Ҳар йили мамлакатимизда 9 май – “Хотира ва Қадрлаш куни”ни кенг нишонлаш, иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, орамиздаги барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш мақсадида байрам тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

Ҳар бир инсон юрт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшиш учун яшайди. Шундай одамлар борки, улар халқ фаровонлиги йўлида ҳаттоки, жонларидан кечишган. Булар иккинчи жаҳон урушида тинчлик учун курашган юртдошларимиздир. 9 май - “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан туманимизда ҳам байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги, нуронийлар ҳамда фронт ортида хизмат қилган фахрийлар, афғон уруши қатнашчилари, тумандаги ташкилот ва корхоналар вакиллари қатнашдилар.
Тадбир иштирокчилари аввал Хотира майдонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишиб, таъзим бажо келтиришди. Шундан сўнг иштирокчилар байрамга бағишланган тадбирга йиғилдилар. Байрам тадбирини туман ҳокими Баҳодир Баҳрамов очиб, иштирокчиларни ва барча булунғурликларни байрам билан табриклади.
Байрамга бағишлаб тадбир қатнашчилари учун Булунғур Маданият маркази ходимлари томонидан концерт дастури тақдим этилди.