“Килдон” маҳалла марказида китоб дўкони жойлашган бўлиб, ҳар куни шу ҳудуддаги Булунғур саноат касб-ҳунар коллежи, 2-умумий ўрта таълим мактаби ҳамда маҳалланинг уюшмаган ёшлари билан гавжум. Улар ўзлари севиб ўқийдиган асарларни шу ердан топиб, бўш вақтини китоб мутолаасига сарфлашаяпти.
– Булунғур саноат касб-ҳунар коллежини тамомлагач, хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллана бошладим, - дейди 22 ёшли Диёр Аббасов. – Ўқувчилар ва уюшмаган ёшларга қулай бўлиши учун китоб дўкони ҳам очганмиз. Бу ерда 300 га яқин китоблар бўлиб, кўпчилиги бадиий адабиётлардир. Яқинда яна 400 дона сара асарлар келтирилади.
2-умумий ўрта таълим мактабининг 11-а синф ўқувчилари Дурдона Ўрозалиева ҳамда Зилола Абдуҳакимова бадиий адабиётлар ўқишга қизиқади.
– Авваллари бирор бир китоб керак бўлиб қолса, туман марказига боришга тўғри келарди, - дейди З. Абдуҳакимова. – Энди бўлса бунга ҳожат йўқ. Мен ўзбек адабиётининг буюк намояндалари томонидан ёзиб қолдирилган сара асарларини ўқиб тураман. Айни вақтда Абдурауф Фитратнинг “Танланган асарлар” номли китобини мутолаа қиляпман.
Ёш тадбиркор келгусида ўқитувчи ва ўқувчилар учун арзонлаштирилган ошхона, унинг ёнидан эса кутубхона очиб, китоб жавонларини турли номдаги адабиётлар, абитуриентлар учун қўлланмалар билан тўлдириш ниятида. Шунда ўқувчилар ва уюшмаган ёшлар аъзо бўлишлари, ўзлари ёқтирган китобни уйларига олиб кетиб, ўқиб келиш имконига ҳам эга бўлишади.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.