Газетамиз чоп этила бошлаганига бу йил 90 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида газета даврийлигини сақлаб қолишда бир қанча қийинчилик ва муаммоларга дуч келди. Номи ҳам, ходимлари ҳам, услуби ва адади ҳам бир неча бор ўзгарди. Бироқ барча қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтди. Айни пайтда “Булунғур ҳаёти” газетаси фақат вилоятимиздагина эмас, мамлакатимизда ҳам ўз ўрнига эга. Бундай ютуқларга эришишда жамоада ишлаб ўтган ва ишлаётган барча ходимларнинг ҳиссалари беқиёс.
Газетамизда “Сарғайган саҳифалар” рукии остида муқаддам жамоада ишлаган, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётини ўз мақола, ҳикоя ҳамда очерклари билан тўлақонли ёритиб, фаол ва ҳалол меҳнат қилган устоз журналистларнинг мақолаларидан намуналар бериб бормоқдамиз. Улардан бири туманимизнинг “Бўдана” МФЙ да истиқомат қилаётган, пенсия гаштини сураётган, ўтган асрнинг етмиш беш-саксонинчи йилларида “Коммунист” газетасида масъул котиб, бўлим мудири, махсус мухбир вазифаларида фаолият олиб борган журналист Абдукарим Холбековдир.
А.Холбеков собиқ “Коммунист” газета саҳифаларида чоп этилган дозарб мавзулардаги “Резервлардан фойдаланиш керак”, “Активлик билан”, “Юксалишнинг ойдин йўлидан”, “Ҳам ўрганиб...”, “Шундай мусобақадошларимиз бор” каби бир қанча мақола ва ҳикоялари билан ўқувчилар эътиборини тортган. Газетамизнинг бугунги сонида истеъдодли ижодкор Абдукарим ХОЛБЕКОВнинг 1978 йил 4 март сонидаги “Директор” сарлавҳали мақоласини ҳавола этамиз.
Танишинг: Ленин орденининг янги соҳиби
Д И Р Е К Т О Р
Баҳорни фасллар келинчаги дейишади. Дарҳақиқат, ёш келиндек латофатли, зебо фасл. Унинг “қилиқ”лари ҳам келинчакникига ўхшайди. Бироқ... баъзан шундай қалтис “ҳазил” қиладики, айрим кишилар бундан довдираб ҳам қолади. Лекин, буларнинг бариси деҳқон иродасини тоблаб боради.
Чарақлаб турган қуёш юзини вақт пешиндан оққанда бирдан қора булутлар бекитди. Ҳавонинг авзойи ўзгариб, Зарафшон дарёси томондан кучли тентак шамол эса бошлади. Ердан чанг-тўзон кўтарилди. Биринчи май байрамини тантанали нишонлаётган одамлар кўнглида ажабланиш, безовталик пайдо бўлди.
Иш кабинетида ўтирган Қўчқор Жуманиёзов креслодан тушиб, дераза ёнига келди. Қўлларини шимининг чўнтагига солганча осмонга боқди. Қора булутларнинг катта бир тўдаси этакдан бостириб келмоқда эди. Директорнинг қалбига ҳам ўз кўланкасини солди. “Осмонда ола булут кўринса, кун иссиқ бўлади, қора булут кўринса, ёғингарчилик бўлади. Ёғингарчилик-ку ўз вақтида бўлса, кони фойда-я!
Бу гапларни у ташвишланиб, дилидан ўтказди. Аммо бугунги об-ҳавонинг авзойи ўзгача. Ҳализамон бир касофат рўй бермасайди.
Ҳавода чақин чақиб, кучли момоқалдироқ гумбурлади. Шу вақтда қора булутлар ўз “каромат”ини кўрсатди. Ёмғир эмас, ҳаводан шиддатли дўл ёғила бошлади. Қўчқор ака ёнғоқ катталигидаги дўлларнинг ёғилишини кузатаркан, бундан келадиган оқибатни ҳис қилиб, ич-ичидан эзиларди.
