Мактаб – ёш авлодга илм-маърифат берибгина қолмай, уларнининг маънавий дунёсини бойитишга, баркамол инсон бўлиб вояга етишига имкон яратувчи қутлуғ даргоҳ ҳамдир. Шу боисдан, мактабимизда ёш авлодни илм зиёсидан баҳраманд этиш билан бирга уларнинг онги, дидини юксалтиришга ҳам эътибор қаратаяпмиз. Бунда мактаб ҳудудини ободонлаштириш, гул, мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари экиш, замонавий майсазорлар яратишдан фойдаланаяпмиз.
Якунланаётган ўқув йилида ўқувчиларимиз икки қаватли замонавий бинода таҳсил олишди. Янги бинода ёш авлоднинг чуқур билим олиши учун замонавий шароитлар яратилган, зарур ўқув жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган. Ана шундай таълим даргоҳи ҳудудини ободонлаштириш замон талабидир.
Шу боисдан, мактаб ҳудудида боғ ва майсазорлар яратиш, мевали ва манзарали дарахтлар экиб кўркамлаштиришни жамоамизнинг вазифаси этиб белгилаганмиз.
Айни кунларда 32 туп арча, 50 туп олхўри, 20 туп гилос, 300 туп терак, 25 туп атиргул мактабимиз ҳудудига кўрк бағишлаб турибди. Мевали ва манзарали дарахтлар орасига оралиқ экинлар экиб, уларни парваришлашни бутун жамоамиз кучи билан амалга ошираяпмиз.
Бу ишларга маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Тоҳир Эшмуродов масъул ва бош-қош.
Ўқувчи мактабда илм сирларини ўрганибгина қолмай, бу маскандаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўриб, бундан ҳам ўзи, ҳам оиласи учун ибрат олади, уни амалда қўллайди.
Демак, инсон сифатида янада комиллик сари интилади. Ўқувчиларда ана шундай эзгу хислатларни шакллантириш эса биз устозларнинг бурчимиз ҳамдир.
Гавҳар ЧОРИЕВА,
20-умумтаълим мактаби директори.