9 май - Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан 1941 – 1945 йилларда иккинчи жаҳон урушида мардларча иштирок этиб, оламшумул ғалабани қўлга киритишга муносиб ҳисса қўшган ҳамюртларимиздан Нурли йўл маҳалласида яшовчи 93 ёшли Азим бобо Қаршибоев ҳамда Ниёзмат маҳалласида яшовчи 92 ёшли Ўрозали бобо Пирмановларга Президентимиз Фармонига асосан 5 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди.
Туман ҳокими Б.Баҳромов туман Мудофаа бўлими ва чегара ҳарбий хизматчилари, мактаб ўқувчилари ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида уруш иштирокчиларини Буюк Ғалаба билан табриклаб, мукофотларни ҳамда Президент совғаларини тантанали равишда топширди.
– Мен 17 ёшимда қирғинбарот урушда иштирок этиб, Буюк Ғалабани Венгриянинг Будапешт шаҳрида кутиб олдим, - дейди Азим бобо Қаршибоев. Бобо даҳшатли уруш ҳақидаги таассуротларини гапириб, тадбир иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб берди.
– Эндигина 16 ёшга кирганимда урушга олиб кетишди, - дея эслайди Ўрозали бобо Пирманов. – Ёш бўлишимга қарамасдан душманга қақшатгич зарба беришда иштирок этдим. Фашист газандаларини уйигача қувиб бориб, Буюк Ғалабани Берлинда шод- хуррамлик билан кутиб олдим. Бугунги дориламон кунларимизга кўз тегмасин.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: уруш иштирокчилари шарафланмоқда.