Туман ҳокимлигида 9-май – Хотира ва қадрлаш кунини юқори савияда ўтказилишини таъминлаш юзасидан байрам тадбирини ўтказишга мутасадди ташкилот ходимлари билан кенгашиб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 5.000.000 сўм миқдордаги бирйўла пул мукофотини 2018 йил 1 майга қадар туман ҳокими, “Нуроний” жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши, туман Мудофаа бўлими вакиллари билан биргаликда уруш қатнашчиларининг хонадонларига ташриф буюришиб, санъаткорлар иштирокида тантанали равишда топширилиши режалаштирилди. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари томонидан “Меҳрибонлик гуруҳлари” ташкил қилиниб, улар шу бугундан бошлаб уруш қатнашчилари ва уруш орти иштирокчиларининг хонадонларига ташриф буюришиб, томорқаларда экин-тикин ишларида, ҳовли саранжомлиги, ободонлаштириш ва бошқа юмушларда кўмаклашиш бўйича вазифалари белгилаб олинди. Туманимиздаги 103 нафар уруш орти қатнашчиларининг ҳар бирига туман ҳокимининг озиқ-овқат маҳсулотлари жойланган совғаларини ҳам шу куни улашилиши назарда тутилди.
Байрам тантаналари арафасида туманимиздаги таълим муассасалари ўқувчилари ҳарбий қисмларга бемалол ташриф буюришиб, у ердаги аскарларнинг шарт-шароитлари, ҳарбий техникалари, машқ майдончалари, кутубхона ва овқатланиш хоналари билан яқиндан танишишлари мумкинлиги, шунингдек, ҳарбий қисм аскарлари таълим муассасаларига ташриф буюришиб, ёшлар билан учрашувлар ташкил қилишлари белгилаб олинди.
Ўз мухбиримиз.