Самарқанд замини жаҳоннинг энг қадимдан ривож топган марказларидан бири: табиий бойликлари беҳисоб, ҳавоси ёқимли ва одамлари меҳнаткаш, ҳунарманд, обод, савдо йўлари ўртасида жойлашган бу ўлкада не-не ҳукмдорлар, истилочилар, жанглар бўлган, турли халқлар, қабилалар яшаган, улар кўплаб тилларда сўзлашган юртдир. Шуларнинг ҳаммаси -кишилар, тиллар, динлар, маданиятлар маҳаллий шароит билан, қадимдан ўз анъанаси бўлган ўзбеклар (туркий) ва тожиклар (форс) маданияти билан қоришиб кетган. Бу жараёнлар вилоятнинг жой номларида ҳам намоён бўлади.
Тарих саҳифаларини варақлаганда бир жойнинг ўзи маъно жиҳатдан икки, ҳатто ундан кўпроқ ном билан аталганини кўрамиз. Бу эса жой номларини изоҳлашда анча мураккаблик туғдиради. Шусиз ҳам топономика (жой номларини ўрганувчи фан)да ҳар бир жой номининг икки томони бор: сирти ва ичи. Сиртдан қараганда ҳар бир ном атоқли от бўлиб кўринади. Аммо номнинг ички томони ҳам борки, уни кўриш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Айниқса, жой номларини тўғри изоҳлаш эса изланувчидан юқори билим талаб қиладиган ўта мураккаб масала бўлиб келмоқда. Шу сабаб бу соҳа билан камдан-кам кишилар шуғулланади. Натижа эса кўриб турганингиздек. Ёшлар у ёқда турсин, биз катталар ҳам вилоятимиз туманлари номининг маъносини унча яхши билмаймиз.
Хўш, унда бугунги “Самарқанд вилояти туманлари номининг маъноси нимани англатади?” деган саволнинг туғилиши табиий ҳол. Келинг, уларни алфавит тартибида илмий китоблардан излаб ўрганамиз:
Булунғур - табиий сув тармоғи, шаҳар, туман. Кўп китобларда Булунғур сўзини мўғулча “лойқа сув” деб изоҳлаган. Лекин, у мўғулча “лойқа сув” эмас, соф туркий сўз бўлиб, “ғор суви” маъносини билдиради (“Булунғур - Булунгурми ёки Булунгир”, “Булунғур ҳаёти” газетаси, 2020 йил 21 октябрь сонига қаранг).
Жомбой - шаҳар, туман. З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар ўзларининг “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати” китоби (Тошкент, 1977 йил , 62-бет)да “Жомбой - қишлоқ. Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида. Топонимнинг жом ёки жом - “бекат, истеҳком” сўзи билан алоқаси йўқ. Э. Кўйчибоевнинг айтишича “Жомбой номли топоним Қозоғистоннинг Гурев вилоятида ҳам бўлиб, этник ном асосида вужудга келган. Жомбой Қозоқларнинг бир уруғи номи” (Краткий топонимический словарь, 96-бет) деб изоҳлаган.
Иштихон - шаҳар, туман. С.Қораевнинг “Географик номлар маъноси” китоби (Тошкент, 1978 йил, 62-бет)да “Иштихон - қишлоқ. Самарқанд вилояти Иштихон тумани. Ривоятларга кўра, Самарқанддан Иштихонгача қувурда оқизилган қимизни подшо татиб кўрганда халқ “қимизни ичди хон, хон ичди” деганидан буён қишлоқ Ичтихон (кейинчалик Иштихон) деб аталган эмиш. Ўрта Осиёдаги энг қадимий топонимлардан бири.
Тарихчи О.И.Смирнова фикрича “Иштихон сўзи сўғдча “саккиз ариқли, саккиз каналли” маъносини билдиради (Ишт – ҳашт - саккиз; хан – кан - канал”.“Очерки из истории Согд” (“Сўғд тарихидан очерклар”) китоби (Москва – 1970 йил, 62-бет)да изоҳ берилган.
Каттақўрғон - шаҳар, туман. Уни “Жой номларининг қисқача луғати” (79-бет)да “Каттақўрғон - Самарқанд вилоятида Зарафшон водийсининг текислик қисмида. Нарпай каналининг чап соҳилида … . Топоним “катта” ва “қўрғон” сўзларидан ташкил топган бўлиб, “Катта шаҳар, катта қалъа” демакдир. Э.Мурзаев “катта” сўзини Эрон тилидаги “Канта” (ўралган, қазилган) сўзи билан боғлайди. “Қўрғон” - “тепалик” деган маънода бўлиб, Каттақўрғон - “тепаликдаги шаҳар, тепадаги истеҳком” деган маънодадир” (Средняя Азия-Ўрта Осиё, Москва – 1957 йил, 247-бет) деб изоҳлайди.
