САРҒАЙГАН САҲИФАЛАР
1931 йил 5 декабрдан чиқа бошлаган газетамиз ҳадемай 90 ёшга тўлади. Бизнингча бу улуғ ёш. Шу пайтгача газетанинг 7514 та сони чиқарилди. Бу орада газетанинг номи бир неча бор ўзгарди. Ўнлаб муҳаррирлар, юзлаб мухбирлар, ходимлар ўзгарди. Бироқ шундай бўлсада шу пайтгача газета туманимизда рўй бераётган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётини ёритиб келмоқда. Афсуски таҳририятимиз архивида 1960 йилдан илгариги чоп этилган сонлари сақланиб қолинмаган. Бу биз учун ачинарли албатта. Газетамизнинг бундан 40 – 50 йиллар илгари чиқарилган сарғайган саҳифаларини варақлар эканмиз ўша давр ҳаёти бир зум бўлсада ҳаёлимизда гавдаланади. Умрини, ҳаётини, меҳнати ва бор кучини газета саҳифалари орқали халққа маънавият тарқатишга бағишлаган Файзулла Абдуғаниев, А. Холбеков, С. Қўшмуродов, Х. Ҳамроев, О. Таниев, М. Неъматов, Б. Пирназаров, Одил Ҳусанов, Пўлат Хамдам, Т. Кўбаев, Ф. Хўжаназаров, А. Холбеков, С. Шакарбоев сингари журналистлар, махсус мухбирлар, А. Қодиров, , Х. Ғаффоров, Р. Хотамов, М. Жалилов каби жамоатчи мухбирларнинг айримлари бугун орамизда йўқ. Сарғайган саҳифаларда эса уларнинг мақола, очерк ва ҳикоялари тарих зарварақларига муҳрланган.
Газетамизнинг навбатдаги сонларида “Сарғайган саҳифалар” рукни остида газетамиз ривожига ўз вақтида муносиб ҳисса қўшган журналистларимизнинг ижод намуналаридан бериб боришни мақсад қилдик.
Қуйида марҳум журналист Файзулла Абдуғаниевнинг 1975 йил 6 мартда Буюк ғалабанинг 30 йиллиги олдидан “Коммунист” газетасида чоп этилган “ТИЛ ОВЧИСИ” номли сарлавҳали очеркини ҳавола этамиз.
Замонавий типда қурилган А.Микоян номидаги 18-ўрта мактаб ўқитувчилар хонасига кириб борганимда тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳаким ака Толиповдан бошқа ҳамма дарсда экан. Мен Ҳаким акага машҳур разведкачи, моҳир “тил” овчиси Салоҳиддин Тиллаевни учратишим зарурлигини айтган эдим, у киши:
-Мактабимизда бир эмас, тўрт фронтчи ботир бор,-деди, фахр билан. Улардан бири...
1942 йил. Она Ватан учун ҳаёт - мамот жанглари бормоқда. Жаҳон афкор оммасининг нажот кўзи совет жангчисининг шамширига қадалган. Шундай ҳал қилувчи пайтда 18 га қадам қўйган йигит четда кузатувчи бўлиб турса-я?! Кўнгилли бўлиб фронтга жўнаш тўғрисида район ҳарбий комиссариатига берган аризаси яна жавобсиз қолаётир... Ниҳоят у 1942 йил августда ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилди. У пулемётчилар курсида олти ой давомида таълим олиб, кичик сержант унвонига эга бўлди.
-Ҳаракатдаги армияга 1943 йил 17 январда келгандим, -хотирлайди Салоҳиддин ака. Мени 1-Белоруссия фронтига қарашли Қизил байроқли Витебск 51-гвардиячи ўқчи дивизия составидаги 66-алоҳида разведка ротасига бўлинма командири қилиб тайинлашди. Бу ерда мени взвод командири, старший лейтенант Николай Васильевич Куликов самимий кутиб олди.
-Қаерликсан, ўртоқ сержант, -деди у менга бошдан оёқ разм соларкан.
-Ўзбекистондан, Cамарқанддан.
-Яхши. Сенга берилаётган бўлинмада ҳамюртларинг ҳам бор. Бари лочин, азаматлар.
Чиндан ҳам бўлинмада Красногвардейск қанд заводининг инженери Николай Дубровин бор экан.
Бу ерга келганимнинг иккинчи куни ротамизга душманнинг куч тўплаётган позициясини аниқлаш ва “тил” олиб келиш ҳақида буйруқ келди.
Ярим кеча. Н. Куликов бошлиқ 10 киши олдиндан синчиклаб ўрганилган ўрмон ичидаги сўқмоқ йўл билан душманнинг орқа томонига ўтиб, чамаси уч километрча йўл юрдик. Бир вақт ёнимда бораётган Собольев мени секин туртиб шивирлади.
-Махорка ҳиди келяпти, сезяпсанми?
-Ҳа, яқин ўртада фрицнинг уяси борга ўхшайди.
Бу ҳақда командирга доклад қилдим. Сергакландик. Кўп ўтмай немисларнинг ширакайф ғўнғир-ғўнғири эшитилиб қолди.
