Туманимизда ҳудудлар кесимида секторлар фаолиятини яхши йўлга қўйиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир сектор раҳбари ва аъзолари ўз ҳудудидаги хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан учрашмоқда. Уларнинг яшаш шароитларини ўрганишмоқда, мавжуд муаммоларини жойида ҳал қилишга интилишмоқда. Аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламини оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа юмушлар билан банд бўлишига ҳамда хоҳлаган фуқароларга имтиёзли кредитлар олишда ҳуқуқий ва амалий кўмак беришаяпти.
“Янгиариқ” МФЙ туман ИИБ бошлиғига қарашли 3-сектор ҳудуди саналади. Яқинда сектор аъзоси, туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, майор Анвар Айтматов бошчилигидаги гуруҳ ушбу маҳалла котиби Ўлмас Намозов ва маҳалла посбони Ғулом Эшонқуловлар билан биргаликда маҳалладаги кам таъминланган оилалар аъзолари ҳолидан хабар олишди. Улар Янгиобод қишлоғида яшовчи Нафиса Умматова, Меҳнатобод қишлоғида яшовчи Бибиш Бойзақова ва Хатча қишлоғида яшовчи Орзухон Юсуповалар хонадонларида бўлишиб, уларнинг ҳар бирига бир халта ун, 5 килограмм ёғ, шунингдек, макарон, гўшт, шакар ва шунга ўхшаш озиқ-овқат маҳсулотлари тортиқ қилишди. Сектор аъзоси А. Айтматов бу каби эзгу ишларни доимий амалга ошириш, ижтимоий таъминотга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб туришни таъкидлади.
Жавлон БЕКМУРОДОВ,
“Янгиариқ” МФЙ профилактика инспектори, лейтенант.