Нарпай - канал, туман. Бу «Географик номлар маъноси» китоби, 83-бет)да “Нарпай - Самарқанд вилоятида Зарафшондан чиқарилган қадимий канал. Тарихчи Таборий (IХ-Х асрлар), Ибн Ҳавқал асарларида (Араб географлари кутубхонаси, I I, 370 – 374-бет). Наҳри Қай шаклида тилга олинган (лекин Истахрида Наҳри Фай ёзилган. Араб географлари кутубхонаси, I, 309-бет). Немис шарқшуноси И.Маркварт ҳам бу номни Наҳри Қай деб ўқиган. В.И.Вяткин, Вақф ҳужжатларини ўрганиб, Сўғднинг энг обод қисмини суғориб келган бу каналнинг номи тўғриси Наҳри Пай эканлигини исбот қилди («Материали к исторической географии» - «Тарихий географик материаллар», 48-бет). Наҳри Пай («Наҳр» - арабча “ариқ, канал”) - бора-бора Нарпай (маҳаллий талаффузда Норпой) бўлиб кетган), деб изоҳланган.
Нуробод - туман. Нуробод топоними икки компонентдан тузилган. Номнинг биринчи қисми «Нур» -“тоғ, тоғ тизмаси” сўзи билан боғлиқ. Иккинчи қисми «обод» - “қишлоқ, қалъа, аҳоли манзили” каби маъноларни ифодалайди. Демак, Нурободни «Тоғли қишлоқ» деб аташ мумкин. Яна уни Нурли қишлоқ десак ҳам бўлади.
Оқдарё - дарё, туман. Оқдарё - Зарафшоннинг иккига (Қорадарё ва Оқдарё) ажралиб, кейин бирлашишидан Миёнқол оролини ҳосил қилувчи ўнг тармоқдир. Номнинг биринчи қисмидаги “Оқ”ни Ҳ.Ҳасанов ўзининг “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” китоби (Тошкент, 1965 йил, 28-бет)да “Географик номлар таркибидаги оқ ва қора сўзлари фақат ранг маъносида эмас, балки бошқа-бошқа маъноларда бўлади” деган бўлса, С.Қораев ўзининг “Географик номлар маъноси” китоби (94-бет) да “В.В.Бартолъднинг кузатишича (Бартолъд, II I, 316-бет ) “табиий ўзанда оқадиган сув, оқсув ёки Оқдарё, канал қазиб оқизилган сув эса Қорасув ёки Қорадарё деб аталади" деб изоҳлаган.
Пайариқ - канал, туман. С.Қораев ўзининг “Географик номлар маъноси” китоби (83-бет)да Пайариқ сўзининг маъносини “сал юқорироқда Зарафшондан бошланадиган Пайариқ канали Нарпай номининг туркий вариантидир” деб қисқа ва лўнда изоҳланган. Яна номдаги “пай” сўзининг ўзбекчада “оёқ, этак” маъносида келишини ҳам унутмаслик керак.
Пастдарғом - канал, туман. Пастдарғом номининг биринчи қисмидаги “Паст” сўзи дарёнинг “чап, қуйи томони” маъносида келса, “дарғом” қисмининг топономини З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар ўзларининг “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати” (48- бет)да “Дарғом - Зарафшон дарёсидан чиқарилган қадимий канал, ариқ. Тарихий манбаларда ариқнинг эрамиздан аввалги V - IV асрларда қазилганидан ҳабар беради. Клавдий Птоломей тузган харитада (I I аср) бу ариқ номи “Дорғомони” шаклида тилга олинган. Бу номнинг биринчи қисми “Дарғ” - “Узун”, иккинчи қисми ом - “об” ўзгарган шаклидир. Бинобарин, “Дарғом” ёки “Дарғоб” - “Узун ёки катта сув” демакдир”, деб изоҳлаган. Демак, бундан кўринадики Пастдарғом - “Қуйи катта сув” маъносини билдирар экан.
Пахтачи - туман. Пахтачи деб ғўза экиш, пахта етиштириш билан шуғулланувчи деҳқон тушунилади. Уни топономист Қ.Ҳакимов ўзининг “Топономика” (Тошкент, 2016 йил, 158-бет) китобида “Пахтакор, Пахтачи, Пахтали… каби аҳоли манзиллари бевосита пахтачилик касбида эришган ютуқларнинг натижасида тарих саҳифаларидан жой олган номлар сарасига киради”, деб изоҳлаган.