-Омадимиз келди йигитлар. Қани, иш бошладик, -деди командир ҳар биримизга топшириқ бераркан. –Жумамуродов, сен Виталий билан анови жунжикиб турган соқчини гум қилинглар. Сен қочган-пусганларини мана шу ерда “териб” турасан, -деди менга ўгирилиб.
-Фриц хальт! –блиндаж ичига кириб олган Саркиснинг янгроқ овози фашистларни довдиратиб қўйди. Қўллари беихтиёр кўтарилди. Лекин шу пайт панада турган бир немис Петросянс томон ўқ узди. Ўртада отишма бошланиб кетди.
-Ҳой йигитлар, тиригидан ҳам қолсин, -қичқирарди Николай Куликов. – Мен чекина-чекина ўқ узаётган икки манфурни ер тишлатдим. Овимизнинг бароридан келгани шу бўлдики, улар фашистларнинг оператив группаси экан. Бир оберлейтенант “тил”га олиниб, қолган ўн олтитаси жаҳаннамга жўнатилди, муҳим ҳужжат қўлга киритилди. Бизлардан икки киши яраланди, холос. Бу разведка мен учун илк топшириқ ва синов эди.
-Синовдан аъло ўтдинг, азамат, деди рота командири Совет Иттифоқи Қахрамони, капитан Николай Иванович Шубин, -“Жасурлиги учун” медали билан табриклайман!
-Совет Иттифоқига хизмат қиламан!
Бу мукофот мени қахрамонликка ундади...
-Яна бир жанг эпизоди кўз олдимдан сира кетмайди, -дейди Салоҳиддин ака шавқ билан ҳикоя қиларкан. –“Қоплон” – рота командири Н.Шубин билан 15 киши Полша ўрмонларида разведкадан қайтаётгандик. Тўсатдан 50 киши чамаси фашистлар тўдасига дуч келиб қолдик. Дарров ўзимизни панага олиб, уларнинг ҳатти-ҳаракатини кузатиб турдик. Фашистлар ялангликка тўпланиб, бир фикрга келишди шекилли, тўдадан бир офицер, икки солдат – учовлон ажралиб тўппа-тўғри биз томон юра бошлади.
-Тиллаев, анови мундирли сеники, фақат тириклайин...Мен икки каскалини ураман. Қолганлар тўдага ўт очинглар, тушунарлими, -Н. Шубин вазифамизни белгилаб берди.
Командирнинг ишораси билан пистирмадан чиқиб, офицернинг тумшуғига чунонам калла урдимки, аблаҳнинг кўкиш кўзлари ўйнаб кетди. Тўппончасига югурган қўлларини орқага, ўзининг камарига қайириб боғлаб ташладим. Боя немислар турган ялангликка қарасам, шерикларимнинг бирваракайига ташлаган граната ва автоматлардан отилган ўқидан бирорта фашист қутулолмай ер тишлаб ётибди.
Отишмадан хабар топган немис автоматчилари биз томон ташланишди. Жумамуродов “ тил”ни олиб кетди. Қолганимиз мадад кучлари етиб келгунича душман ҳужумини қайтариб турдик. 3-даражали “Шуҳрат” ордени шу жанг учун берилганди...
Мактабнинг тарих ўқитувчиси Салоҳиддин Тиллаев ўқувчиларга ўзининг Витебскдан то Кенигсберггача босиб ўтган қаҳрамонона кураш йўли ҳақида сўзлаб бераркан, улар севимли муаллимнинг кўксини безаб турган қўш Қизил Юлдуз ордени, 3-даражали “Шуҳрат” ордени, 2 та “Жасурлиги учун” ва бошқа жанговар мукофотлар бежиз берилмаганини билиб оладилар.
3-даражали “Шуҳрат” ордени, “Жасурлиги учун” сингари жанговар медалларнинг кавалери, Олий Бош Қўмондонликнинг бир неча бор ташаккурномасига сазовор бўлган старший сержант, ҳозирги кунда эса, 2-кечки ишчи-ёшлар мактабининг директори Муҳиддин Охунов, Сталинград учун жанг қилган қаҳрамон 62-армиянинг жангчиси, ҳозир мактаб илмий бўлим мудири Абдулла ака Нуриллинлар ҳам буюк ватанимизни немис-фашист муртадларидан озод қилишда актив иштирок этганлар. Кейин билсам, Ҳаким ака боя айтган тўрт фронтчи ботирнинг бири ўзи экан. У киши ватан олдидаги катта хизматлари учун 2 та “Жасурлиги учун” ва бошқа жанговар медаллар билан тақдирланибди.
Тўрт жанговар фронтчи педагоглар ҳузуридан мактаб ҳовлисига чиқар эканман, беихтиёр болаларнинг қувноқ овози, беғубор осмон, чарақлаб турган қуёш нури элитди. Ана шу бахтли даврон, тиниқ осмон, нурафшон ҳаёт учун қон кечган Ватан ўғилларининг қаҳрамонлик тарихи яна бир бор кўз олдимда жонланди.
Ф.АБДУҒАНИЕВ,
“Коммунист” нинг махсус мухбири.
Тўлқин ШЕРБОЕВ оққа кўчирди.