Дунё юзини кўрган илк болакай дастлаб онасини таниб, сўнгра теварак-атроф билан таниша бошлайди. Бола бир ярим ёшга етганидан сўнг ота-онаси уни мактабгача тарбия муассасасига жойлаштиради. Тарбия муассасасида малакали тарбиячилар болакайга ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда турли хил услублар билан боланинг тарбияси билан биргаликда унинг илмга, атроф-муҳитга бўлган қизиқишини кучайтиришга ҳаракат қилишади. Меҳрибон ва малакали тарбиячиларнинг болакайга берган тўғри тарбияси туфайли бола келгусида мактаб остонасига илк қадам қўйиши билан ўқишни, ёзишни тезда тўлиқ ўзлаштириб олишга интилади. Мана шу интилиши туфайли бола мактабда ўқишга, ёзишга иштиёқи баланд бўлиб, 1-синфдан 4 синфгача фанларни жуда яхши ўзлаштира боради. Устозлари ва уйдаги катталарнинг ўгитларига амал қилади. Анча йиллардан буён ўзим фаолият юритаётган мактабда бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бериб келаяпман. Кўп йиллик иш тажрибамга таяниб шунга амин бўлдимки, нафақат бошланғич синф ўқувчилари, балки уларнинг ота-оналари ҳам фарзандига асосан тўртинчи синфига қадар ўқишини мунтазам назорат қилиб, уйга берилган вазифаларни бажаришларида кўмаклашиб, юриш-туриши, одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясили бўлишига кучли эътибор қаратишар экан. Кейин эса... “фарзандим анча улғайиб қолди-ку, энди ўзини эплаб кетади” деган фикр билан болага нисбатан назоратни сусайтира бошлайди. Натижада, болада ҳам илм олишга бўлган иштиёқ, интилиш сусая бошлайди.
Боланинг келгусида комил инсон бўлиб етишишини истаган ота-оналар фарзандларининг нафақат мактабда, балки, касб-ҳунар коллежлари, олийгоҳларда билим олиш жараёнларида ҳам мунтазам кузатиб, назорат қилиб борсагина ёш авлод ҳам, ота-она ҳам кўзлаган мақсадларига эришишлари муқаррар.
ШаҳнозаСОДИҚОВА,
1-умумтаълим мактабининг
она тили ўқитувчиси.