Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 8 октябрдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари ва 28,211-моддаси 2-қисми “б” банди билан судланувчи Ш.А.га оид жиноят иши кўрилиб, маълумоти олий, муқаддам жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 14 майдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, (суднинг ҳукмига кўра, у олий ўқув муаассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда бериб, фирибгарлиги учун айбли деб топилган) жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 2 июлдаги ажримига кўра, ЖКнинг 46-моддасига асосан ўталмаган 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 29 ноябрдаги ажримига кўра, ўталмасдан қолган 7 ой 14 кун озодликни чеклаш жазосидан ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган, Самарқанд шаҳар Стоматология поликлиникаси давлат унитар корхонасида врач стоматолог бўлиб ишлаган.
Бошқа қилиб айтадиган бўлсак, олий маълумотли, кўпчилик учун фойдаси тегадиган стоматолог врач, бу шахсни нима қайтадан жиноят йўлига чорлади деган асосли савол ҳаммани таажжубга солади. Енгил фойда ва даромад топиш-ми?
Суд ҳукмига кўра, Ш.А. хавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг кўп миқдордаги мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2018 йил декабрь ойидан 2019 йил июль ойига қадар бўлган вақт оралиғида, жабрланувчи Л.М. билан Самарқанд шаҳрининг турли жойларида учрашиб, унга танишлари орқали Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни айтиб, уни ушбу гапларига ишонтириб, ўқишга кириш учун пора бериш лозимлигини айтиб, уни мансабдор шахсларга пора беришга қизиқтириб, далолат қилиб, унинг ишончига кириб, ундан Ўзбекистон Республикаси Миллий валютаси ҳисобида 71.621.670 сўмга тенг бўлган кўп миқдордаги 7.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, қўлга киритилган кўп миқдордаги пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилган кенг имкониятларни нотўғри талқин қилиб, ўзининг ғараз ва паст ниятида фойдаланаётган шахслар ёрдамидан фойдаланмасдан, фарзандлари ва бошқа яқинларига китобхонликка чорлаб кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигига қарамасдан, айрим фуқаролар эски, ёмон йўллардан фойдаланишга уринаётганлиги ачинарли ҳолатдир.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 3 ноябрдаги ажрими билан апелляция шикояти қаноанлантирилмасдан қолдирилди, энди у умрининг 3 йил 3 ой муддатини озодликдан маҳрум қилиш жазоси учун белгиланган умумий тартибли колонияларда ўтайди.
Бундан ташқари, етказилган моддий зарарни қоплаш учун судланувчи Ш.А.нинг яқин қариндошлари томонидан Самарқанд вилоят ИИБнинг депозит ҳисоб рақамига топширилган пора предмети ҳисобланган 71.621.700 сўм пуллар давлат эгалигига ўтказилди ва судланувчи Ш.А.дан давлат фойдасига 756.200 сўм моддий зарар ундириш белгиланди.
Т.КОДИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судьяси