9 май - Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 73 йиллиги туманимизда кенг жмоатчилик иштирокида нишонланди.
Байрам арафасида туман марказидаги Хотира майдонида Мотамсаро она ҳайкали, хиёбондаги Фозил Йўлдош ҳайкали, 18-умумтаълим мактабида ҳовлисида мустақиллигимизни ҳимоя қилишдаги жангларда қаҳрамонларча ҳалокбўлган Маъруфжон Ражабовнинг бюсти очилишига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Тадбирлар доирасида ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, ёд этилди.
Театрлаштирилган тадбир доирасида радиодан юракларни ларзага солувчи овоз янгради...
"Внимание, говорит Москва..." сўзлари билан машъум уруш бошланганлиги тўғрисидаги шум хабар эълон қилинди. Далада меҳнат қилаётган деҳқонлар, катта-ю кичиклар кетмонларини ташлаб урушга отландилар. Дала ишлари, кетмонлар кексалар ва хотин-қизлар қўлида қолди. Урушга кетаётган йигитларимизга ризқи билан эсон-омон қайтиб келишлари учун нон тишлатишди. Шундан сўнг қирғинбарот уруш бошланди. Жангчиларимиз бир олға бориб, бир ортга чекиниб, душманга қақшатгич зарбалар бердилар. 1945 йил 8 май куни радиодан уруш тугаганлиги ва фашизм устидан ғалаба қозонилганлиги ҳақидаги хушхабар эълон қилинди.
Туман ҳокими Б. Баҳромов Буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган булунғурлик уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар ҳамда тадбир иштирокчиларини қизғин табриклади. Тадбир иштирокчилари Мотамсаро она ҳайкали, Фозил Йўлдош ҳайкали ва 18-умумтаълим мактабидаги Маъруфжон Ражабов бюсти пойига гулчамбарлар қўйишди.
Тадбир давомида чегарачиларимиз махсус ўргатилган итлар ёрдамида саҳна кўринишлари намойиш этдилар. Ёшлар танклар, пулемётлар ва автоматлар билан танишдилар.
Уруш иштирокчилари, фронторти меҳнат фахрийлари ҳамда туман фаоллари “Дийдор” базмгоҳида ёзилган байрам дастурхони устида ширин суҳбатлашдилар.
Ўз мухбиримиз.