайтган бир танишим айтиб қолди. Кореялик бир одам ишлаб турган жойимга келиб:
- Қаерликсан? - деб сўради.
- Ўзбекистонликман, - дедим.
- Ишлашга келдингми?
- Ҳа, - дедим.
- Ишлаган пулингга нима оласан, уй оласанми?
- Йўқ, данғиллама уйим бор.
- Кореялик ишонқирамай менга қаради.
- Ҳа, унда енгил машина оласанми?
- 2 та енгил машинам бор, - дедим.
- Унда уйланасанми?
- Элга катта тўй қилиб уйланганман...
Энди ҳалиги кореяликнинг ростакамига жаҳли чиқди.
- Кет - деди менга салкам бақириб. - Бор, Ватанингга кет, - деди қайтариб. - Шуёшингда сенга шундай бахт берган, шундай шароит яратиб берган она Ватанингга хизмат қил. Менинг ёшим 60 га яқинлашаяпти, бир умр уй ва машина учун ишладим. Ҳалигача уйим йўқ, - деб айтди. Кореялик шу гапларни айтиб, 5-10 қадам юргач тўхтади ва менга қараб:
- Мен география ва тарих фани бўйича мутахассисман. Ўзбекистонни яхши биламан, сенга бир ҳақиқатни айтай-ми. Мамлакатингнинг келажаги буюк давлат. Ҳали ер ости бойликларингиз ишлатилмай, деярли шундай турибди. Бизлар ишлатиб бўлдик. Замонлар келади, ҳали бизнинг ёки бошқа давлат фуқаролари сизнинг мамлакатингизга бориб ишлайди!
Тўғрисини айтсам шу суҳбатдан кейин уйга кетгим келиб қолди. Тўғри қилган эканман, ҳозир ишбилармонман, у ердан топган пулимга нисбатан кўпроқ маблағ топаяпман. Албатта, кейинги йилларда ишбилармонларга яратилган имтиёз, имконият ва шароитлар бунга замин бўлмоқда. Ана одил ҳақиқат, мана мамлакатимиз ва халқимизга берилган ҳақиқий баҳо...
Яна юқоридаги фикрларга қайтмоқчиман. Яъни, орият ҳақида. Кейинги йилларда шу хислат сал камайгандек. Масалан, ҳамма нарсаси бор, шароити яхши бўлган баъзи оила бошлиқлари уялмай-нетмай "ҳеч нарсамиз йўқ" деб ҳокимиятдан ёрдам сўрашади. Мени ҳам "Темир дафтар"га кирит, деб жанжал қилишади. Илгари бундай эмас эди. Ўзлари камбағал бўлсада, орияти кучли бўларди.
Ҳамон эсимда, 3 ёки 4-синфда ўқир эдик. Синфимизда кам таъминланган оиланинг фарзанди бор эди. Ўша вақтлар ҳам камбағал оилалар фарзандларига ҳар замонда ки-йим-кечак бериб туришарди. Шундай кунларнинг бирида мактаб директори синф раҳбари билан биргаликда шу синфдошимизга ёрдам тариқасида кийим топширишди. Шунда қизиқ, лекин ибратли воқеа содир бўлди. Ҳалиги синфдошимиз қизариб-бўзариб йиғлаганча отилиб, кийимни ҳам олмай синфдан чиқиб кетди. Мактаб директори ва бошқалар ҳанг-манг бўлиб қолишди. Шу-шу синфдошимиз орият учун умуман мактабга келмай қўйди...
Ёки яна бир воқеа. Қишлоқдошларимиздан бирининг қизи турмуши бузилиб, ота уйига қайтиб келди. Орадан кўп ўтмай ўша оила ориятига чидолмай, бошқа ерга кўчиб кетишди. Энди бугунгиси эшитинг, эрига хиёнат қилиб, қўлга тушган қишлоқдошимиз қизи ва оиласи қишлоқда бемалол, ҳеч нарса бўлмагандек, катта гапириб юрибди.
Ўйлаб қоласан, қани халқимиздаги ўша орият. Мен бу билан ҳамма ориятсиз бўлиб кетган, демоқчимасман. Лекин, аҳён-аҳёнда кўз ўнгимизда шундай одамларнинг қилиб юрган ишларига гувоҳ бўлаяпмиз-ку. Бундайларга инсофни яратганнинг ўзи берсин, деймиз. Лекин, сиз билан биз ҳам томошабин бўлмай, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишда бирга ҳаракат қилишимиз даркор. Яъни, одамларга нуронийларимиз ёрдамида шукронани ўргатишимиз керак. Нима, бизда шукрона қилишга арзийдиган воқеалар кам-ми? Бундай воқеаларни эртадан кечгача санасанг ҳам адоғига етолмайсан-ку.
Масалан, яқинда Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйини байрам қиламиз. Қулликдан қутилганимиз, халқимизнинг асрий орзулари ушалгани учун шукрона қилмаймиз-ми? Ерга эгалик ҳуқуқи, фуқароларимизга дин эркинлиги қайтариб берилди. Она тилимизга давлат мақоми берилгани-чи... Ҳар битта соҳада янги ислоҳотлар ўтказилди. Натижада, муаммолар тўпланиб қолган халқ таълими, соғлиқни сақлаш тизими, қишлоқ хўжалиги тармоғи ва саноат соҳасида мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Айниқса, юзлаб янги мактаб ва мактабгача таълим учун қурилган замонавий бинолар, халқимиз узоғини яқин қилувчи, юзлаб замон андозаларига мос келувчи кўприклар ва йўллар қурилди. Тошкентда ер усти метролари ва дунё стандартлари асосида халқимиз учун қурилаётган бинолар-чи. Мана, 4 йилдан буён халқимизнинг энг оғриқли муаммоларидан бири бўлган электр токининг узлуксиз таъминланаётганлиги-чи. Айтдим-ку, санаган билан адо бўлмайди. Шуларнинг ҳаммаси шукрона қилишга арзимайдими? Яна шундай жаннатмакон юрт, халқпарвар Президент қаерда бор?
Бизга шунча шароит ва имконият қилиб бераётган, яхши яшашимиз учун жон койитаётган Ватанга биз нима қилиб бераяпмиз? Шундай дориламон замон учун "мен юртимга нима бердим, ким эдигу - ким бўлдик" деган саволларни ўзимизга қачон берамиз... Биздаги фидойилик ва ватанпарварлик туй-ғуси қайда қолди? Келинг, ғурур ва ифтихор туйғусини халқимизга етказайлик. Зеро, ношукурчилик қилаётганлар шундан хулоса чиқаришсин.
Сиз нима дейсиз азиз газетхон! Сизларнинг фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
Ғулом ЎРОЛОВ,
Журналист.