Ўн икки ёшли Жаҳонгирнинг мақсади келгусида чемпион бўлиш. У ўз мақсадига етишиш учун жисмоний тайёргарликни бир неча йил муқаддам бошлаган. Мана, уч йилдирки у мураббийси Қўлдошев Санжардан бокснинг “AIBA” тури бўйича сабоқ олади. У ёш бўлишига қарамасдан тиришқоқлиги, чаққонлиги туфайли устозининг ҳар бир кўрсатмасига тўлиқ амал қилган ҳолда ҳаракат қилганлиги боис айни пайтгача туман ва вилоят босқичларидаги мусобаыаларда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда
Жаҳонгир турнирларда гарчи биринчиликни қўлга кирита олмасада, бундан кўнгли чўкмайди. Аксинча, ҳар бир турнирдан сўнг устози билан рингда йўл қўйган хато ва камчиликлари тўғрисида фикрлашиб, келгуси жангларда бу хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилади. У дастлаб 2018 йилда Тошкент шаҳрида универсал жанг бўйича кадетлар ўртасида Ўзбекистон кубоги учун жангда 31 кг. вазн тоифасида муваффақиятли иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2-даражали дипломи билан тақдирланди. Яқинда эса 8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Биз ёшлар, соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида ўтказилган бокснинг “AIBA” тури бўйича 2003-2010 йилларда туғилган ёш ўсмирлар ўртасида Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биринчилиги мусобақасида 35 кг. вазн тоифасида фахрли биринчи ўрин соҳиби бўлди.
Жаҳонгирнинг орзулари бир олам. Энг улуғ орзуси эса келгусида ўзи шуғулланиб келаётган спортнинг “AIBA” тури бўйича юқори натижаларни қўлга киритиб, жаҳон чемпиони бўлиш.
Саид ТУРДИЕВ.