Депутат минбари
ХАЛҚ ИШОНЧИ ЭНГ ЮКСАК БАҲО
Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашига туманимизнинг Боғбон ва Мингтепа маҳалла фуқаролар йиғинидан депутат этиб сайланганман. Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинлари Бот-бот, Бешқўтон, Боғи-баланд, Дўстлик, Тинчлик ва Бирлик қишлоқларидан ташкил топган. Мен сайланган ҳудуддда айни пайтда 6313 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Тўғрисини айтсам, депутат бўлиб сайланган вақтимда депутатлик бунчалик масъулиятли вазифа экалигини билмаган эдим. Бугун халқ вакили сифатида сайланган ҳудудимдаги барча муаммолар ечими менинг фаолиятимга ҳам боғлиқ эканлигини билдим. Сайловчилар билан бўлган учрашувларда қишлоқлардаги йўл, сув, газ билан боғлиқ муаммолар тўғрисида кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Мен бу мурожаатлардан ўзим учун йўл харитаси тузиб чиққанман. Сайловчиларимга хизмат қилаётганимдан, нафим тегаётганлигидан хурсанд бўламан.
Тўғри, ҳали қишлоқларимизда бажарилиши керак бўлган муаммолар талайгина. Масалан, биргина Бот-бот қишлоғидаги марказий йўллар таъмирланмаган, электр токи уланган симёғочлар эскилигича қолмоқда, қишлоқда бир дона ҳам мактабгача таълим муассасаси йўқ.
Ёки, Боғбон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли билан мулоқотларда уларни қийнаб келаётган муаммолар тўғрисида мурожаатлар тушди. Хусусан, шу қишлоқда 2 та артезиан қудуғи бўлиб, иккаласи ҳам қатор йиллардан буён ишламайди. Аҳоли санитария қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган қудуқ ва ариқлардан сув ичиб келмоқда.
Бу муаммолар тўғрисида тегишли ташкилот раҳбарларига “Депутат сўрови”ни жўнатдим. Натижада, Бирлик ва Дўстлик қишлоқларида 1 донадан трансформатор пункти ўрнатилди ва 20 дона ёғоч устунлар темир бетон устунларга алмаштирилди. Жорий йилда Мингтепа МФЙ Бирлик қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури доирасида 30 дона бетон устун, 1 дона қўшимча электр кучайтиргич қўйилади. Боғбон МФЙ Ф-Бешқўтон кВ тармоғининг 1,4 км қисми таъмирланади.
Шунингдек, Боғбон МФЙдаги Бот-бот қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисидаги “Депутат сўрови”мга ҳам Самарқанд Сувтаъминоти МЧЖ Булунғур туман филиали бошлиғи Б.Файзиев томонидан жавоб хати олинди. Унда айтилишича, Боғбон МФЙ Бот-бот қишлоқ аҳолиси ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида ҳудуддаги мавжуд сув иншоотини таъмирлаш ва тармоқ тортиш ишлари бўйича Республика Давлат дастурига таклиф берилган. Дастур амалга ошгунга қадар қишлоқ аҳолиси таклифига кўра, махсус автотранспорт воситаси орқали ичимлик суви етказилиб берилади.
Бундан ташқари, депутат сифатида маҳаллаларда истиқомат қилаётган ёш оилаларни маънавий қўллаб-қувватлаш, вояга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни оммавий маданиятнинг салбий таъсиридан асраш, маҳаллалардаги ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ҳам сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, имкон даражасида ёрдам бериб келаяпман.
Ҳа, эл ишончини қозониш шарафли иш, шу билан бирга энг юксак баҳо ҳамдир. Бундан кейин ҳам доимий равишда халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида кун тартибига эл фаровонлигини таъминлаш мақсадида таклифларни киритиш, сайловчиларимга ижтимоий ва сиёсий-ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, жойлардаги муаммолар ва камчиликлар юзасидан тегишли ташкилотларга “Депутатлик сўрови” юбориб, халқимга хизмат қиламан.
Фахриддин АРСЛОНОВ,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.