Халқимизда “қаловини топса қор ёнади”, “жўжани кузда санаймиз” каби ажойиб мақоллар бор. Ғалвирни сувдан кўтарадиган олтин кузнинг шу кунларида туманимиз миришкор деҳқонлари, фермер хўжаликлари, томорқа эгалари ҳам жорий йилда сув танқислигига қарамасдан етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан мўл ҳосил олиб, пешқадамлар сафида боришмоқда. Улуғбек агрофирмаси ҳудудидаги “Небўса Туронбой даласи” фермер хўжалиги деҳқонлари сув танқислигига қарамасдан 10 гектар ғаллазордан гектарига 65-70 центнердан дон етиштириб, давлатга шартнома асосида 45 тонна сара дон маҳсулотлари етказиб бериб, бу борадаги режани 140 фоизга бажаришди. Шунингдек, 9 гектар майдондаги сазавот ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан жами 328 тонна етиштириб, қайта ишлаш корхоналарига етказиб берди.
- Бунинг ҳаммаси самарали меҳнатимиз, тадбиркорлигимиз эвазига бўлди, - дейди “Небўса Туронбой даласи” фермер хўжалиги раиси Абдумўмин Бердиназаров.
“Ғўбдин” агрофирмасига қарашли “Олмазор Темирбой даласи” фермер хўжалигида бунинг акси. Хўжалик раҳбарининг лоқайдлиги ва ишга бепарволиги оқибатида ишлар ўлда-жўлда қолиб кетиб, шартномавий режалар ҳам бажарилмай қолди. Хўжалик ҳисобида 11 гектар очиқ экин майдони бўлиб, шундан 6 гектар майдонда ғалла етиштирилган. Давлатга шартнома асосида 16 тонна ўрнига атиги 12 тонна ғалла етказиб беришди. Ёки ҳар гектаридан 20 центнердан ҳосил кўтаришди. 3,5 гектар майдонда экилган мойли экинлардан режадаги 7 тонна ўрнига атига 2,3 тонна мойли экинлар етиштирилди холос. Бунинг сабаби, албатта, экинларга бепарволик ва лоқайдликдан бошқа нарса эмас.
- Бу экинлар талаб даражасида парваришланмаганлигининг натижаси эканлиги аниқ. Нега шундай бўлди? - деган саволга фермер хўжалиги раиси Темирбой Бегимқулов ерга қараб, елкасини қисиб қолаверди.
Раббим ЭРГАШЕВ.