Тўй - халқимизнинг узоқ йиллар мобайнида давом этиб келаётган, ўзида миллий қадриятларни, анъаналарни мужассам қилган тантана бўлиб, ҳар бир оиланинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Аввало, тўй ҳар бир хонадоннинг шодиёнаси, ўша хонадонда содир бўлган муҳим ҳодиса. Шунинг учун ҳам кексаларимиз қўлини дуога очганда “Тўйларга етказсин” дея тилаклар тилашади.
Бугунги кунда ҳаётимизда долзарб мавзуга айланган тўйлар ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар кундан кунга турли хилдаги янги “урфлар” билан бойиб бораётганлиги кўпчиликни ташвишга солиб қўйди. Сўнги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятилари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўй-ҳашамларда, оилавий тантаналарда, маърака ва маросимларда, марҳумларнинг ҳотирасига бағишланган тадбирларда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарни менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Мамлакамиз миқёсида тўйларни ихчамлаштиришга қаратилган жуда кўп тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда, ОАВда турли хил роликлар намойиш этилмоқда, тўйлардаги исрофгарчилик, миллий қадриятларни менсимаслик ва натижада оилаларнинг бузилиб кетиши каби ҳолатларни ўзида акс эттирган фильмлар намойиш қилинмоқда. Лекин, ҳали ҳам бундай ҳолатлар жуда кўп кузатилмоқда. Бугунги туй-ҳашамлардаги кузатилаётган исрофгарчилик, инсон жисмонан ўз ошқозонида қабул қилиши мумкин бўлган меъёрдан жуда ортиқ ноз-неъматлар дастурхонга тортилиши ҳоллари учраб турибди. Ўша дабдабали тўй қилаётган айрим фуқароларимиз бир нафар бўлса-да, кам таъминланганга, ёрдамга муҳтож оилаларга кўмак кўрсатишга ёки ўзи яшаб турган кўчасининг маълум қисмини таъмирлашни хаёлига ҳам келтирмайди. Лекин, исрофгарчилик қилиб, ноз-неъматларнинг исроф ва увол бўлишига бамалол йўл қўйиб беришаётгани ҳушёр инсонларни ташвишга солмай қўймайди.
Майли, тўйлардаги дастурхон ва одам сони масаласида “розимиз”, лекин, миллий маънавиятимизга зид бўлган хатти-ҳаракатларга асло рози бўлолмаймиз. Ўз халқининг урф-одатларини, миллий қадриятларини ҳимоя қилиш ва асраб-авайлаш ҳар бир ватандошимизнингбурчи бўлиши керак. Ачинарлисини шундаки, оила қураётган ёш келин-куёвлар маълумотли, бир касб эгаси бўлишса-да, айримларида ғарб урф-одатларига тақлид қилиш ҳисси ортиб бормоқда. Намуна қилиб кўрсатадиган инсонларимиз ўзлари дабдабозликка йўл қўяётганлиги, турли “янгича” “урф-одат” ўйлаб топаётганлиги ҳолатлари ҳам афсуски, учраб турибди.Тўйларимиздаги баъзи иллатлар айнан фарзандларнинг кўнглига қарашдан келиб чиқяпти. Ёшлар эса... жўраси, дугонасига тақлид қилади, ундан заррача ортда қолгиси келмайди. Демак, кимўзарчилик ёшларга ҳам «юқиб» улгурган.
Яна битта ҳолатни айтиб ўтмасак бўлмайди. Тўйларимизда саъаткорларнинг, айниқса раққосаларнинг давра оралаб турли хил шармсиз ҳаракатлар орқали меҳмонлардан пул териши ҳолати ҳам бугунги кунда ёшларимизни тарбиясига салбий таъсир қилаётганлиги сир эмас. Биз ушбу ҳолатларга бефарқмиз ёки кўриб кўрмаганликка олиб келмоқдамиз. Ваҳоланки бу ҳолат ёшларимизнинг, айниқса ўсиб келаётиган болаларимизнинг маънавий дунёқарашига салбий таъсир этмай қолмайди.
Туманда ушбу ҳолатларнинг олдини олиш, таъбир жоиз бўлса бироз юмшатиш, ўзбек халқининг маънавиятини асраб авайлаш, ёшларни тўғри тарбиялаш, болалар тарбияси ва соғлигига зарар берувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, тўй-ҳашамларда ортиқча дабдабабозликка барҳам бериш, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясининг қарорида кўра тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар ҳотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш масалалари бўйича комиссия тузилди. Комиссиянинг вазифаси оилавий тадбирларни ўтказишни тартибга солиш, тарғибот ишларни олиб бориш, ўрнатилган тартиб-қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш, тартибга риоя қилмаганларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар тайёрлаш, оилавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ миллий ва диний қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тарғибот ишларни олиб бориш, оилавий тадбирларнинг ортиқча сарф-харажатларга сабаб бўлувчи янги турлари ўйлаб топилишининг олдини олиш каби вазифаларни амалга оширди. Комиссия ўз олдига қўйган вазифаларни бажаришда давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилишни ўз олдига мақсад қилган.
Алижон ШОКИРОВ,
Тўй-хашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар,
марҳумларнинг ҳотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишни
тартибга солиш масалалари бўйича туманкомиссияси раиси,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.