Интилганга толе ёр, деган пурхикмат нақл бежиз айтилмаган. Жўрабой ёшлигидан илм олишга астойдил меҳр қўйди. Ёшлигида тенқурлари билан далаю-даштда мол боқадими, хўжалик ишларига борадими, уй юмушлари билан банд бўладими... қўлидан китоб тушмасди. Ўрта мактаб учун мўлжалланган дарсликларни тўлиқ ўзлаштириб олган кам гап, камтар, билимга чанқоқ бу йигит ҳатто акаси Пардабойнинг олийгоҳларда ўтиладиган айрим дарсликларини ҳам топиб олиб ўқишни жуда хуш кўрарди. Битириш имтиҳонлари ниҳоясига етиб борган сайин унинг ҳаяжони ортар, “қаерга ўқишга кирсам экан”, деган ўй-хаёллар унга асло тинчлик бермасди. Энг муҳими ўқитувчи бўлишни аллақачоноқ кўнглининг бир четига тугиб қўйганди. Ишқилиб ўқишга кирса бўлгани...
Кўп ўтмай Оқтепа қишлоғидаги 15-ўрта мактабни тугатганЖўрабой учун ҳам ҳаяжонли дамлар бошланди. Ўқишга ҳужжат топширишга чоғланган қишлоқлик содда йигит тонг саҳардан туриб онаси Зулайҳо аянинг “ўғлим ўқишга борса кияди”, деб тахлаб қўйган янги кийимларини кийди. Ота-онаси унга оқ йўл тилаб, дуо қилишди. У папкасини қўлтиқлаб маҳалла марказига олиб борувчи тош йўлга энди чиққан ҳам эдики, рўбарўсидан отда келаётган қишлоқ бригадири Абдуғани акага дуч келди. Салом- аликдан сўнг бригадир:
-Ҳа, Жўрабой шаштинг жуда баландку, “папкаларни” кўтариб олиб қаёққа отландинг ука, - деди Абдуғани ака кесатиб, отининг жиловини қаттиқ тортиб қўяркан.
-Ўқишга ҳужжат топширишга Самарқандга кетяпман, - деди Жўрабой ғурур билан.
- Ўқишга дегин, эҳҳе, сенга ўқишни ким қўйибди ука, киролмайсан барибир. Қайтиб келиб колхознинг катта аравасини ҳайдайсан. “Зайнит” қилиб қўяман, кўнглинг тўқ бўлсин, - деди баттар унинг жиғига тегиб Абдуғани бригадир.
- Мана кўрасиз, мен албатта ўқишга кираман бригадир бобо, - деди Жўрабой ҳам бўш келмай. Бироқ, кўнгли қаттиқ ранжиганини сездирмади.
- Хўп, жўжани кузда санаймиз, ука, - деди бригадир отига қамчи уриб, йўлида давом этаркан...
СамДПИнинг ҳовлиси абитуриентлар билан гавжум. Қандайдир катта бир сана муносабати билан ўша йили бу ерда бошқа олийгоҳларга ҳам ҳужжатлар қабул қилинаётган экан. Жўрабой факультетларни айланар экан, “Фалсафа йўналиши бўйича...”, деб катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган жойда тўхтади. Абитуриентларнинг хатти-ҳаракатларини сингчиклаб кузатиб турган бир домладан:
- Кечирасиз домла, “Фалсафа”га топширсам ким бўлиб чиқаман, - деб сўради.
- Агар шу факультетда ўқисанг олийгоҳларга ўқитувчи бўласан, жуда бўлмаса техникумларда дарс берасан ука, - деди домла.
“Фалсафа” факультетига хужжатларини топширди. Кириш имтиҳонларига жуда қаттиқ тайёргарлик кўра бошлади. Ҳар-ҳар замонда Абдуғани бригадирнинг “Сенга ўқишни ким қўйибди ука”, деган илмоқли гаплари ёдига тушиб, аъзои-бадани титраб кетарди. “Ҳали шошмай тур, айтган гапларинга шундай пушаймон бўласанки”, деб кўнглиданўтказар ва аламидан янада кўпроқ ўқишга харакат қиларди...
