Сўнгги 25-30 давомида алкоголь маҳсулотлари истеъмоли жаҳон мамлакатларининг деярли барчасида кўпайиб бораяпти. Бу эса ўз навбатида ўша мамлакатлар аҳолисининг турли қатламлари ҳаётига кириб бориши туфайли уларнинг меҳнат муносабатлари ва ҳаёт даражаси пасайишига, шунингдек жиноятчиликнинг ўсишига олиб келмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра дунё аҳолсининг деярли ярми спиртли ичимликлар истеъмол этишига қарамай ундан касалланиш ва ўлимга олиб келиш кўрсаткичлари бўйича учинчи ўринда бўлиб, чекиш, кам вазнда туғилиш, ОИТС туфайли юзага келаётган ўлим ҳолатларидан кейинда туради.
Дунё бўйича энг кўп алкоголь маҳсулотлари истеъмоли туфайли эрта ўлим ҳолатлари Европа ҳудудларида кўпроқ кузатилади ва ўлим ҳолатларининг 40 фоизини ташкил этади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосасига кўра аҳоли жон бошига бир йил давомида 8 литр тоза алкоголь маҳсулотлари истеъмоли ўртача кўрсаткич ҳисобланади. Бу кўрсаткич меъёридан ошганда эса саломатлик учун катта хавф юзга келади, чунки инсон соғлигига жиддий зарар етказади. Негаки, кўрсаткич ўртачадан ошса, аниқроғи меъёрдан атиги бир литрга кўпайса эркаклар умри 11 ойга, аёлларники эса 4 ойга қисқаради.
Жаҳон статистикаси маълумотларига кўра меъёрдан ортиқ алкоголь истеъмоли натижасида ҳар йили 2 миллион киши вафот этаяпти. Бу умумий касалланишнинг 4 фоизини ташкил этади.
МДҲ давлатларидан Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотлари истеъмоли бошқа давлатларга нисбатан кам. Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистонда ўртача. Россия, Украина, Белоруссия ва Молдавияда эса меъёрдан кўп.
Ичкиликбозлиқ турли мамлакатларнинг иқтисодиётига жиддий зарар етказади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра алкоголь маҳсулотлари билан боғлиқ харажатлар жамиятда умумий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар қийматининг 2-5 фоизини ташкил этади. Ичкиликбозлик ва алкоголь маҳсулотларининг турли мамлакатлар иқтисодиётига етказаётган зарари эса тобора ошиб бораяпти. Ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар меҳнат даражасиининг пасайишига олиб келади, тиббий ёрдам билан боғлиқ харажатларни кўпайтиради. Шунингдек, ичкиликбозлик туфайли содир этиладиган жиноятлар жамиятда соғлом турмуш тарзини издан чиқаради.
Абдураззоқ ХОЛБОЗОРОВ,
туман Кўп тармоқли марказий
поликлиникаси невролог шифокори.