Шу кунларда туманимизда миришкор деҳқонлар қалб қўри билан етиштирилган ғалла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин бошланиб кетди.

- Ғалла ўримини биринчилардан бўлиб бошладик, - дейди “Мингчинор” агрофирмасига қарашли “Мингчинор Арслонбек даласи” фермери хўжалиги раиси Ойтилло Шодмонова. - Ота-боболаримиз удумига кўра маҳалла фаоли, 70 ёшли оқсоқол бобомиз Жаҳонгир Мардонов “Хирмонга барака” деб, яхши ният билан ғалла ўримини ўроқ билан бошлаб берди.
Шундан сўнг ғаллазорга Муҳиддин Барноев бошқараётган комбайн кириб келди.- Ёз ойининг бугунги жазирама иссиқ кунларида чайқалиб турган “олтин бошоқ”лар мўл ҳосилдан дарак бериб турибди, - дейди “Мингчинор агрофирмаси” раиси Бахтиёр Эрназаров. - Шу сабабли режадаги гектаридан 32 центнер ўрнига 35 центнердан ҳосил олишни кўзлаб турибмиз.

“Мингчинор агрофирма”сига қарашли 79 та фермер хўжаликларида ғалла ўримига қизғин киришилди.
- Ғалла ўрими иштирокчилари учун ҳамма шароитлар яратилган, - дейди 5-отряд бошлиғи Азамат Абдуаҳадов. - Улар учун иссиқ овқат даланинг ўзида ташкил этилди. Шунингдек, “Деҳқон бозори” ва ”Буюм бозори” ходимларидан Саҳобиддин Мусаев, Фарҳод Соатов, Баҳриддин Ризаевлар ғалла ўрими иштирокчиларига амалий ёрдам беришмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.