(Ростов – Ростовсево номининг қисқартирилган варианти)
Ўтган ХХ асрнинг 60-йилларида биз 4-5 ёшли бола эдик. Эсимда қолгани Мулла Жалил катта отам ва у кишининг амакиси бўлмиш Мулла Аҳат бобомлар (12 ёшларида бири Самарқанд яна бири Бухоро мадрасаларида 8-12 йиллаб таълим олиб, 1924 йилларда қишлоққа мулла бўлиб қайтган) қўшни ўтирар ва деярли ҳар куни бир-бирларидан хабар олишга чиққанларида ўқиган китоблари хақида бир-бирига сўзлаб беришлари билан бирга, гап бошқа томонга бурилса, албатта, "Эшитдингизми, Ростопда ундай бўлибди" ёки "бундай бўлибди" деганларини тушунмасамда, эшитиб, ёнларида мирзочалаб ўтирар эдим.
Орадан йиллар ўтиб биз ҳам катта ота бўлдик. Ўша болалигимни, катта отам ва катта бовамларни соғиниб эслаганимда Ростоп сўзини ҳам эслайман. Лекин, шу пайтгача ҳеч бир китобларда учратмадим. Шунда катта отамдан 3 йил кейин ўтган катта бобомдан "Растоп деганлари қандай жой" деб сўраб қолмаганимдан афсусланаман.
Яхшиям шунда Тошкент университетида таълим олиб юрганларимда устозимиз Ҳ.Ҳасановнинг "Ўрта Осиё жой номлари тарихидан" рисоласи (Т. 1965)ни олганим ва унда "ҳар бир жой номи у ўзининг қаердалигини айтиб туради" деган сўзлари эсимга келиб қолди. Демак, энди Ростопнинг қаердалигини унинг номини ва маъносидан излашим керак бўлади.
Хўш, Растоп сўзининг маъноси нима? Ростоп сўзи - ўзбекча ном (балки русча) бўлиб, номнинг биринчи қисмидаги Рос (Россияни Руссия дегани сингари ) - рус, иккинчи қисмидаги топ-тўбни топономист Т.Нафасов ўзининг "Қашқадаё қишлоқ номаси" (Т.2009, 431-б)да яшайдиган жой, қишлоғи деган маъноларини билдиради, деб изоҳлаган. Демак, Ростоп - руслар қишлоғи деган жой . Ёки у русларнинг ўзлари томонидан номнинг қисқартирилган кўриниши бўлиши мумкин. Худди русларнинг ўзлари Александр исмини қисқача Алек деб аташлари сингари. Бу бир тахмин...
Хўп, унда Ростоп деган ном қаердан пайдо бўлган?
Ростоп номининг маъноси ўзидан маълум бўладики, у ўлкамиздаги кўпгина қишлоқлар номи сингари руслар яшайдиган жой дегани. У аслида Ростовсево бўлиб, ҳозирги Булунғур темир йўл бекатига тўғри келади. Бундан бир неча йиллар илгари Ростовсево номи маъносини ўзимча, оддийгина, ундаги "рос"ни "рус", "тов"ни "ўртоқ", "ссевони" село (русча) "қишлоқ" деб ўйлаб, уни "Рус ўртоқлар қишлоғи"деб изоҳлаб юрганман.
Кейин билсам у Булунғурдаги темир йўл бекатига берилган ном, рус генералининг отаси (фамилияси) Ростовсев бўлган экан.
Хўш унда нима учун Ростовсевони Ростоп деб аташган?
Қадимдан ўзбек топономикасида (жой номларини ўрганувчи фан) бир қоида борки, унга кўра ҳар бир жойга ном беришда аввал унинг қандай жойда жойлашганлигига қараб, кейин кимлар яшаганини билдиришга эътибор қаратиб ном танланади. Шундан Ростовсевони Ростоп, руслар қишлоғи деб аташган.
Хўп, унда қандай қилиб бу ерга Ростовсев номи келиб қолган?
Ўзбекистон тарихидан маълумки, 1868 йил 2 май куни рус қўшинлари Самарқанднинг кун чиқишидаги Чўпон ота тепаликларида Бухоро амирлиги лашкарлари билан тўқнашиб, жанг бўлади. Уруш руслар ғалабаси билан тугайди. Натижада амирлик ерлари Россия мулки бўлиб қолади. Шундан бошлаб талончилик бошланади. Олдин мустамлака ўлкаларнинг ер усти бойликлари (пахта, пилла, қоракўл тери, қуритилган мева ва маданий ёдгорликлари)ни, кейинчалик ер ости бойликларини (олтин, кумуш, мис)ни дастлаб от-туя карвонларда ташишни бошлаган бўлса, кейинчалик тез ва кўпроқ олиб кетиш учун темир йўл қуришни бошлайди.
