Зиёдулла (исм-фамилия ўзгартирилган) энди 26 ёшга тўлган. Уч нафар фарзанднинг отаси. Айни куч-қувватга тўлган пайти. Ҳалол меҳнат қилиб оилани тебратиш ўрнига қинғир йўлдан юришни маъқул кўриб, шу пайтгача бир эмас, бир неча бор судланиб чиққан. Жазо муддатлари тугамай туриб, жорий йилда яна фирибгарлик қилганлиги учун суднинг қора курсисига ўтирди.
У бир неча жиноий шериклари билан жиноий тил бириктириб, одамларнинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан хорижга юқори маош тўланадиган ишга жойлаштиришни ваъда қилиш орқали фуқароларнинг маблағини ўзлаштириб келган. Унинг навбатдаги алдовига фуқаро У. Тожибоев тушди.
Зиёдула Тойиров фуқаро Улуғмуроднинг ишончига кириб, фуқароларга хорижда ишга жойлаштиришга лицензияси бўлган “Korean and Migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖга, унинг мансабдор шахслари ҳамда ишчиларига умуман алоқаси бўлмасада, улар орқали чет элга ишга юбориш баҳонасида ушбу МЧЖ кассасига 202 730 сўм пул ва Турон банк Чилонзор филиалига 27 миллион сўм пул тўлатиб, хусусий бандлик агентлиги раҳбарларидан яширинча, агентликдаги танишлари орқали ишга тезроқ юборишини ёлғондан айтиб, 46. 144. 835 сўмга тенг бўлган 5500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборди. Ўтган вақт мобайнида З. Тойиров жиноий шериклари билан биргаликда У. Тожибоев каби содда ва ишонувчан фуқароларнинг бир нечтасини чув туширишди.
Суд, судланувчи З. Тойировга Ўзбекистон Республикаси ЖК 59-моддаси 8-қисми тартибида, жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг 2021 йил 2 март кунидаги ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини мазкур жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 4 (тўрт) йил 4 (тўрт) ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Жаҳонгир РАШИДОВ,
Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим прокурори.
Азизхон СУЛТОНОВ,
туман прокурори ёрдамчиси.
Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим прокурори.
Азизхон СУЛТОНОВ,
туман прокурори ёрдамчиси.