Жорий йилнинг бошида жиноят ишлари бўйича туман суди раиси очиқ сайёр суд мажлисини туман электр тармоқлари корхонасининг мажлислар залида, суд жараёнида иштирок этувчилар ва ТЭТ корхонаси ишчи-ходимлари иштирокида ўтказди. Бундай очиқ суд мажлисларини бевосита жойнинг ўзида ўтказишдан мақсад судланувчи айбдорларнинг ҳамкасблари ва жабрланувчиларнинг ҳамда гувоҳларнинг олдида қилган жиноий ишларидан пушаймонлигини ва суд жараёнининг шаффофлигини таъминлашдан иборат.
Фирибгарлик билан шуғулланишда ҳам, бунда жиноий шерик топишда ҳам ёш муҳим эмас экан. Шавкат Эргашев салкам ўн бир йил шу корхонада комплекс бригада электромонтёри лавозимида ишлаб, истеъмолчилар ишончига кириб, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб келган. Унинг жиноий шериги Маъруфжон Қодиров етти йилдан буён шу корхонада комплекс корхонаси чилангари, комплекс бригада электромонтёри вазифаларида ишлаган. Бу фирибгарлар қоронғида, чекка ёки пана жойда эмас, балки, шу корхонада топишишган. Дастлаб алоҳида-алоҳида иш юритиб, истеъмолчиларнинг ишончига кириб, берилган ваколатдан, айрим истеъмолчиларнинг соддалигидан фойдаланиб, қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларни электр энергияси таъминотидан узиб қўйиш билан пўписа қилиб, турли миқдордаги пулларини алдов йўли билан олиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган. Фирибгарлар ўзларига назорат қилиш учун бириктирилган ҳудудларида гўёки уларга бу ҳудуд бир умрга эгалик ҳуқуқи берилганидек ҳис қилган ҳолда ҳаракатланишарди. Улар истеъмолчилардан дастлаб 100-200 минг сўмдан олиб туришган бўлса, кейинчалик 700-800 минг сўмгача пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришиб, фойдаланилган электр энергияси масаласи бўйича бирор киши келиб суриштирса, дарҳол ўзларини хабардор қилишларини уқтиришган.
Жиноий шерикларнинг бир гуруҳ бўлиб олдиндан тил бириктириб, ўзларининг хизмат мавқеидан фойдаланиб, 2016-2017 йиллар давомида 19 нафар электр энергия бўйича истеъмолчиларнинг ишончига кириб, фойдаланилган электр энергиядан қарздорликни ёпиб беришни ваъда қилиб, ўрнатилган электр ҳисоблагичларни бирор-бир ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда ечиб олиб, унда фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни амалга оширмаслик ва қарздорликни бартараф қилиш мақсадида белгиланган тартибда туман электр тармоқлари корхонасига топширмасдан, ҳисобида тўланмаган 18. 137. 906 сўм пуллар бўлган 19 дона турли русумдаги электр энергия ҳисоблагич ускуналарини М. Қодировга тегишли бўлган “Нексия” русумли автомашинасининг юкхонасида сақлаб келаётганлиги туман МИБ ходимлари томонидан аниқланиб, фирибгарлар фаолиятларига чек қўйилди.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. М. Қодиров қилмишлари учун тергов ҳаракатлари давом этаётганлигини билсада, шахсий эҳтиёжи учун ҳалол меҳнат билан даромад орттириш ўрнига, гарчи, электр тармоқлари идорасидан ишдан бўшаган бўлсада, ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришдан тоймади. Унинг сўнгги тузоғига “Каттақишлоқ” МФЙда яшовчи Гулистон Маҳмудова тушди. М. Қодиров Г. Маҳмудовадан фирибгарлик қилиб, турли хил важ-карсонлар билан 280.000 сўм пулини олиб, ўз шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборди.
Суд ҳайъати иш бўйича етказилган зарарни қоплаш мақсадида топширилган Самарқанд вилоят ИИБ молия таъминот бўлимининг депозит ҳисоб рақамида вақтинчалик сақланаётган 23. 000. 000 сўм ва туман МИБ бўлимининг депозит ҳисоб рақамида вақтинчалик сақланаётган 879. 500 сўм миқдоридаги пулларни туман электр тармоқлари корхонасига қайтаришликни лозим топди.
Суд Шавкат Эргашев ва Маъруфжон Қодировларга Ўзбекистон Республикаси ЖПК ва ЖКнинг бир нечта моддаларини қўллаб, уларнинг ҳар бири 2 (икки) йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни, давлат иштирокидаги ташкилот, муассаса ва корхоналарда моддий ҳамда мансабдорлик лавозимларида ва электр таъминоти корхоналарида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Шунингдек, Ш. Эргашевга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил муддатга, М. Қодировга эса ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини фавлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Шуни айтсалар керакда, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деб.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.