Моҳир педагоглар ҳақида ҳикоялар
Лаънати бу уруш даҳшати қайта-қайта ёдга келаверар экан. Эҳтимол, юз, ҳатто ундан зиёдроқ йиллар ўтар, ўшанда бу уруш тарихдаги бир воқеа сифатида тилга олинар. Аммо, ундан бевосита ва билвосита жабр тортганлар, ўз кўзи билан кўрмаса-да, унинг совуқ нафасини туйганлар барҳаёт экан, фашизм инсоният бошига солган шафқатсизлик кишилар тафаккурида нафрат билан сақланади.
У ҳам урушнинг даҳшатли азобини тортганлардан. Ватан уруши бошланганда Туроб ўн ёшлардаги бола эди. У Митан қишлоғидаги ҳозирги 36-мактабда ўқирди. Қишлоқдаги қари-ю, болалар, хотин-халаждан бошқа тўрт мучали соғ, белида қуввати борнинг ҳаммаси фронтга кетиб бўлди. Бутун хўжалик юмушлари қишлоқда қолганларнинг зиммасида. Фронт эса орқадан ёрдам кутяпти. Туроб ўша дамларда кичик бўлсада, қишлоқдаги иш берадиган меҳнаткашлардан эди. У ёз бўйи от билан колхоз экинларини культивация қилади, уларга жўяк олади. Отни эса “Ошини ҳали йиғлаб ичадиган” болакайлар кунига алмашиб бошқаришади. Бироз суяги қортайган Туроб эса от юришига монанд югуриб, ҳансираб, кукльтиваторнинг дастасини тутиб боради. Куз келиб, экинлар пишганда ҳамманинг ғами уни, айниқса, ўша кезларда кўп экиладиган лавлагини совуққа қолдирмай йиғиб олиш. Ҳосил қўлда ковланар, елкада хирмонга ташилар эди. Ҳамма, жумладан Туроб ҳам тинка-мадори қуригунча ишлайди. Лавлаги орқалайвериб, шилинган елкасини тер ачитиб, йиғлаб юборай деган пайтлар ҳам бир неча марта бўлган.
Бошқа ғам-алам бўлмаганда бу қийинчиликларга шукрона қилиб яшаш мумкин эдику-я. Аммо... Қишлоқда кунига, кун ора нохуш хабар -“қора хат”: дод-фарёд, аза, мотам... Эрк учун курашган ғолиб бўлмай қолмас экан. Азиз халқимиз фашизм билан бўлган курашда кенгиб чиқди. Тинч ҳаёт бошланди. Туроб Оқтепадаги 15-ўрта мактабда ўқишни давом эттирди. 1949 йил 7-синфни тамомлаб, Самарқанддаги эрлар Педбилим юртига ўқишга кирди. Уни 1953 йилда имтиёзли диплом билан битирди. Шу йили Ўрта Осиё Давлат университетига (ҳозирги ТошДУ)га ўқишга кирди. Сўнг Самарқанддаги университетга ўқишини кўчирди.
Туроб Намозов олий ўқув юртида ҳам аъло ўқиди, жамоат ишларида актив иштирок этди. Ўқиш тамом бўлиши билан уни аспирантурага таклиф этишди. Бироқ, оилавий шароити Туробнинг шаҳарда қолишини тақозо этмасди.
Т. Намозов районимиздаги “Победа” совхозида жойлашган Н. К. Крупская номли 25-мактабда илмий бўлим мудири бўлиб иш бошлади. У имкониятсизлиги туфайли аспирантурадан қолганидан қаттиқ афсусланди. Бироқ, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли ва шарафли иш билан бандлиги туфайли барчасини унутарди. Ахир униси ҳам, буниси ҳам халқ учун хизмат қилиш эмасми?
Т. Намозов шу мактабда уч йил илмий бўлим мудири бўлиб ишлади. У педагогик коллектив билан ҳамкорликда мактабда таълим-тарбия борасида катта ижобий силжишлар қилиш билан бирга, ўзи ҳам бой тажриба тўплади, малакасини оширди. Сўнг ўзи таълим олган 15-ўрта мактабга ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари этиб тайинланди.
Партия аъзоси Т. Намозовни 1966 йилда ҳозирги 4-ўрта мактабга илмий бўлим мудири этиб юборишди. 1972 йилдан бошлаб эса шу билим даргоҳида директор бўлиб ишламоқда.
Партия ва ҳукуматимиз моҳир педагог Т.Намозовнинг эл олдидаги хизматларини муносиб баҳолаяпти. У яқинда “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирланди. Бу муаллимнинг ягона нишони эмас. У уруш йилларидаги хизматлари эвазига “Улуғ Ватан уруши йилларидаги шарафли меҳнати учун” медали, республика, область, район миқёсидаги Фахрий Ёрлиқлар билан тақдирланган.
Директор билан суҳбатлашар эканмиз, мактаб учун келажакда хайрли ишлар қилиш режалари улканлигига амин бўлдик. Муаллимга бу борада битмас куч-ғайрат, омад тиладик.
Олим ТАНИЕВ,
“Коммунист”нинг махсус мухбири.
Тўлқин ШЕРБОЕВ оққа кўчирди.