Мамлакатимизда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаяпти. 2022 йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Фарзанд тарбияси билан машғул оилаларга давлат томонидан бола пули, нафақа, моддий ёрдам каби кўмаклар кўрсатилаётгани ҳам инсон қадрини улуғлаш саналади. Фақат, бу каби ижтимоий ҳимоя воситалари фуқароларнинг ижтимоий ҳолати, меҳнат ва турмуш шароитлари, даромадлари даражасига боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Қуйида бола пули, моддий ёрдам ва нафақалар кимларга берилиши мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз. Мухбиримизнинг бу каби саволларига Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими мутахассиси Илҳом ҲУСАИНОВ жавоб берди.
МУХБИР: Бола пули ва моддий ёрдам деганда нималар назарда тутилади ва унинг миқдори қанча?
Илҳом ҲУСАИНОВ: Бола пули, нафақа ва моддий ёрдам – оиладаги фарзандларни ижтимоий ҳимоялаш воситасидир. Президентимиз томонидан қабул қилинган 2021 йил 11 августда қабул қилинган фармонга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг ойлик миқдорлари қуйидагича белгиланди:
- 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун- 250.000 сўм; .- ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун- 325.000 сўм;
- оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 150.000 сўм;
- оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун -100.000 сўмдан;
- кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380.000 сўм.
М: 2021 йил 11 августда қабул қилинган фармонга асосан Бола пули ва моддий ёрдамнинг миқдори ўша йилнинг биринчи сентябридан қанча бўлди?
И.Ҳ.: - Ҳозирги кун ҳолатига 2 та бола учун тўланаётган бола пули нон пули билан қўшиб - 288.700 сўм, биринчи сентябрдан эса 400.000 сўм. Агар кичик фарзанд 3 ёшга етмаган бўлса – 475.000 сўм;
- Ҳозирги кун ҳолатига 3 та бола учун тўланаётган бола пули нон пули билан қўшиб – 384.400 сўм, биринчи сентябрдан эса – 500.000 сўм. Агар кичик фарзанд 3 ёшга етмаган бўлса – 575.000 сўм;
- Ҳозирги кун ҳолатига 4 та бола учун тўланаётган бола пули нон пули билан
қўшиб – 384.400 сўм, биринчи сентябрдан эса - 600.000 сўм. Агар кичик фарзанд 3 ёшга етмаган бўлса – 675.000 сўм;
- Ҳозирги кун ҳолатига 5 ва ундан ортиқ бола учун тўланаётган бола пули нон пули билан қўшиб - 384 400 сўм, биринчи сентябрдан эса 5 ва ундан ортиқ болаларнинг хар бирига - 100 000 сўмдан қўшиб берилади.
Шу ўринда яна бир ҳолатга эътибор қаратишимиз керак, ушбу ўзгариш амалда шундай нафақа олаётган шахслар учун кейинги муддат келгунича амал қилмай туради.
Фармонда 2021 йил 1 сентябргача тайинланган мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади дейилган. Яъни, сиз хозир қанча миқдорда бола пули ёки моддий ёрдам олаётган бўлсангиз шу тайинланган муддат тугагунига қадар хозир олаётган суммангизни олиб турасиз. Сизга тайинланган нафақа муддати тугаганидан кейин яна сизга янги муддатга нафақа тайинланадиган бўлса ана ўшанда ўзгарган нархда олишингиз мумкин.
М: Бола пули тайинлашда расмий даромадни ҳисобга олиш тартиблари қонун бўйича қандай белгиланган? Яқинда бир фуқаро “Мен бола пули олиш учун ариза берган эдим телефонимга “Сизнинг фалон сонли мурожаатингиз оилада расмий даромадга эга бўлмаган шахс борлиги учун рад қилинди” деган СМС келди. Бу нима дегани?” деб савол билан мурожаат қилди. Бу саволнинг ечими қандай?
И.Ҳ.: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги 122-сон қарори билан тасдиқланган Низомда оилага бола пули берилишига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар келтириб ўтилган. Айнан мана шу расмий даромадга эга бўлмаган шахс бўлганлиги учун аризанинг рад қилиниши ҳам ўша ерда кўрсатилган.
Бу нима дегани? Яъни, оилада меҳнатга лаёқатли шахс (3 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсдан ташқари ) бирор-бир расмий жойда, айтайлик, давлат ишида ишламаётган ёки қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда тадбиркорлик қилмаётган, бир сўз билан айтганда хар-қандай жойда давлат бюджетига солиқ тўлаган ҳолда қонуний ишламаётган бўлса бола пули учун берган ариза рад қилинади.
Давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда мавсумий ишларда ёки новвойчилик, деҳқончилик, устачилик, дурадгорчилик билан шуғулланиш ва бошқа шу каби ишларнинг ҳаммаси расмий иш ҳисобланмайди.
М: Кимлар бола пули оломайди?
И.Ҳ.: - Ҳукуматнинг 2021 йил 5 мартдаги 122-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра қуйидагилар бола пули ололмайди:
- ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад 393.000 сўмдан ошиқ бўлган оилалар;
- ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотураржой бинолари мавжуд бўлганда;
- ариза берувчининг ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланилаётган, ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда ёки жами икки ва ундан ортиқ техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжуд бўлганда;
- ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг банклардаги ҳисоб варақларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари бўлганда;
- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) томонидан аризалар тақдим этилганда;
- оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;
- оиланинг охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этганда;
- даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда.
Мавзуга оид бошқа саволлар бўлса Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимининг (66) 442-67-89 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, мутахассислардан аниқ жавоб олиш мумкин.
Суҳбатдош: Пўлат ҒАФФОРОВ.