Ёдимда, ўтган асрнинг етмиш-саксонинчи йилларида деярли ҳар куни почтачи турли хил газеталарни уйга ташлаб кетарди. Оила аъзоларим қатори мен ҳам ҳар бир газета ва журналларни ўқиб, янгиликлардан бохабар бўлиб борардим. Туманимиз ҳаётини ёритиб борувчи “Коммунист” газетасида баъзан “Мактаблардан мактублар” рукни остида хабарлар, ўқувчилар ижодидан намуналар бериб бориларди. Мен бу саҳифаларни алоҳида қунт билан ўқирдим. 1979 йилда мактабнинг 9-синфида ўқиб юрган чоғимда мен ҳам мактабимизда ўқувчилар ўртасида бўлиб ўтган тадбирни ёзиб, почта орқали “Коммунист” газетаси таҳририятига юбордим. Орадан бир-икки кун ўтиб газетада кичикроқ бўлсада, мақолам чоп этилганди. Ўша пайтда мендан бахтли одам йўқ эди, гўё. Газетани кўтариб оила аъзоларим, синфдошларим ва дўстларимга фахрланиб кўрсатганман. Почта орқали юборилган қалам ҳақи ҳам анчагина эди, ўшанда. Шундан буён газета ҳаётим мазмунига айланган. Вақти-вақти билан хабарлар, мақолалар юбориб турдим. Газетани мунтазам кузатиб борардим. Бир куни, 1988 йил бошида, газета қошида “Ишчи-қишлоқ мухбирлари мактаби” курси очилиши ҳақидаги эълонга кўзим тушди. Дарҳол таҳририятга келиб ҳужжатларимни топширдим. Шу йили 1 сентябрда ушбу курсни тугаллаб, дипломни қўлга олгач, мени “Коммунист” газетаси таҳририятига корректор-оператор вазифасига ишга таклиф этишди. Мен мамнуният билан таклифни қабул қилиб, муҳаррир Йўлдош Отамуродов, муҳаррир ўринбосари Қувондиқ Халилов, масъул котиб Мамадали Жалилов, журналистлар Пўлат Чўмбоев, Ғулом Ўролов, Холбой Қосимовлар билан бир жамоада ишлаш шарафига муяссар бўлганман. Иш жараёнида уларнинг барчаси менга мақола, хабар, ҳикоялар қандай ёзилиши, туманда ўтказиладиган тадбирлар қандай ёритилиши, бир сўз билан айтганда журналистиканинг сир-асрорлари билан таништириб, устозлик қилиб боришди. Айни пайтда ҳам ҳамкасбларим Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари Пўлат Чўмбоев ва Ғулом Ўролов, устозларим Холбой Қосимов, Қувондиқ Халиловларнинг ўгитлари асосида иш олиб бормоқдаман.
Фурсатдан фойдаланиб “Булунғур ҳаёти” газетаси таҳририяти ходимларини газетанинг 90 ёшга тўлганлиги билан чин қалбдан қутлайман. Уларнинг оиласига тинчлик, хотиржамлик, ижодларига барака тилайман.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг махсус мухбири.