Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Васийлик Кенгашининг қароригакўра турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган бир гуруҳ фаол юртдошларимиз "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирландилар. Шулар орасида Булунғуртумани "АвлиёПарпи" маҳалласида истиқомат қилувчитабаррук онахон Турсуной Ўсарованинг ҳам борлиги унинг яқинларига, маҳалладошларига, фарзандларига олам-олам қувончбахш этди. Ҳа, онахон кўп йиллик самарали меҳнатлари, сермазмун ҳаёт йўли, қолаверса, фарзандларини она- Ватанга, жамият олдидаги масъулиятни ҳис этиш, истиқлол ғояларигасадоқат руҳида тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун 1-даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонига сазовар бўлди.
"Хушхабарнинг қаноти бор", деганларидек бу қувончли хабар бир зумда қанот ёзди. Узоқ-яқинда, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётганфарзандлари қутлагани она бағрига шошилишди. Қўл телефонидагитабрикларнинг эса кети узилмайди. Шу тариқа хонадон бир зумда байрам тусини олди. Тўғрисини айтганда, бундай шодиёналар, қувончли дамлар ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Салкам 50 йил эл-юрт фаровонлиги йўлида қилинган ҳалол ва фидокорона меҳнат, оиладаги ўзига хос рўзғор тутими, фарзандлар тарбиясидаги, оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар учун Турсуной опа мана шундай юксак эътирофга эришди, десак асло муболаға бўлмайди.
... Бахмал туманининг "Узунбулоқ" қишлоғида туғилиб, вояга етган Турсуной опа мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ўзининг тенгқурларига бўлган хушмуомилалиги, намунавий хулқи, аъло баҳоларга ўқиши билан синфдошларидан ажралиб турарди. 1966 йили ўрта мактабнинг 8-синфини тугатган Турсуной хўжаликнинг сут-товар фермасига сут соғувчи бўлиб ишга киради. Ўзига биркитилган ҳар бир сигирнинг феъл-атворини ўрганишга, уларнинг меҳрини қозонишга астойдил ҳаракат қилди. Тажрибали соғувчиларнинг маслаҳатларига, ўгитларига қатъий амал қилишни кундалик иш фаолиятининг асосий мезони, деб билди. Интилганга толе ёр,деганларидек табиатан меҳнатсевар, тиришқоқ бўлган буэпчил қиз тезда жамоанинг, ферма раҳбарларининг назарига тушди. Жамоатишларида ҳам фаол иштирок эта бошлади. Кўп ўтмай сурати фермадаги илғор ишчилар қаторидан жой олади. Шу тариқа ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтди. Ўн саккизёшга тўлган Турсунойга хўжалик раҳбарияти, ферма жамоасикатта ишонч билдиришди. Номзоди туман Кенгаши депутатлигига кўрсатилди. Сайловда ғолиб чиқиб, хўжалик раҳбарларининг, ҳамқишлоқларининг юксакишончини оқлади. Ўз касбига бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Сайловчиларининг муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга, улар билан тез-тез учрашувлар ўтказишга астойдил бел боғлади.
Бора-бора тўй маракаларда, давраларда эл-юрт оғзига тушган депутат қизнингноми тез-тез тилга олинадиган бўлди. Совчилар ҳам бўш келишмади. Бирин-кетин хонадон эшигини тақиллатишиб уни келин қилиш пайига тушишди. Ойиси аввалига совчиларнинг бу каби шахдам ҳаракатларига, куйди-пишдиларига кўп эътибор бермади. Ҳа, энди қиз боланинг бўйи етганидан сўнг совчилар келади-да, ҳали ёш бўлса, деб ўзини юпатарди. Бундай ўйлаб қараса, масала кундан-кунга жиддий тус оляпти. Совчиларни қайтаравериш ҳам яхшиликка олиб келмайди, турли хил гап сўзлар кўпаяди. Мана шундай ўй-хаёллар гирдобида қолган ойиси бу борада турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашди. "Тенги чиқса текин бер, деган гаплар бор онаси, қизинг билан ўзинг яхшилаб гаплашиб кўр. Балки ўзининг...", деди отаси. Кўп ўтмай онаси қизининг кўнглини билмоқчи бўлди:
- Қизим, кўриб турибсан, остонамиздан совчиларнинг қадами аримай қолди. Ҳаммаси ҳам бир биридан яхши оилалар. Нима дейсан, ёки кўнгил қўйган йигитинг борми қизим. Очиғини айтавер, - деди ойиси қизига диққат билан разм соларкан. Турсуной ерга қараб ўйланиб қолди. Ҳа, деганда ундан садо чиқавермади. Охири:
- Нима дейишга ҳам ҳайронман ойи. Фермамизни электрлаштираётган монтёрлар борку, уйимизга ҳам электр токи ўтказиб беришганди. Шуларнинг ёшроғи, сиз ҳам яхши танийсиз ойи, Аввалбой деган йигит мени ёқтириб қолибди. Ҳоли-жонимга қўймайди. Нима дейишга ҳам хайронман, - деди Турсуной қимтинибгина.
- Ҳа эсладим, қадди-қомати келишган, шўх, ҳазилкаш йигитни айтаяпсанми қизим, - деди ойиси.
- Ўша, яқинда ўқишни тугатган экан, қўшни тумандаги бизга яқин хўжаликдан, менга ҳам маъқулдай, ойи, - деди Турсуной сирини яшира олмай.
