- Агрофирмамизга қарашли 37 та фермер хўжалиги ғаллакорлари 260 гектар майдонда сара дон етиштиришди, - дейди Килдон агрофирмаси раиси Фурқат Эралиев.
- Айни кунларда барча хўжаликларимизда ғаллани йиғиштириб олиш ишлари қизғин бормоқда. Ғаллакорлар учун ҳамма қулай шароитлар яратилган. Махсус кўчма тележка-дала шийпонида газ-ўчоқ, қозон-товоқ, ювиниш учун душ, ётоқ ва дам олиш жойи ташкиллаштирилган. Шунингдек, ёқилғи-мойлаш материаллари таъминоти, комбайнларга техник хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган.
- Биз Пахтачи туманидан булунғурлик ғаллакорларга яқиндан ёрдам бериш мақсадида ҳашарга келганмиз, - дейди 22-отряддаги 217-рақамли “Класс” комбайни оператори Шароф Муродов. - Ёрдамчим Ёқуб Отақулов билан шу кунгача 230 гектар майдондаги ғаллани сифатли қилиб ўрдик. Бизга ишлаш учун зарур шароит яратилганлиги туфайли комбайнимиз бир кун ҳам тўхтагани йўқ.
Агрофирмага қарашли “Эргашев Адҳамжон узумзори”, “Юсупов Диёрбек даласи”, “Акбар Эргашев даласи” каби фермер хўжаликлари ғаллакорлари зиммаларидаги режаларни ортиғи билан уддаладилар. Ҳозиргача режадаги 900 тонналикхирмонни кўзлаган ғаллакорлар уйган хирмон режагидан ошиб кетди. Ўрилган ғаллани қабул пунктларига етказиб беришда 2 та “ГАЗ-53” юк машиналари ҳайдовчилари Баҳриддин ва Аслиддин Зиёевларнинг ҳам хизмати катта бўлмоқда.
Шунингдек, ёнғиннинг олдини олиш, талон-тарожликка йўл қўймаслик учун туман ИИБ ходимларидан Улуғбек Таниев, Илҳом Даминовларнинг ҳам хизмати таҳсинга лойиқ.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: 217-“Класс” русумли комбайн оператори Шароф Муродов (чапдан) “Эргашев Адҳамжон узумзори” фермер хўжалиги раиси Алижон Бобоқулов ва Килдон агрофирмаси раиси Фурқат Эралиевлар.