ҲАРБИЙЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
Барча умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий қисмлардаги тартиб-қоидалар, замонавий техника ва қурол-аслаҳалар, ҳарбий анжомлар билан қисман бўлсада таништириш, улар тўғрисида тушунчага эга бўлишлари учун бошланғич тайёргарлик фани ўтилмоқда. Вақти-вақти билан яқин атрофдаги ҳарбий қисмларга ўқувчилар ташриф буюришмоқда. Ҳарбийлар ҳам ўз навбатида умумтаълим мактабларига ташриф буюриб, учрашувлар ташкил этишмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири яқинда туманимиздаги 42-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.
Мактаб ҳовлисида шу мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Алишер Ортиқовнинг ташаббуси билан 11“А” ва “В”-синф ўқувчиларининг туманимиздаги ҳарбий қисм аскар ва зобитлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда сўзга чиққан ҳарбий қисм командири ўринбосари, капитан Рустам Рашидов ўқувчиларни ҳарбий қисмдаги хизмат қилаётган аскар ва зобитларга яратиб берилаётган шароитлар тўғрисида гапириб, ушбу учрашувни ташкил этгани учун мактаб маъмуриятига ташаккур билдириб, бундай учрашувларни тез-тез ташкил қилиб туриш фойдадан холи эмаслигини таъкидлади.
Ҳарбий қисмда шартнома асосида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий аскарлар ўқувчиларни ҳарбий хизмат пайтида фойдаланиладиган қурол-аслаҳалар ва ҳарбий хизматчилар учун керакли бўлган палатка, махсус кўзойнаклар, дала машғулотлари пайтида озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш учун анжомлар, планшет ва унинг ичидаги зарурий ашёлар ҳамда ҳаво заҳарланиши пайтида фойдаланиладиган кийим ва жиҳозлар билан таништиришди. Улардан қандай фойдаланиш мумкинлигини ўқувчиларга кўрсатишди.
Шундан сўнг ўқувчилар ҳарбий қисмга ташриф буюриб, иккала синф ўғил болалари ўртасида ҳарбий спорт турлари бўйича мусобақа уюштиришди. Қиз болаларга эса ҳарбий тиббий тушунча берилди.
Ўқувчиларнинг ҳарбий соҳага оид берган барча саволларига ҳарбий қисм командири ўринбосари капитан Р. Рашидов батафсил жавоблар қайтарди.
Ибрагим СУЛТОНОВ, 42-умумтаълим мактабининг чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани раҳбари, истеъфодаги майор.