У бундай табиий офатлар ҳақида ёшлигида кексалардан жуда кўп эшитган эди. Мана, умрининг қирқ биринчи баҳорини қаршилаганида буни ўз кўзи билан илк бора кўриб турибди. Эшитиш бошқа-ю, кўриш бошқа экан. У кўзини бирпас юмиб-очганида тарновлардан дўллар тизилишиб ерга тушарди.
Қора булутлар Бахмал тизмалари томон ўтиб кетди. Қуёш яна жамол кўрсатди. Шамол тинди. Атрофда фақат намхуш ҳаво эсмоқда. Қўчқор Жуманиёзов дарҳол ташқарига чиқди. Ҳамма ёқни дўл қоплаган. Ернинг бир парча ҳам очиқ жойи кўринмас, дарахтлар, буталар, экинлар бош эгган ҳолда маъюс турарди. У машинага ўтирди-ю, далага йўл олди. Хўжалик экинлари ҳоли не кечганини, улардаги шиғил ҳосил нишоналарига зиён етган-етмаганини тезда билишни жуда ҳоҳларди у. Йўл ёқасида сабзавот пайкаллари кўринганида Қўчқор ака шофёрга машинани тўхтатишни унсиз, қўли билан имо қилди.
Дўл мажақлаб кетган помидор ниҳолларини кўраркан, унинг хўрлиги келиб кетди. Эсиз, яқингинада экилганди-я! Бир неча туп шикастланган кўчатни ачиниб юзига босди. Шу пайтда кўз олдида совхознинг ўтмиши гавдаланди. 1964 йилда қолоқ колхозлар базасида ташкил этилганана шу “Красногвардейский” совхозининг илк қадамини раҳбар сифатида ўзи ташлатган эди. Сўнгра, икки йил ичида боғдорчилик-узумчиликка ихтисослаштириш бошланиб, хўжалик давлатдан бўлган қарзларини узиб, даромад кўрадиган совхозга айланди... Тўққизинчи беш йиллик ҳам муваффақиятли тугалланди. 1964 йилда атиги 62 тонна узум ва 28 тонна сабзавот етиштирган совхоз ишлаб чиқариши миқдори мисли кўрилмаган даражада ўсди. Эндиликда етиштирилаётган маҳсулотлар миқдори илгаригидек ўнлик сонлар билан эмас, балки юзлик, минглик рақамлар билан ифодаланмоқда. Ўнинчи беш йиллик бошиданоқ эса, бундай ҳол юз бериб турибди. Наҳот, шунча қилинган меҳнатлар мана шу табиий офат туфайли чиппакка чиқса? Наҳот?...
- Кўп куйинаверманг, Қўчқор ака!
Қўчқор ака ёнига келиб қолганини пайқамай қолган шофёрининг бу далдасига сезилар-сезилмас миннатдорчилик билдирди. Ўнг қўлини унинг елкасига қўяркан, кўзларида ёш ҳалқаланди.
- Юр, кетдик. Бошқа карталарни ҳам кўрайлик...
Навбатдаги кун тонги отди. Қўчқор ака совхоз меҳнат аҳлини бир жойга йиғди. Меҳнаткашларга вазиятни тушунтирмоқчи, уларга далда бермоқчи эди. Шунинг учун ўзини кшилар олдида дадил тутишга ҳаракат қиларди. Тўпланганларга синчковлик билан назар солиб, ҳамманинг нигоҳи ўзида эканлигини ва ундан қандай гап чиқишини кутаётганини пайқади.
- Ҳурматли деҳқонлар, - дея гап бошлади директор. - Ҳаммангиз яхши тушунасизлар, бу табиат иши, баҳор “қилиғи”. Тўғри, дўл жуда қисқа вақт ёққан бўлса-да, анча зарар кўрдик. 800 гектардаги ток, 530 гектардаги боғ, 200 гектардаги ғалла, 150 гектардаги бедапоя экинлари ва ҳосилига, 100 гектардаги помидор кўчатларига қаттиқ зиён етказилган-у, бу рақамларни санаб ўтар экан, овози бир қалтираб кетди. Сал тўхталиб олгач, яна давом этди.
