Шу кунларда Бахмал тоғлари ортидан таралаётган сахий қуёшнинг олтин нурларида тебранаётган бўлиқ олтин бошоқлар майин шабодада тебраниб, пишиб етилганидан дарак бермоқда. Шу сабабли, туманимиздаги барча ғаллакор фермер хўжаликлари далаларида пишиб етилган ғаллани ўриб, йиғиб-териб олиш ишлари қизғин бошланиб кетди.
Жумладан, Килдон агрофирмасига қарашли 22 та фермер хўжалиги деҳқонлари жами 163 гектар очиқ суғориладиган майдонда ғалла етиштиришди. Айни кунларда “Худойбахт Сатторов”, “Азамат- Т”, “Раҳимов Эркин Нур даласи” фермер хўжаликлари ғаллазорларида ғалла ўримига қизғин киришилди.

- Жорий йилда давлат қабул пунктларига режадаги 41 тонна ўрнига 45 тонна сара дон етиштириб беришга бел боғлаганмиз, - дейди “Раҳимов Эркин Нур даласи” фермер хўжалиги раиси Ёрқин Раҳимов. - Бу ишда ғалла ўрими давомида комбайнни моҳирлик билан бошқараётган Шавкатжон Исмоиловнинг хизмати катта бўлмоқда.
Дала бошида ғалла ўрими иштирокчилари учун барча қулай шароитлар яратилган. Ишчилар ва мутасадди мутахассислар, ҳайдовчилар, механизаторлар ариқ бўйидаги серсоя тол тагида ўрнатилган каравотда дам олишади. Шу ернинг ўзида улар учун иссиқ овқат ҳам ташкил қилинган.
Раббим ҲОТАМОВ.