Бугун туманимиздаги 36-умумий ўрта таълим мактабида “Булунғур ҳаёти” газетасида фаолият юритаётган бир гуруҳ ижодкор журналистларнинг мактабдаги ижодга қизиқувчи истеъдодли ўқувчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
“Иқтидорингни намоён эт” шиори остида ўтказилган учрашувни дастлаб мактаб директори Лола Номозова очиб, тадбирни ташкил этишдан мақсад ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг “Булунғур ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Ғуломжон Ўролов ва газетанинг масъул котиби Пўлат Чўмбоевлар қатнашчи ўқувчиларга газетани чоп этишда қандай омилларга эътибор қаратиш лозимлиги, газета саҳифаларида чоп этилаётган хабарлар ва мақолалар қандай нашрга тайёрланиши ҳамда таҳририятдаги фаолият тўғрисида тўхталиб ўтишди.
Тадбирда шоир Рустам Бердалиев ҳам иштирок этиб, ўз ижод намуналаридан ўқувчи-ёшларни баҳраманд этиб, ижод ва шеър ёзишда қандай омилларга асосий эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ёшларга тушунчалар берди.
Мактабнинг “Раққоса қизлар” жамоаси аъзолари миллий рақслари билан ҳамда санъатга ихлоси баланд ўқувчилари Зилола Ўктамова, Азизбек Қўйлибоев, Марварид Мустабовалар ўзларининг ижод намуналаридан қатнашчиларни баҳраманд этишди.
Тадбирда фаол иштирок этган ўқувчиларга тадбир ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари улашилди.
Зафар АЛИБОЕВ,
36-умумий ўрта таълим мактабининг тарғиботчиси.