Кириш имтиҳонлари бошланди. Жўрабой тушган билетларга ўтирмай жавоб беришга ҳаракат қилди. Мандатдан юқори баллар билан ўтди. Имтиҳон жараёнларида 41 та абитуриент энг юқори балл тўплаган экан. Улар орасида Жўрабой Яхшилиқов ҳам бор эди. Институт проректори Анвар Тиловович улар билан суҳбкат ўтказар экан, шундай деди:
-Ҳурматли талабалар, сизларни энг аввало кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаганликларинг билан табриклайман. Олган балларингиз сизларга Москва, Киев, қолаверса, Тошкент Давлат университетларида имтиёзли тарзда ўқишларингиз учун имкон беради. Танлов сизларнинг имкониятларингиздан, оилавий шарт-шароитларингиздан келиб чиқилган ҳолда ҳал этилади. Ўйлаб бир фикрга келишларингиз учун сизларга уч-тўрт кун вақт берамиз. Хўш, Яхшилиқов Жўрабой ким? - деди проректор дабдуристдан залга синчковлик билан назар солар экан.
- Мен, - деди Жўрабой жойидан ирғиб тураркан.
- Сен ЎзМУнинг хуқуқшунослик факультетида ўқишни хоҳлайсанми? -деди проректор унга юзланаркан.
Жўрабой кутилмаганда айтилган бу таклифдан ҳаяжонланиб кетиб, елкасини қисди.
-Тушунарли, - деди Анвар Тиловович ва сўзида давом этди:
-Сен ҳам уйдагиларинг билан маслаҳатлашиб келиб, менга жавобини айтасан, хўпми? Уч кундан сўнг сизлар билан мана шу залда учрашамиз. Ҳозирча хайр, - деди проректор залдаги абитуриентларга жавоб бераркан.
Жўрабой қувончи ичига сиғмай уйига қайтди. Шу тобда Абдуғани бригадирга дуч келиб қолишни, унга “Мана, ўқишга ўтдим-ку”, деб мақтанишни жуда-жуда хоҳларди. Афсуски... Ўқиши бўйича ота-онаси билан маслаҳатлашди.
- “Юр.фак”инг-ку тушунарли, “Фалсафа”да ўқисанг ким бўларкансан? - сўради онаси Ойзулҳа хола ўғлидан.
- “Фалсафа”да ўқисам домла бўларканман, - деди Жўрабой ғурурланиб.
- Аканг Пардабойнинг “юр.фак”даўқиётгани етади, ўғлим, “фалсафанг”да ўқий қол, - деди онаси. Шу тариқа ота-онаси унинг яхши ўқишини ният қилишиб, унга оқ фотиҳа беришди...
Жўрабой Яхшилиқов танловда Ўзбекистон Миллий университетининг фалсафа факультетида таҳсил олишни маъқул топди. Талабалик даври фалсафа илмининг мураккаб қирраларини ўрганиш, зиёли сифатида шаклланиш йиллари бўлди. 1975 йили олийгоҳни имтиёзли диплом билан тугатган домла мана 46 йилдирки, Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида талаба-ёшларга фалсафа фанидан сабоқ бериб, илм-фан йўлидаги илмий изланишларини қунт ва сабот билан давом эттириб келмокда.
Халқимиз азалдан истеъдод ва маҳоратини, кўз нури, қалб қўрини бахш этиб ёш авлодга илму-фан сирлари ва одамийлик сабоқларини ўргатиб келаётган зотларни ҳурматлаб, уларнинг шаънига “Устоз отангдан улуғ”, дейди. Асрлар чиғириғидан ўтган мазкур мақолда теран ҳикмат мужассам. Дарҳақиқат, устознинг айтган ҳар бир каломи, берган доно ўгитлари бизга ҳамроҳ бўлиб, ҳаёт йўлларимизни қуёш мисол нурафшон этиб туради.
Ёш олим меҳнат фаолиятини “Фалсафа” кафедрасида ўқитувчиликдан бошлади.Ишдан ажралмаган ҳолда кафедра қошидаги сиртқи аспирантурада таҳсил олиш мақсадида номзодлик диссертацияси учун тема танлади. 1982 йилда ЎзМУ қошидаги докторлик ва номзодлик диссертацияси ҳимояси бўйича Ихтисослашган илмий кенгашда ”Колхозчи-деҳқонларда илмий-материалистик дунёқарашнинг шаклланишида илмий-техник инқилобнинг роли” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади. 1987 йили катта илмий ходим лавозимига кўтарилади. Иш фаолиятини давом эттириш баробарида университет сиртқи докторантурасида илмий изланишларини давом эттираётган Жўрабой Яхшилиқов учун янадакатта имкониятлар эшиги очилади. Докторлик диссертацияси устида ҳам қунт ва сабот билан иш олиб боради. 1989 йили докторлик диссертациясини ёқлаш олдидан уни Москва Давлат университети “Фалсафа” факультети “Диалектик материализм” кафедрасига илмий сафарга жўнатишади. У МДУ академиги С.Т.Мелюхин раҳбарлигида “Ҳозирги даврда Ўзбекистоннинг социал иқтисодий ҳамда маънавий тараққиётининг объектив ва субъектив омиллари диалектикаси” мавзусидаги докторлик диссертацияси бўйича илмий-тадқиқот ишларини давом эттиради. Ўша йили Москва шаҳридаги “Высшая школа” нашриётида “Социал-иқтисодий ва маънавий тараққиётни жадаллаштириш диалектикаси” номли монографияси чоп этилади.
Жўрабой Яхшилиқов узоқ йиллар давомида ижтимоий-сиёсий фанлар факультети декани, кафедра мудири, ректорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари каби масъул вазифаларда самарали меҳнат қилади. 1990-1992 йилларда Ж.Яхшилиқов кафедра доценти ҳамда олий мактабга тайёрлаш факультети декани вазифасида фаолият кўрсатади. 1993-йили академик Иброҳим Мўминов номидаги ”Фалсафа ва ҳуқуқ” институти қошидаги докторлик ва номзодлик диссертацияси ҳимояси бўйича ихтисослашган илмий кенгашда докторлик диссертациясини ёқлайди. Фалсафа фани борасидаги кўп йиллик илмий изланишлари, қолаверса, илмий соҳаларда кадрлар тайёрлаш борасидаги улкан хизматлари учун унга 1999 йили Олий Аттестация Комиссияси (ОАК) томонидан профессорлик илмий унвони берилади.
- Мустақиллик фалсафа фани ривожига кенг йўл ва имкониятлар очиб берди, - дейди фалсафа фанлари доктори, профессор Жўрабой ака Яхшилиқов. - Бу фан турли даврларнинг ижтимоий-сиёсий қарашларини ўзида мужассамлаштириб, воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини англашни, уларга муносабат билдиришни тақоза этади. Айниқса, бугунги кунда фалсафани янада ривожлантириш, ёш авлодни теран дунёқараш, замонавий фан ютуқларига асосланган фалсафий билимлар билан қуроллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бир сўз билан айтганда, фалсафий тафаккур ҳар қандай давр ва жамиятда халқнинг ижтимоий онгини ўзгартиришга, тўғри йўлни танлашига хизмат қилади. Фалсафа - бу энг аввало мафкура, дегани. Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга”дир.
Иқтидорли олим Жўрабой Яхшилиқовнинг “Мирзо Улуғбекнинг табиий-илмий мероси”, “Темурийлр маънавияти”, “Мустақиллик ва техник зиёлилар ижодий фаоллиги муаммолари”, “Жадидчилик ва Маҳмудхўжа Беҳбудий” каби монографиялари ўзи таъкидлаб ўтганларидек, ана шундай буюк мақсадларга қаратилгандир. Ушбу илмий изланиш ва тадқиқотлари мутахассислар, таниқли олимлар, талаба-ёшлар, қолаверса, кенг жамоатчилик томонидан ўзининг муносиб баҳосини олди. Унинг бевосита ташаббуси билан фалсафа фани бўйича уч қисмдан иборат маъруза матнлари чоп этилди. “Диншунослик асослари”, “Фалсафа ва дунёқараш”, “Миллий қадриятлар ва маънавият асослари” каби қўлланмалари барча олийгоҳларда ўқитилиб келинмоқда. Унинг “Маънавият асослари” фани бўйича тайёрлаган ўқув Дастури 1999 йили Республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловда биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Бу кенг қамровли Дастур академик лицей ва техникумларда “Маънавият асослари” фан сифатида ўқитилмоқда.
Бундан ташқари, унинг фалсафа фанлари номзоди, доцент Нурмат Муҳаммадиев билан ҳаммуаллифликда тайёрлаган, 2015 йилда “Фан” нашриётида нашр этилган “Миллий ғоя ва мафкура” номли китоби, 2017 йилда “Фан” нашриётида чоп этилган “Миллий ғоя - тараққиёт стратегияси”, 2018 йили “Чўлпон” нашриётида нашр этилган “Миллий ғоя: Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси”, 2019 йилиСамарқандда нашр этилган “Техника ва информацион технологиялар фалсафаси” ва бошқа кўплаб илмий-оммабоп китоблари, монографиялари ҳам кенг жамоатчилик томонидан муносиб тарзда баҳоланиб келинмоқда.
Жўрабой Яхшилиқовнинг 350 га яқин мақолалари Республика оммавий ахборат воситаларида, илмий тўпламларда, халқаро конференция, симпозиум материаллари жамланмаларида, 20 дан ортиқ илмий мақолалари эса хорижий газета ва журналларда чоп этилган. Бевоста унинг ташаббуси билан 3 та халқаро,10 дан ортиқ Республика миқёсидаги конференциялар ташкил қилинган.
