Бизнинг “Булунғур оилавий шифокор пункти”мизда Президентимиз фармонига асосан “Саломатлик штаби” тузилган. Штаб аъзоларидан иборат тиббий ходимларимиз - шифокорлар ва ҳамшираларимиз тўртта гуруҳга бўлиниб, аҳоли ўртасида хатлов ва антиполиметрия ишларини аниқ режа асосида олиб боришмоқда.
Пунктимизда аҳоли саломатлигини сақлаш ва ҳар қандай касалликларнинг олдини олиш учун барча замонавий тиббий асбоб-ускуналар мавжуд. Тиббий ходимларимиз Янгиобод, Бешқўтон, Боғбон, Янгиариқ МФЙларида яшовчи 9287 нафар фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини жамоамиз билан биргаликда ўқиб чиқдик. Унда халқимизнинг дилидаги гаплар айтилган. Янги 2021 йилда биз шифокорлар учун бундан ҳам яхшироқ шароитлар яратилиши ҳаммамизни қувонтириб юборди. Бу албатта, шифокорлар зиммасига элимиз, халқимиз саломатлиги йўлида, айниқса, ёшларимизнинг соғлом, баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун зиммамизга катта масъулият юклайди. Албатта, биз шифокорлар учун яратилаётган бундай кенг имкониятлардан тўла фойдаланиб, халқимиз саломатлиги йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилаверамиз.
Айни пайтда тиббиёт ходимларимиздан шифокор Саодат Хидирова, патронаж ҳамшираларимиз Дилноза Юсупова, Гулчеҳра Холбекова, Насиба Данабоева, Нодира Абдуғаниева, Саида Содиқова, Нилуфар Мавлоновалар аҳоли ўртасида “Соғлом турмуш” мавзусида тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, руҳий тетиклик, кўтаринки кайфият ҳар бир дардга малҳам борлиги, тамаки чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилишдан йироқ бўлишлик, зарарли одатлар саломатликка путур етказиши ва умрни қисқартириши каби мавзуларда тушунтириш ишларини олиб боришмоқда .
Тиббий ходимларимиз шу билан биргаликда аҳоли ўртасида Президентимиз Мурожаатномаси асосида ҳам кенг миқёсда тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.
Шарофат НОРМАТОВА,
“Булунғур оилавий шифокор пункти” мудираси.