Тез орада яқин қариндошлар ўзаро маслаҳатлашиб уни Булунғур туманидаги "Авлиё Парпи" маҳалласи, Муллатўби қишлоғида истиқомат қилувчи Аввалбой исмли монтёр йигитга унаштиришни лозим топишди. Куёв бўлмиш Аввалбой Ўсаров Украинада 3,5йиллик ҳарбий хизматини ўтаганидан сўнг, Каттақўрғон шаҳридаги Алоқа техникумида таҳсил олади. Ўқишни тугатгач, меҳнат фаолиятини "Килдон" хўжалигида оддий монтёрликдан бошлайди. Уйи чиройликнинг тўйи чиройлик, деганларидек, 1970-йилларнинг ўрталарида икки ёшнинг тўйи бўлиб ўтади. Тўйдан сўнг Турсуной Ўсарова меҳнат фаолиятини "Бирлик" хўжалигида турли хил қишлоқ хўжалик ишларини бажаришдан бошлайди. Таъкидлаб ўтиш жоизки,у пайтлари дала ишчилари меҳнатига бўлган талаб қатъий эди. Ишчилар ҳам ўз навбатида ўрнатилган тартиб-интизомга бўйсинишарди. Ток қатор ораларига ишлов беришми, хомток қилишми, токни очиб- кўмишми, пилла боқишми, ободонлаштириш ишларими... асти қўяверасиз, ёш келинчак орият учун бўлса ҳам бу юмушларнинг барчасини сифатли, ўз муддатида адо этиб, кунлик белгиланганвазифаларни ошиғи билан бажарарди. Моҳир чевар сифатида кечқурунлари уй-рўзғор ишларидан сўнг эса турмушга чиқаётган қизларнинг зардеволларини, кашталарини тикарди, жулбароқларини тўқирди.
-Хеч қачон меҳнатдан бўйин товламаганман, - дейди биз билан суҳбатда Турсуной опа. Худди кечагидек ёдимда, мен тенги келинчаклар эмизикли бола- ларимизни ҳам далага ишга олиб борардик. Навбати билан бир киши кунига болаларга қарарди. Қолганларимиз ишлардик. Худди эртаклардагидек, ҳаётимиз қизиқарли, сермазмун ўтарди. Ойлар кетидан йиллар, вақт тез ўтганини сезмай қолардик... Турмуш ўртоғим қишлоқларимизни илк борэлектр энергияси билан таъминлаш ишларида фаол иштирок этди. 1975 йили "Узтелеком"нинг Булунғур туман филиалига ишга кириб, "Килдон" хўжалигида участка монтёри вазифасида 2003 йилга қадар ишлаб, сўнгра нафақага чиқди.Ота-оналаримиз, ўзимиз ҳам ўқимаганлигимиз туфайли 5 нафар фарзандларимизнинг олийгоҳларга кириб ўқишларини, давлат хизматларида ишлашларини жуда-жуда хоҳлардик. Шу боис бўлса керак, уларнинг яхши ўқишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб берардик. Кунлик ўқишларини доимо назорат қилардик. Турмуш ўртоғим 2012 йили хасталиги туфайли вафотэтди. 2015 йили Булунғурлик 21 нафар киши ҳаж зиёратига бориб, мусулмончилик амалларини адо этиб, "ҳожи ота, ҳожи она"лар бўлиб қайтдик. Айни пайтда 17 та невара, 4 та чеваранинг суюкли бувиси бўлиб бахтли ҳаёт кечиряпмиз. Аллоҳ таолога минг қатла шукур қиламан.
"Яхши ният ярим мол", деганларидек бирин-кетин ота-оналарининг орзулари ушала бошлади. Оиланинг тўнғич фарзанди Олимжон ёшлигидан журналист бўлишни орзу қиларди. Шеърлар ёзарди. ЎзМУнинг журналистика факультетида таҳсил олиб, масъул вазифаларда фаолият кўрсатди. Ҳозирги кунда Жаҳон тиллари университети журналистика факультети талабаларига дарс беради. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси. Укаси Одилжон Тошкент юридик институтида таҳсил олиб, Қарши, Жиззах, Самарқанд ҳарбий округлари прокуратураси терговчиси, прокурорнинг 1- ўринбосари, прокурор вазифаларида хизмат қилиб келмоқда. Кенжа укалари Акбаржон 2005 йили Тошкент Давлат педагогика университетининг тарих факультетига ўқишга кириб, олийгоҳни тугатгач Булунғур тумани ҳокимлигида бош мутахассис, туман Ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси, "Авлиё Парпи" МФЙ раиси вазифаларида ишлади. Айни пайтда 67-мактабда ўқувчи ёшларга тарих фанидан сабоқ бериб келяпти. Турсуной опанинг қизлари ҳам ўқишга меҳр қўйди. Катта қизи Шоира мактабгача тарбия билим юртини тугатиб, ҳозирда "Килдон" МФЙ худудидаги боғчада тарбиячи бўлиб ишлаяпти. 4 нафар фарзандлари бор. Кичик қизи Шоҳида Тошкентда Охунбобоев номидаги тиббиёт коллежини тугатиб, ҳозирда Жиззах шаҳрида хамшира бўлиб фаолият кўрсатмоқда. 4 нафар фарзандлари бор.
Турсуной опа нафақада бўлишига қарамасдан, маҳалла фаоли сифатида ҳам каттаю-кичик маъракаларда, миллий байрамларда, тадбирларда фаол иштирок этиб, жойларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, тўйларни ихчам тарзда ўтказиш, қизларни турмушга тайёрлаш борасида ибратли фаолият олиб бормоқда. Қаҳрамонимиз Турсуной Ўсарованинг сермазмун ҳаёт йўли бошқаларга ҳам ибрат мактаби бўлиши шубҳасиз, албатта.
Холбой ҚОСИМОВ,
журналист.