Ғўбдин тоғлари этагидаги Каттақишлоқда, оддий колхозчи оиласида туғилиб вояга етган, ҳозирда 87 ёшли Ўробой бобо Рўзиевнинг суяги меҳнатда қотган. У ёшлигидан катталар билан ёнма-ён туриб чорва моллари боқди, дала ишларида ишлади, пахта экди, суғорди, ғўзани бегона ўтлардан тозалаб, парваришлади.
1955 йилда 3-ўрта мактабини муваффақиятли битирган ёш Ўролбой ҳарбий хизматга чақирилди. У пайтлар ҳарбий хизмат 3 йиллик бўлган. Улуғ Ватан урушидан кейинги қайта қурулиш, вайроналарни тиклаш, уруш асоратларини бартараф этиш ишлари бутун мамлакат бўйлаб қизғин борарди. Шу сабаб ёш Ўролбой Рўзиев ҳарбий хизматни қурулиш батальонида ўтади. 1,5 йил Томск шаҳрини, 1,5 йил Чита шаҳрини қайта қуриш, вайроналарни тиклаш ишларида иштирок этди.
1958 йилда йигитлик бурчи, ҳарбий хизматни ўтаб келган Ўролбой дастлабки ишни туманимиздаги “Правда Востока” совхозида оддий ишчиликдан бошлади. 10 йил давомида чорвачилик фермасидаги қорамолларни, қўйларни боқиб, совхоз чорвачилиги ривожига муносиб ҳисса қўшди. Совхоз маъмурияти ёш, серғайрат ишчи Ўролбойни 71 гектар майдондаги пахтачиликка звено бошлиғи қилиб тайинлади.
-Ўша йили экилган пахта ниҳолларини дўл уриб кетди, - дея хотирлайди Ўролбой бобо. - Пахтани қайта экиб, уни агротехника асосларида парваришладик. Қатқалоқни бартараф этдик. Шу сабабли амалдаги пахта режасини 1,5 баравар ортиғи билан уддаладик. Илғор пахтакор сифатида мени Самарқанд вилояти партия қўмитаси биринчи котиби Бектош Раҳимов “Жигули” енгил автомашинаси билан мукофотлади. 1975 йилда 40 гектар майдонда маккажўхори етиштириб, ҳар гектаридан 113 центнердан ҳосил кўтардик. Ўша йили “Москвич-412” енгил машинаси билан тақдирландим.
Самарали меҳнати эвазига Ўролбой бобонинг бошига бахт қуши қўнди. 1989 йилда 13,5 гектар майдондаги узумзорга бошчилик қилди. Кўмилмай очиқ қолган токларни совуқ уриб кетди. Тажрибали мутахассислар, агрономлар маслаҳати билан Ўролбой бобо токларни дастлаб чилла сувига қондириб суғорди. Қатор ораларига агротехника асосида ишлов берилди. Ўша йили совхоз 1000 гектарлик узумзордан атига 187 тонна узум ҳосилини йиғиб олди. Бу ҳосилнинг асосий қисмини, яъни 13,5 гектар майдондаги узумзордан 127 тоннани меҳнаткаш Ўролбой Рўзиев звеноси етиштирди. Илғор ишчи сифатида Ўролбой Рўзиев 2 марта “Меҳнат ғолиби”, “11-беш йиллик ғолиби”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
1991 йил 1 сентябрь - Мустақиллик куни муносабати билан “Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фаол иштирок этганлиги ҳамда Мустақиллик кунининг бир йиллиги муносабати билан “Мустақиллик” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланди. “Мустақиллик” кўкрак нишонини биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг шахсан ўзи Ўролбой Рўзиевнинг кўкрагига тақиб қўйди ва кейинги ишларига омад тилади. Илғор ишчи сифатида Ўролбой бобо вилоят ва Республикамизнинг кўплаб фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо эсдалик совғалари, пул мукофотлари билан тақдирланди. Оддий ишчи учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Ўролбой бобо 1993 йилда пенсияга чиққан бўлсада уйда қўл қовуштириб ўтирмади. У кўп йиллар давомида сувчи сифатида бепоён далаларимиздаги экинларга оби- ҳаёт етказиб беришда ҳам кўчиликка ўрнак намуналарини кўрсатди.
Ўролбой бобо турмуш ўртоғи Ойсанам момо билан 65 йилдан буён бир ёстиққа бош қўйиб келмоқда. Улар аҳил оила сифатида ўтган давр мобайнида 4 нафар қиз ва 2 нафар ўғилни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишди. Оқил фарзандларининг ҳаммаси уйли , жойли. Улар мустақил юртимизнинг фарвонлиги йўлида турли соҳаларда оталари Ўролбой бободек ғайрат билан фидокорна меҳнат қилишмоқда.
Айни пайтда Ўролбой бобо билан Ойсанам момолар атрофида 100 нафардан ортиқ невара, чевара, эваралар парвона.
-Буларнинг ҳаммасининг ҳам исмини аниқ айтолмайман, - дейди кулиб 87 ёшли Ўролбой бобо.
-Ўролбой бобонинг оиласига ҳаммамиз ҳавас қиламиз,- дейди Очилбой бобо Қўшмуродов.- Қишлоғимизнинг намунали оила бошлиғи, энг ёши улуғ инсонлардан бири. Шундай бўлишига қарамасдан бобомиз кўпчиликнинг эътиборидан четда қолмоқда. Маҳалла ва “Нуроний”лар марказида бобони ҳеч ким танимайди. Ҳатто кекса нуронийлар рўйхатида ҳам бобонинг исми-шарифлари қайд этилмаган. Баъзан эшитиб қоламан, туманимиз нуронийлари Самарқанд, Бухоро шаҳарларига зиёратларга бориб келишибди, деб. Менимча, Президентимиз айтганларидай кексаларимизни эъзозлаб-авайлайлик улар биздан рози бўлишиб, фаровон турмуш кечирсинлар, деган гапларини ҳамма ҳам тушуниб етмаган кўринади. Шунингдек, Ўролбой бобонинг пенсиясида ҳам ноаниқликлар бор. Мутахассисларнинг шошқалоқлиги оқибатида фақат ойликлар ҳисобланган. Қанчадан-қанча олган пул мукофотлари ҳисобга киритилмаган. Шу сабабли пенсияси кам чиққан, дори-дармонга етмайди. Шу гапларга тегишли соҳа мутасаддилар нимаи дейишаркин-а?
Раббим ҲОТАМОВ.