Профессор Ж. Яхшилиқов малакали илмий кадрлар, шогирдлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор бериб келади. У кишининг раҳбарлигида 21 та фан номзоди, 3 та фан доктори, 21 та магистирлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Бу каби иқтидорли шогирдлари бугунги кунда нафақат вилоятда, қолаверса, мамлакатимизнинг кўпгина олийгоҳларида фаолият кўрсатмоқда. Домла фалсафа ва ижтимоий-сиёсий фанлар соҳасида етук назариётчи олим бўлиши билан бирга, шогирдларига нисбатан бағри кенг инсон, ғамхўр мураббий, айни пайтда талабчан узтоз ҳамдир.
Ўрта Осиё халқлари тарихи институти Турон Фанлар Академиясининг қарорига кўра 2017 йили Жўрабой Яхшилиқовга “Академик” илмий унвони берилган.Шунингдек, у университет ректоратининг, вилоят ҳокимлигининг, Олий таълим вазирлигининг, ОАКнинг Фахрий ёрлиқлари, эсталик совғалари билан мукофотланган. Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони билан тақдирланган.Яқинда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгашининг қароригакўра Жўрабой Яхшиликов илм-фан сохасидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари, жамоат ишларидаги фаоллиги учун 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига сазовар бўлди. Турмуш ўртоғи Мамлакат опа билан уч фарзандни вояга етказиб, кўплаб невараларининг энг суюкликишиларига айланишди. Фарзандларининг ота йўлидан бориб, илм-фан соҳасини танлаганликларидан домланинг қувончи чексиз.
...Анча йил илгари бўлиб ўтган бир воқеани эслаб Жўрабой ака мийиғида кулиб қўйди. Ҳикоя қилишича, бир гал қишлоққа келганида домлани кичикроқ маракага таклиф этишади. Ихчамгина хонада қишлоқнинг ўн чоғли мўйсафидлари у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтиришган экан. Жўрабой ака ҳам даврага қўшилади. Салом-аликдан сўнг мўйсафидлар ҳангомаси янада қизғин тус олади. Тўрда ўтирган Абдуғани бригадирнинг хатти-ҳаракатларидан кайфияти чоғлиги шундоқгина кўриниб турарди. Суҳбат мавзулари айланиб келиб, домланинг фаолиятига, шаҳардаги нарх-наволарга тақалади. Савол-жавоблар дегандай... Бир пайт Абдуғани биргадир Жўрабой акага юзланиб:
- Ишқилиб мендан хафа эмасмисан, ука. Сенга ўқишга киролмайсан, қишлоққа қайтиб келасан, - дегандим.
- Тўғрисини айтсам, жуда қаттиқ хафа бўлгандим. Ҳали-ҳануз ўша гапларингизни эслаб тураман. Кўнглимга жуда оғир ботганди, - деди Жўрабой ака ҳам ичидаги ҳис- туйғуларини яшира олмай.
- Гапинг тўғри, ука. Мавриди кеп қолди, энди очиғини айтай. Ўша вақтлари қўшни қишлоқларга маракаларга борсак“Палончининг ўғли ўқишга кирибди”, “Пусмоданчининг боласи студент бўпти”, деган гапларни эшитсам аъзойи баданим титраб кетарди. Қишлоғимиздаги болаларнинг булардан кам жойи борми, деган ўй-хаёллар менга асло тинчлик бермасди. Ўзимиз ўқимаганбўлсак... Мактабда “аъло” ўқиганингни ҳам, ўқишга кириб кетишингни ҳам яхши билардим.Шундай, деб Жўрабойнинг жиғига тегсамяна ҳам яхшироқ ўқирмиди, дегандимда ука, - деди Абдуғани бобо хижолатомуз оҳангда.
- Э, гап бу ёқда, денг бригадир бобо. Мен сиздан шунча йил беҳудага хафа бўлиб юрган эканманда. Шунга айтарканларда “Қари билганни пари билмас”, - деб.
Ҳа, Жўрабой ака хақиқатдан ҳам жуда яхши ўқиди. Қунт ва сабот билан изланди. Унинг илм-фан соҳасида бундай улкан ютуқларга эришишида балки юқоридаги сингари “эзгу ниятли илмоқли гаплар”нинг ҳам фойдаси бўлгандир, албатта.
Холбой ҚОСИМОВ
“Нуроний” газетаси мухбири.