Яқинда туманимиздаги 22-ИДУМда туман ҳокимлиги маънавият бўлими томонидан туман Халқ таълими тасарруфида бўлган умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчилар иш самарадорлигини ошириш, уларни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ўқув-семинар ташкил этилди. Семинарда туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Насиба Мамадиёрова ҳамда туманимизда яшаб ижод қилаётган, бир қанча шеърий тўпламлар муаллифлари Рустам Бердалиев, Санжар Исомий, Ҳамроқул Маҳмудовлар ҳамда туман ХТБга қарашли умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган тарғиботчилар иштирок этишди. Дастлаб иштирокчилар ушбу ИДУМнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, ижодкор, шоира Дилбар опа Раҳимованинг “Иқтидорли ёшлар билан ишлашда маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти” мавзусидаги чиқиши билан танишдилар. Сўнгра сўз олган туман ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари Н.Мамадиёрова бугунги кунда ҳаётда ўғил ва қизларнинг ўз ўрнини топишида, келгусида комил инсон бўлиб вояга етишида бошқа соҳа мутасаддилари билан бирга тарғиботчиларнинг ҳам ўрни беқиёслиги тўғрисида сўз юритди ва биргаликда ҳамкорликда иш юритиш ижобий натижа беришини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан ёш қаламкаш, “Улғайиш азоби” шеърий тўплам муаллифи Санжар Исомий ва “Гуноҳ не қилсин”, “Шайдо юрак” каби бир қанча шеърий тўпламлар муаллифи, шоир Рустам Бердалиевлар ўз ижод намуналаридан ўқиб беришди.
Таълим даргоҳининг мусиқий тўгарак аъзолари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари тадбирнинг янада файзли ўтишига ҳисса қўшди. Айниқса ушбу мактабнинг 3-синф ўқувчиси Севара Алламуродованинг Дилбар Раҳимова томонидан бахши-шоир Фозил Йўлдош ўғлига атаб ёзган ижод намунасини ифодали тарзда ўқиганлиги ача иштирокчиларда катта қассурот қолдирди.
Тадбирда фаол иштирок этган ўқувчиларга ташкилотчилар томонидан ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшган Абдулла Қодирий, Ўткир Хошимов, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов каби буюк адиблар ҳамда бугунги кунда яшаб ижод қилаётган ватандошларимиздан Абдураҳмон Қодиров ва Ғуломжон Ўроловлар муаллифлигидаги китоблардан совға қилинди.
Тадбирда иштирок этган тарғиботчилар ўз иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар ва бундай семинарларни узлуксиз давом эттиришлари ҳақида бир тўхтамга келишди.
Акмал ТЎРАЕВ,
Республика Маънавият марказининг туман бўлими раҳбари.