-Лекин, ота-боболаримиз табиий офатга ҳеч қачон тан бермаганлар. Шундай экан, ушбу дамларда биз ҳам қараб ўтирмаслигимиз керак. Вақт беҳуда кетса, бахт кетади. Асосий вазифамиз, зудлик билан ишга киришмоқ, қолган ҳосилни тиклаб олмоқ, совхозимиз шуҳратини асраб қолмоқдир.
-Яна бир маслаҳатли иш бор, - дея мурожаат қилди Қўчқор Жуманиёзов йиғилганларга. - Биз ўтган куни боқиш учун ипак қуртлари келтиргандик. Аммо, кечаги дўл тут дарахтларига ҳам қатиқ зарар етказган. Пилла эса тут барглари билан етилади. Баргларни дарахтларда қайта тиклаш имкони бизда ҳозир йўқ. Энди қуртларни нима қиламиз, қандай маслаҳат берасизлар?
Шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди. Йиғилганлардан кўпчилиги шундай жавоб қайтаришди:
-Ҳеч иккиланмай ипак қуртларини тарқатаверингизлар. Уларни бажонидил парваришлаймиз.
Халойиқнинг бу қадар дадиллик кўрсатиши Қўчқор акани қувонтириб юборди.
- Совхоз маъмурияти сизларнинг бу жасоратингиздан жуда мамнун бўлди, - дилидагини изҳор қилди директор. – Рахмат сизларга. Кўпдан қуён қочиб қутулмас. Қани, энди, ҳамма далага!
Хўжаликнинг бутун коллективи далаларга отланди. Экинзорларда тиклаш, яратиш, яшнатиш ишлари авж олди. Областдаги қишлоқ хўжалиги бўйича партия комитети ва район Совети ижроия комитети совхоз деҳқонларига мадад қўлини чўздилар. Барча зарур нарсалар ўз вақтида етказиб бериб турилди. Экинзорларда агротехника ишлари тезда аниқ изга солинди: Табиий офатдан зарар кўрган экинзорлар қатор оралари минерал ўғитлар билан озиқлантирилди, 529 гектар жойдаги узум ҳосили олти иш кунида гиббериллинга ботирилиб чиқилди.
Баҳори серташвиш келиб, деҳқонлар учун катта қийинчиликлар туғдирган ўша 1976 йилни “Красногвардейский” совхози миришкорлари яхши якунлашга муяссар бўлдилар, 6620 ўрнига 7680 тонна узум, 3600 тонна ўрнига 3621тонна сабзавот, 350 ўрнига 772,9 тонна ғалла, 15,8 ўрнига 18,8 тонна пилла тайёрланди. Булардан ташқари давлатга 110 тонна гўшт, 410 тонна сут, 121,8 минг дона тухум сотлиб, планлар зиёди билан уддаланди. Бу – совхоз меҳнат аҳлининг беқиёс меҳнат жасорати, олиб борилган катта ташкилотчилик ишлар, деҳқонларнинг зафарлар сари дадил интилиши самарасидир. Қолаверса, халқнинг Қўчқор Жуманиёзовга бўлган катта ишончи, ҳурмат-эътибори исботи ва ифодаси эди.
Забардаст ўнинчи беш йилликнинг иккинчи йили баҳори қурғоқчил келди. Ҳатто, серёғин деб ҳисобланмиш савр - апрель ойида ҳам ёғингарчилик жуда кам бўлди. Хўжалик ерлари шағал тошлардан иборат эмасми, тезда сувсизликдан қақраб кетди. Деҳқоннинг яна ташвишли, беором дамлари бошланди. Қўчқор Жуманиёзов экинзорларни айланиб юраркан, бир куни баъзи экинларнинг барглари сўлий бошлаганини кўриб қолди. Ўша куниёқ кечқурун директор ҳамма бўлим бошқарувчлари, агрономлари ва бригада бошлиқларини идорага чақиртирди.
