Инсониятни соғлиги учун зарарли одатлар ва нарсалардан ҳимоялаш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада улар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳам яхши самара беради. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг ташаббуси билан 1980 йил 31 майдан бошлаб ушбу сана “Чекишга қарши кураш куни” деб эълон қилиниши ҳам шу мақсадни кўзлайди.
Тан олиш керак, сўнгги пайтларда тамаки маҳсулотларини чекиш ёш танламаяпти, афсусланарли томони – ёшлар ўртасида ҳам учрамоқда. Чекишга ружу қўйиб, соғлигига зарар етган инсонлар эса кашандаликнинг хавфли жиҳатларини кеч тушунишмоқда ва бундан афсусланишаяпти.
Тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилаётганига қарамасдан пана-пастқам жойларда кашандалик қилишаётган ёшлар унинг зарарли оқибатларини ҳис этишмаяпти. Тўғри, бу зарар бирдан англаб етилмаслиги мумкин. Чунки, биринчи марта чеккан инсон ўзида нохуш ҳолатлар – бош айланиши, оғриши, кўнгил айниши, умумий ҳолсизликни сезса-да, бу ўткинчи ҳолат, деган кайфиятда етарли эътибор бермай, давом эттираверади. Шу тариқа бундай инсонлар сурункали чекувчига айланишади.
Тамаки бош мия фаолиятига салбий таъсир этиб, асаб ҳужайралари фаолиятини сусайтириши аниқ. Бошқа омиллар ҳам қўшилиб, чекиш орқали кучайган касалликлар натижасида ҳар йили 5-6 миллион киши ҳаётдан кўз юмишмоқда.
Маълумотлар кўрсатишича, вояга етмаганлар ўртасида ҳам кашандалик ҳолатлари учраб туради. Айримлар эса сигаретага нисбатан носнинг зарари кам, деб ўйлаб нос чекишга ўтишган. Лекин, бу ҳам нотўғри. Чунки, носнинг таркибини тамаки талқони, оҳак, кул, пахта мойи ҳамда сув ташкил этади. Ана шундай моддаларни ўз таркибида сақлаган нос талқони тил остини буткул зарарлаб, саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Ахир, унинг аччиқ таъми ва ҳидининг ўзиёқ нималарга қодир эканлигини англатиб турибди-ку. Яна бир афсусланарли томони эса, кўпчилигимиз, айниқса ёшларнинг нос ва сигарета чекаётганига кўзимиз тушса ҳам индамаётганлигимиз. Шунингдек, сигарета ва нос сотаётган кимсаларга ҳам бу ишнинг зарарли томонлари ҳақида ҳеч нарса демаймиз. Бундай бефарқлик эса ҳам чекувчиларга,ҳам жамиятга зарар етказмоқда.
Чекиш – биринчи навбатда юрак-қон томир касалликларига олиб келади. Никотин – сурункали бронхит, “кашанда йўтали”, саратон каби оғир дардларга дучор қилади. 100 грамм тамаки ёнган чоғи 5-7 грамм тутуни ажралиб чиқади ва 20 сония давомида қонга тушиб, марказий асаб тизимига фаол таъсир этади. Натижада, инсон танасида турли касалликлар – саратон, ўпка сили, қон томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, нафас аъзоларининг яллиғланиши эҳтимоли кучаяди. Лекин, чекишнинг илк даврларида инсон танасида заҳарланиш жараёни узоқ вақт сезилмай, юзага чиқмай давом этиши мумкин.
Инсонлар саломатлигига эътиборни кучайтириш мақсадида 2011 йил 17 ноябрда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонунда алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш таъқиқланиши, таълим, спорт муассасаларидан 500 метр узоқликда жойлашган савдо объектларигина бу каби нарсалар савдоси билан шуғулланиши мумкинлиги кўрсатилган.
Кашандаликнинг олдини олиш ниҳоятда зарур. Чунки, биз кашандаликдан сақланиб саломатлигимизни муҳофаза қилишимиз мумкин. Ёшлар ва катталар ўртасида ҳам бу мавзудаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозим.
Вадим ЮСУПОВ,
вилоят наркология диспансери шифокори.
Абдураззоқ ХОЛБОЗОРОВ,
туман КТМП нарколог шифокори.