Самарқанд - бу ерда Самарқанд шаҳри эмас, унга туташ туман кўзда тутилган. Шундай бўлсада, ном бир хил бўлгани учун маъно ҳам бир хил бўлади. Уни Ҳ.Ҳасанов ўзининг “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” китоби (50-бет)да “Самарқанд – туркий тилда Самарқанд - маърифат шаҳарларидан бири” (Беруний, “Қонуни Маъсудий”, I I, 576-бет ), “Ўғизлар ва улар билан яқин турувчилар… Самарқандни катталиги учун Самизканд – семиз шаҳар дейдилар. Буни Форслар Самарқанд тарзида қўллайди” (М. Қошқарий, Девони луғотит турк, I, 330-бет), “Мўғул ва турк улуси Семизканд дерлар” («Бобурнома”, 104-бет) деб ёзади.
Учала атоқли ватандош олимларнинг фикрлари бир: «Семизкенд» – “Бой” маъносида келмоқда. Буни туман деб қарайдиган бўлсак, деҳқонлар “Семиз тупроқ” деб бой ва серҳосил ерни атайдилар”, деб изоҳлаган.
Тойлоқ – туман. Бу номнинг биринчи қисмидаги «Той» сўзини “Зомин тил қомуси” китоби (Тошкент, 2012 йил, 226-бет)да “Той – бир ёшгача бўлган йилқи боласи…”, деб изоҳлаган. Уни С.Қораев ўзининг Географик номлар маъноси (118-бет) китобида “Эндигина туғилган туя боласи бир ёшгача бўта – бўталоқ, бир ёшдан ошса тойлоқ дейилади. Лекин, бу туман бевосита туя ёки йилқи боласи эмас, балки тайлоқ (тайлоқли) деган уруғ номи билан аталган. Чунки, ўзбекларда, қорақалпоқларда тайлоқ деган уруғ (этноним) бор, хусусан Самарқанд вилоятида Тайлоқ деган жой (туман) бор”, деб изоҳлаб келтирган.
Ургут – шаҳар, туман. Бу номнинг маъносини “ Жой номларининг қисқача изоҳли луғати” (138-бет)да “Топонимнинг тарихий манбаларда Аркут формаси учрайди. С.Қораевнинг берган маълумотларига қараганда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам «Ургут» номли жойлар учрайди. Масалан, Фарғона водийсида, Хоразмда. Шундай экан, топонимни Арғу қабиласи номи билан боғлаш мумкин. М.Қошқарий «арғу – турк қабиласи номи», деб ёзади. (Девони луғотит турк, I, 65-бет,114-бет). Топонимнинг қадимги манбалардаги варианти ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Қиёс қилинг: «Аркутарғу» - қадимги туркий ва мўғул тилларида кўплик ҳосил қилувчи қўшимчадир. Ургут- “аргут, арғулар” маъносини билдиради”, деб изоҳланган.
Қўшробот – туман. Бу топонимнинг биринчи қисмидаги «қўш» сўзини тилшунос – Б.Тўйчибоев ва Қ.Қашқирлилар ўзларининг “Зомин тил қомуси” (233-бет) китобида Қўшработни “яйловда чўпонлар қўнадиган манзил” маъносини билдиради», дейди. Қолаверса, дастлаб туркий (қипчоқ шеваси) тилда “Х” товуши бўлмаган, унинг ўрнига “Қ” ишлатилган. Шундай экан, бу ердаги «Қўш» – «Хўш» ёки «Хуш» маъносида келади. Иккинчи қисмидаги «Робот»ни “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати» (119-бет) да «Робот ёки Ровот географик термин бўлиб, жуда катта ҳудудларда тарқалган. В.В.Бортолъд бу термин арабча бўлиб, олдин Рабод шаклида қўлланилган ва “Шаҳар девори”, “Шаҳарнинг ташқи қисми” маъносини англатган”, дейди. Шунингдек, у “Робод ва Ровот ҳамда Рибот терминлари орасида фарқ борлигини айтган. Робот – “Чегара пости, истеҳком, қўрғон” деган маъноларни билдиради”, деб ёзади. Демак, шулар асосида Қўшроботни – “Чўпонлар қўрғони” ёки қулай жойлигидан “Хушробот – ёқимли қўрғон” дейиш ҳам мумкин.
Яна бир гап: агар сизда ўз туманингиз номи маъноси ҳақида бошқача изоҳлар бўлса, бу ишим учун узр сўрайман.
Сафарали ЖАЛИЛОВ.