ФАҚАТ ШУ ОРҚАЛИГИНА УНДАН ХАЛОС БЎЛИШ МУМКИН
Дунё мамлакатларидаги каби юртимизда, жумладан, туманимизда ҳам COVID-19 га қарши эмлаш жараёнлари жорий йилнинг 6 апрелидан бошлаб кенг кўламда амалга оширилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор боис туманимизда 21 та эмлаш пункти, 1 та ҳаракатдаги бригада ташкил этилди. Улар 2 турдаги вакцина, Хиндистон давлатида ишлаб чиқарилган Astra Zeneca ва Хитой-Ўзбекистон хамкорликда ишлаб чиқарилган ZFUZ VAC-2001 вакциналари ҳамда эмлаш учун зарур барча дори- дармон ва эмлаш воситаларибилан таъминланди. Булунғур туман Тиббиёт бирлашмаси ва туман Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ҳамкорлигида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар боис жорий йилнинг 23 июнь ҳолатига Булунғур тумани бўйича:
1-босқич билан 8765нафар фуқаро;
2-босқич билан 5979 нафар фуқаро;
3-босқич билан 1282 нафар фуқаролар эмланди.
Жами 16026 доза вакцинадан фойдаланилди, эмлашдан кейин бирорта ножўя таьсир аниқланмади. Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси тақсимотига асосан апрель, май, июнь ойлари оралиғида жами 1400 доза Аstra Zeneca, 20157 доза ZF-UZ-VAC 2001 вакциналари олиб келиниб, сақлаш, етказиш, эмлаш жараёнлари санитария талаб-қоидаларига риоя этган ҳолда жойларга етказилмоқда. Эмлаш қамровининг сифати, самарадорлиги бўйича шаҳар ва туманлар кесимида Булунғур тумани олдинги ўринлардабормоқда. Шу кунгача ҳудудда режага нисбатан тиббиёт ходимларини 83,57 фоиз, сурункали касалликлари бор аҳоли 19,2 фоиз, мактаб ўқитувчилари 70,99 фоиз эмланди. Бу борада туман КТМП, 1-сон ОП, 2-сон ОП, Ипак йўли ОШП, Мингчинор ПП ларида амалга оширилаётган эмлаш кўрсатгичлари эътиборга сазовордир.
Аммо, туманимиз аҳолиси ўртасида айрим фуқаролар эмланишнинг моҳиятини тўлиқ тушунмасдан, аҳоли ўртасида нотўғри тарғиб қилиши оқибатида ахолининг эмланиш кўрсаткичларига салбий таьсир кўрсатмоқда. 2021 йил 31 май кунидан бошлаб чет элга ўқишга борадиган талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар, ёзувчилар, телерадиокомпанияда хизмат қилаётган ходимларни эмлаш ишлари бошлаб юборилди. 2021 йил 21 июнь кунидан 50 ёшдан юқори барча аҳолига эмлаш учун рухсат берилди. Ҳозирги кунда қуйидаги аҳоли қатламлари ўзларига яқин жойлашган эмлаш пунктларидан бепул эмланишлари мумкин:
- 50 ёшдан юқори бўлган барча аҳоли;
-18 ёшдан 50 ёшгача бўлган сурункали касаллиги бўлган фуқаролар;
- тиббиёт ходимлари;
- мактаб ходимлари;
- МТТ ходимлари;
- Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари;
- чет элга ўқишга борувчи талабалар;
- оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар, ёзувчилар, блогерлар, телерадиокомпанияда хизмат қилаётган ходимлар.
Ўтган йили дунё аҳолиси, шу жумладан халқимиз ҳам ўта оғир ва синовли кунларни бошидан кечирди. Коронавирус инфекциясидан азият чекмаган, унинг оғир асоратларидан қийин ҳолга тушмаган оилалар қолмади. Жорий йил март-апрель ойларидан бошлаб бутун дунёда, қўшни давлатларда, жумладан юртимизда ҳам эпидемиологик вазият жиддийлашмоқда. Шундай экан, ўтмишга айланган ўтган йилдаги оғир кунларни асло унутиб қўймайлик. Энг аввало, ҳали бекор қилинмаган карантин қоидаларига тўлиқ амал қилайлик. Ниқобда юриш, оралиқ масофанисақлаш, қўлларимизни антисептик воситалар билан зарарсизлантириш доимий амалимизга айлансин. Ҳукуматимиз томонидан жуда катта маблағ сарфлаб олиб келинган, бепул етказиб берилаётган вакциналардан ўз вақтида фойдаланиш борасида янада фаоллик кўрсатайлик.
Унутманг! Коронавирус деган балодан тезроқ қутулиш, дориломон кунларга етишишнинг ягона йўли тезроқ вакциналарни қабул қилиш, унинг самарадорлигига эришишдир.
Фаррух ЭРГАШЕВ,
туман СЭО ва ЖС бўлими иммунолог-шифокори.