- Деҳқон учун ҳеч бир йил осон бўлмаган, - деди директор. - Масалан, ўтган йилги табиат инжиқликларини яхши биласизлар. Бу йил эса қурғоқчилик бўлаяпти. Натижада баъзи карталарда экинлар ривожи сусайига бориб етди. Тўғри, сув кам. Лекин, ҳозир табиатдан эҳсон кутишнинг пайти эмас. Ҳаракатда - баракат. Демак, экинлар қувраши олдини тезроқ олиш зарур. Бунинг учун ерда намлик сақлаб қолиш керак. Эртадан бошлаб, майдонларда суғоришдан сўнг борона ва мола юргизишга киришсак. Бу ҳолда, биринчидан ерда нам анча узоқ сақланади. Иккинчидан, суғорилган ерлар навбатдаги суғоришга камида ўн кун кечикиб келади. Учинчидан, шулар ҳисобига сув тежалиб, янада кенгроқ майдонни суғориш имкони туғилади.
Директор сўнгра йиғилганларга дала ишларининг қандай бориши устидан қаттиқ назорат ўрнатиш мақсадида сифат комиссияси тузиш фикри борлигини билдирди. Бу таклифлар қўллаб-қувватланди.
- Хуллас, бу йил ҳам табиат инжиқликларини мардонавор енгиб, Улуғ Октябрь социалистик революциясининг 60 йиллик тўйини муносиб тўёна билан кутиб олиш ҳар биримизнинг шон-шарафимиздир. Ана шунга яраша ишлайлик, ўртоқлар! - дея йиғилишга якун ясади директор мамнун кайфиятда.
Дала ишлари шундан сўнг янада жонланди. Сифат комиссияси мунтазам фаолият кўрсатди. Директор ҳар бир ишда бош-қош бўлиб турди. Йил якунида совхозда 6070 ўрнига 6348,8 тонна узум, 1670 ўрнига 2652 тонна мева, 4200 ўрнига 4884,9 тонна сабзавот, 400 ўрнига 517,7 тонна ғалла, 16,6 ўрнига 18,5 тонна пилла, 430 тонна сут, 100 тонна гўшт, 120 минг ўрнига 193,6 минг дона тухум тайёрланилгани аён бўлди. Нарзи Умиров, Худойбоқ Сатторов, Шукур Қаюмов, Абдусалом Бемаев, Эргаш Исломов, Маҳмуд Расулов, Бойдул Сатторов, Турдибой Нишонов, Ултув Исоқова, Темир Ёқубов, Рафоат Боротова, Қосим Йўлтоев, Мамир Оқбўтаев сингари коммунист ва комсмол-ёшлар, директорнинг фидокор қанотлари хўжалик юксалишига салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.
Бугунги кунда совхоз довруғи бутун областимизга таралган. Ўтган йили хўжаликда 16 минг тонна хўжалик маҳсулотлари етиштирилиб, область бўйича учинчи ўрин эгалланди. Совхоз аҳолисининг турмуш маданияти ҳам тобора юксалмоқда. Қўчқор ака Жуманиёзов область Совети депутати сифатида бу масалага жиддий эътибор бераяпти. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларига йилига 700-800 минг сўм маблағ ажратилмоқда. Халқ учун қилаётган хизматлари эвазига партия ва ҳукуматимиз Қўчқор Жуманиёзовнинг кўксидаги Меҳнат Қизил байроқ ордени ва бир қатор медаллар ёнига яқинда олий орден – Ленин орденини ҳам тақиб қўйди.
Ўнинчи беш йилликнинг зарбдор учинчи йили давом этмоқда. Совхоз меҳнаткашлари бу йил янада улкан марраларни – 10 минг тонна узум, 5500 тонна сабзавот, 3000 тонна мева, 460 тонна сут, қисқаси, жами 18 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўзлаётирлар. Оловқалб коммунист, тажрибали деҳқон, билимдон агроном, моҳир раҳбар Қўчқор Жуманиёзов уларни зафар марралари сари дадил бошлаб боряпти. Зеро, саркор иродали бўлса, қутлуғ манзиллар дадил эгалланаверади.
Абдукарим ХОЛБЕКОВ,
“Коммунист”нинг махсус мухбири.
Тўлқин ШЕРБОЕВ оққа кўчирди.