Фуқароларимизнинг соддалиги ёки ҳуқуқий саводхонлигининг етарли бўлмаганлиги фирибгарларнинг тузоғига осон тушиб қолишига сабаб бўлаётганликларини суд амалиётида учраётган жиноят ишлари таҳлили кўрсатади.
Халқимизнинг ишонувчанлик хислатидан фирибгарлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши кўплаб жиноят ишлари юзасидан айбланган шахсларнинг мисолида кўришимиз мумкин.
Масалан, бир шахс сабаб биров ёки унинг яқин шахси ўқишга ёки ишга жойлашса, ҳамма ўша шахсдан қандай қилиб ёки нимани эвазига шунга эришганлигини билишга ва ундан фойдаланишга уринади.
Мисол сифатида келтирмоқчи бўлган ҳолатда кўплаб фуқаролар, чет элга ишга бориш ва меҳнат қилиб катта даромад топиш илинжида “Уддабурон Мавлонбой”га мурожаат қилиб, ўзи ёки фарзандини Жанубий Кореяга юбориш учун ўзининг жамғармасидан ёки қарзга пул олиб, “Уддабурон Мавлонбой”га беришганлар.
Жиноят ишидаги далилларга кўра, “Уддабурон Мавлонбой” ўзининг фирибгарлик фаолиятини 2012 йилда бошлаган бўлиб, кўплаб фуқароларни Жанубий Кореяга юбораман деб алдаб, ишончига кириб, уларни Жанубий Корея давлатига ишга юбориш учун ҳужжатларини расмийлаштириш ва имтиҳондан ўтказиб беришликни ваъда қилиб, одамига қараб, баъзиларидан 1000, 1300, 1500, 1800 АҚШ доллари, баъзиларидан 2000, 2300, 2500, 3000, 4000, 4500, 5000 АҚШ доллари, савдоси келишса, баъзиларидан 6000, 7000, 8000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчиларни Корея давлатига юбормасдан пулларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланди.
“Уддабурон Мавлонбой” ўзининг фирибгарлиги ҳақида мурожаат қилган фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича 2017-2019 йиллар мобайнида 4 марта жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаб берганлиги боис, озодликдан маҳрум қилиш боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланишига эришган.
2020 йил 1 июлда “Уддабурон Мавлонбой” ўзига нисбатан фирибгарлик фаолияти юзасидан жабрланувчига етказилган зарарни қопламаганлиги сабаб “Уддабурон Мавлонбой”га суд бешинчи жиноят иши бўйича 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлагандан кейин, бошқа фуқароларни алдаб, фирибгарлик фаолияти давомида тузоғига илинган жабрланувлар ҳақида “айбига иқрорлик” аризаси билан тергов органига мурожаат қилиб, эсида қолган жабрланувчилар ҳақида маълумотларни тақдим этган.
Дастлабки ва суд тергови давомида тўпланган далилларга кўра “Уддабурон Мавлонбой” фирибгарлик фаолияти юзасидан 27 нафар фуқароларни ёки уларнинг фарзандларини Жанубий Корея давлатига ишга юбориш учун ҳужжатларини расмийлаштириш ва имтиҳондан ўтказиб беришликни ваъда қилганлиги, жами уларга 80.900 АҚШ доллари миқдорида моддий зарар етказганлиги аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг 2020 йил 9 декабрдаги ҳукмига кўра, “Уддабурон Мавлонбой” Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, унга 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарнинг ҳукм чиқариш кунидаги миқдорда ундириш белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 12 январдаги ажрими билан “Уддабурон Мавлонбой”нинг ўзига тайинланган жазони енгиллаштириш ҳақидаги апелляция шикояти оқибатсиз, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Фуқароларга айтадиган сўзимиз, “Уддабурон Мавлонбой”ларгаўхшаш “чаққон”лардан эхтиёт бўлинглар, уларнинг тузоғига илиниб қолманглар деймиз.
Т.КОДИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судьяси.
Г.НЕГМАТОВ,
Жиноят ишлари бўйича Булунгур туман судининг раиси.