Шунда дастлаб, Фароб-Самарқанд (1886-1888 йиллар) йўналишида темир йўл қурилган. 1887 йил ҳозирги Ғаллаорол ва Булунғур ўртасида қурилган темир йўл бекатига Россия подшоси (оқ подшо ) Николайнинг ҳарбий вазири А.Р.Кропоткинга Кропоткино номи ва Булунғурдаги бекатни генерал Н.Ю.Ростовсев номига Ростовсево бекати деган ном беради (уларни бизга 1938 йил туғилган, миллати рус, узоқ йиллар Булунғур район партия қўмитасида учинчи ва иккинчи котиба бўлиб ишлаган В.Н. Усмонова айтиб берган).
Дастлаб темир йўл бекати номи бўлган Ростовсево, кейинчалик (1926 йилгача ) бутун район маркази номига айланган. Бу ерда Ростовсев номининг Ростовсево бўлиб қолишидаги "о" қўшимчасини топономистлар З.Дўсимов ва Ҳ. Эгамовлар ўзларининг "Жой номларининг луғати" (Т. 1977. 8-б)да "русча жой номларининг эгалик қўшимчаси" деб изоҳлайди.
Демак, изоҳдан маълум бўладики, Ростовсево бекати жаноб Н.Ю.Ростовсевга тегишли мулк қилиб берилган жой бўлган. Хўш, унда Ростовсевнинг Болшой Михайловка ва Валиновск номлари билан қандай алоқалари бор?
Бу гапнинг чиқишига Самарқандлик топономистлар Н.Бегалиевлар ва А.Туроповлар сабабчи бўлган. Чунки, улар ўзларининг "Самарқанд топономияси" китоблари (Самарқанд.2015. 37-б) да "Булунғур туманидаги темир йўл бекатининг номи Болшой Михайловка деб ҳам аталган", деб ёзган.
Унинг нима учун бундай аталганлигини хам кўплардан сўраб суриштирдим. Ҳеч бир жўяли жавоб чиқмади. Охири яна Валинтина опадан сўрашга тўғри келди. Опанинг айтишича, ўша вақтларда Самарқанд генерал-губернатори Абрамов Украина ва Россиянинг турли ўлкаларидан ер сўраб келган деҳқонларга Булунғур ҳудудидан ер ажратиб беришни генераллар Валинов ва Михайловларга топширади. Улар Булунғур сойининг ўнг ва чап қирғоқларидан уй қуриб, деҳқончилик қилишлари учун ер ажратиб беради. Шу тариқа ўнг қирғоқда ташкил топган рус қишлоғи Михайловка ва чап қирғоқда бунёд этилган қишлоқ Валиновск деган ном билан атала бошлайди. Кейинчалик Валиновск қишлоғи шу даражада кўчиб келувчилар ҳисобидан тез кенгайиб бориб, Ростовсево бекатларигача етиб боради. Михайловка эса унча йириклашмай қолади. Лекин, дастлаб Михайловка тез ўсиб, анча жойни эгаллаб, катта қишлоқ бўлганда Болшой (катта) Михайловка номини олган бўлган. Ундан сўнг Валиновск Ростовсево билан бирлашиб, умумий Ростовсево бўлиб кетади. Лекин, тарихда Болшой Михайиловка номи шундан, деб тушунтирди.
Мана, орадан бир ярим асрга яқин вақт ўтсада, Булунғур темир йўл бекати қарама-қаршисида пишиқ ғиштдан қурилган бир бино "мен Ростовсевман" деб ўша даврлардан тилсиз гувоҳлик бериб турса, Булунғур туман Тиббиёт бирлашмаси ҳовлисида бир бино "мен Валиновман" деб, ҳамон беморларга хизмат қилиб келмоқда. Нима бўлгандаям қисқа (1887 йилдан 1926 йилгача) даврда у Булунғур райони маркази бўлган. Уни Ўзбекистон Марказий архиви берган маълумотда "Самарқанд области, Булунғур райони 1926 йил 29 сентябрда" ташкил этилганда унинг маркази Ростовсево бекати бўлган" деб кўрсатилган.
Қолаверса, Самарқандлик топономистлар Н. Бегалиев ва А. Туроповлар ҳам "Самарқанд топономияси" китоби (Самарқанд. 2015. 36-б) да "Булунғур туман маркази номи 1926 йил аҳоли рўйхатида Ростовсево бекати деб тилга олинган " деб ёзган."
Демак, бугунги Булунғур тумани илк ташкил топган вақтларда унинг маъмурий маркази биз ўрганган Ростовсево биноси бўлган.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси География жамияти фахрий аъзоси.