Айни кунларда Республикамиз бўйлаб “Қорақалпоқ адабиёти кунлари” бўлиб ўтмоқда. Жойларда ўтказилаётган бундай ижодий учрашувлар иштирокчиларга Қорақалпоқ адабий ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири жорий йилнинг 28 сентябрь куни туманимиздаги 9-сонли мусиқа мактабида бўлиб ўтди. Ижодий кечага Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Бекназар Эрназаров, ўнлаб шеърий тўпламлар муаллифи, қорақалпоқ шоирлари Абулқосим Ўтепбергенов ва Ёқуббой Ажимовлар ҳамда туманимиздаги Халқ таълими умумтаълим мактаблари Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари, ижодга, шеъриятга қизиқувчи ўқувчи-ёшлар иштирок этишди. Ижодий кечани Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Булунғур ҳаёти” газетасининг бош муҳаррири Ғуломжон Ўролов олиб борди. Дастлаб сўзга чиққан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари Азизбек Бўрибоев икки қардош халқ бир-бирини тилмочсиз ҳам яққол тушуна олишлиги, икки халқнинг маданияти, урф-одати бир-бири билан уйғунлашиб кетганлигини таъкидлаб, бундай ижодий учрашувлар иштирокчиларда ижодга, адабиётга, китобга бўлган қизиқишларини янада оширишларига хизмат қилиши шубҳасиз эканлигини билдирди.
Кечага ташриф буюрган қорақалпоқ ёзувчиси Б. Эрназаров, шоирлар А. Ўтепбергенов ва Ё. Ажимовлар ўз ҳаёти ва ижоди ҳақида иштирокчиларга сўзлаб, ўз ижод намуналаридан ўқиб беришди. Ўқувчи-ижодкорлар томонидан берилган саволларга тадбир меҳмонлари томонидан жавоблар берилди. 9-сонли мусиқа мактабининг ўқувчилари томонидан ижро этилган ўзбек ва қорақалпоқ куй ва қўшиқлари тадбирнинг янада файзли ўтишига хизмат қилди.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида ана шундай ижодий кеча ушбу ижодкорлар иштирокида туманимизнинг “Соҳибкор” МФЙ ҳудудидаги 20-сон мусиқа мактабида давом этди. Ушбу тадбирда 27-сонли мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчилари томонидан ижро этилган қорақалпоқ рақси айниқса меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари А.Бўрибоев тадбир меҳмонлари бўлган қорақалпоқ ёзувчи ва шоирларига туманимиздаги ижодкорларнинг ижод намуналари битилган “ВАТАН ичра ВАТАН” номли Булунғур ижодкорлар баёзи ва жорий йилда достончи-шоир Шавкат Бобомуроднинг “Маҳорат” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган “Фозил Йўлдош” номли достонини тақдим этди.
Тадбир сўнгида Қорақалпоқ ёзувчи ва шоирлари Фозил Йўлдош ўғлининг уй –музейи билан яқиндан танишишди.
Акмал ТЎРАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари.