Касбим юзасидан кўпинча газетамизнинг ўтган йиллардаги, баъзан эса ўттиз-қирқ йил илгари чоп этилган саҳифаларини ҳам варақлашимга тўғри келади. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан умрининг асосий қисмини, меҳнатини газетага бағишлаган журналистлар ҳаётидан лавҳалар ёритиш вазифаси менга юкланганлиги туфайли, газетанинг сарғайган саҳифаларини кўздан кечирар эканман, муқаддам бирга ишлаган, ҳозирда бошқа соҳаларда меҳнат қилаётган ва пенсия гаштини сураётган Мамат Усмонов, Қувондиқ Халилов, Холбой Қосимов, Мансур Мирзақобилов, Одил Ҳусанов, Мамашариф Неъматов, Тошқул Кўбаев, Мақсуда Қўшмуродовалар ҳамда марҳум бош муҳаррир Йўлдош Отамуродов, фотомухбир Тўлқин Давлатов, мухбирлар Саримсоқ Қўшмуродов, Файзулла Абдуғаниевларнинг ўтган асрнинг саксонинчи йилларида газета саҳифаларида ёритган туркум долзарб мақола, очерк, лавҳа ва хабарлари билан танишар эканман, уларнинг ўз халқ хизмати йўлида заҳматли меҳнат қилганликларининг гувоҳи бўлдим.
Шу ўринда байрам муносабати билан истеъдодли журналист, оғир-босиқ, мулоҳазали, мулойим ва талабчан марҳум устоз Мамадали Жалиловнинг ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида “Улардан ибрат олинг” рукни остида “БАХТЛИ ОИЛАЛАРДАН БИРИ” номли ҳикоясини сизларга ҳавола этишни лозим топдим.
БАХТЛИ ОИЛАЛАРДАН БИРИ
Баъзан дўстларимдан, “Бахт деганда нимани тушунисиз?” дея сўраб қоламан. Уларнинг ҳар бири бу саволга ўз дунёқарашларидан келиб чиққан ҳолда жавоб қайтаришади. Айрим жавоблардан қониқаман, айримларидан эса...
Шавкат акага ҳам суҳбат чоғида шундай савол билан мурожаат этдим.
- Албатта, бунга бир сўз билан жавоб қайтариш қийин, - дейди мулойимлик билан Шавкат ака. - Одатда бахтни ҳар бир инсоннинг ўзи яратади.
Шавкат ака оиласи бахтли оилалардан бири. Шавкат ака Эшонқулов туман тайёрлов идорасида ишлайди. Турмуш ўртоғи Муҳаббат опа Красногвардейск халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш комбинатида меҳнат қилади. Ҳар иккиси ҳам жамоаларида ҳурматга сазовор. Бунга улар меҳнатсеварлиги туфайли эришган, албатта. Оилада эса меҳрибон ота-она. Улар ҳамиша ўз фарзандларининг яхши ўқишлари учун катта эътибор беришади. Мабодо фарзандлари бирор фанни ўзлаштиришда қийналишса, ота-она уларнинг яқин маслаҳатчилари. Шу боисдан ҳам бу оила фарзанлари мактабда аъло баҳолар билан ўқишади. Оиланинг тўнғич фарзанди Анвар Тошкент политехника олийгоҳининг талабаси. Умидахон эса, Самарқанд Давлат дорилфунунининг кимё куллиётида таълим олмоқда. Комила, Акбар ва Асқаржонлар мактабда аъло баҳоларга ўқишмоқда. Улар ўз хулқлари билан тенгдошларига ўрнак. Мактабда ўтказиладиган турли тадбирларда улар доимо фаол иштирок этишади.
Мактаб ва ота-она ҳамкорлиги бор жойда фарзандлар тарбиясига ҳавас қиласан киши. Шавкат ака ва Муҳаббат опалар ҳам мактабда ўтказиладиган ота-оналар йиғилишларида муназам иштирок этишади. Фарзандлари таълим олишаётган синфлар раҳбарлари билан яқиндан мулоқотда бўлишади. Натижада, у кишиларнинг фарзандлари ҳар бир фанни намунали ўзлаштиришга интиладилар.
Мамадали ЖАЛИЛОВ.
“Булунғур ҳаёти”нинг махсус мухбири
Тўлқин ШЕРБОЕВ тайёрлади.