Мен 3-Каттақишлоқ сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига депутат этиб сайланганман. Бу ишончни оқлаш мақсадида сайлов округим ҳудудидаги муаммоларни ҳал этишда депутатлик ваколатимдан фойдаланаяпман.
Каттақишлоқ маҳалласида жойлашган 3-умумий ўрта таълим мактабини қурувчилар томонидан таъмирлашдаги нуқсонлар ва бажарилган сифатсиз ишлар юзасидан сайловчилар ва мактаб жамоаси ўз таклифларини беришди. Мен бу масала бўйича депутатлик ваколатим доирасида вилоят ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича вакилига депутат сўрови билан мурожаат қилдим. Натижада, мактабдаги муаммолар мутахассислар иштирокида ўрганилиб, ижобий ечимини топди.
Сайловчилар билан бўлган учрашувлардан бирида Хатча қишлоғига борадиган йўл таъмирталаблиги ҳақида гапирилди. Ушбу масаланинг ечимини топиш мақсадида тегишли идоралар ва раҳбарлар билан учрашиб, йўл таъмирини Дастурга киритдик.
Сайловчилар ўртага ташлаган муаммолар юзасидан 2017 йилда 5 та, 2018 йилнинг биринчи чорагида 1 та депутат сўрови билан туман, вилоят ва республика миқёсидаги раҳбарларга мурожаат қилдим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июнда парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан селектор орқали ўтказган йиғилишдаги маърузасида депутат сўровини олган раҳбарлар 10 кун ичида жавоб беришлари лозимлиги, акс ҳолда депутат сўровига ўз вақтида жавоб бермаган раҳбарга нисбатан қонунуда белгиланган тартибда чора қўлланилишини таъкидлаб ўтган эдилар.
Мен нафақат депутат, балки, туман “Нуроний” жамғармаси раиси сифатида ҳам Президентимиз қабул қилган фармон ва қарорларининг мазмун-моҳиятини туманимиз аҳолиси ўртасида кенг тарғиб қилиб келаяпман. Жумладан, аҳоли хонадонларида томорқа хўжалигини ривожлантириш, ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, диний экстремизм ва коррупцияга қарши курашиш ва бошқа долзарб масалалар бўйича маҳаллалар, билим масканларида мунтазам равишда суҳбатлар уюштириб келмоқдамиз.
АбдуалимАЗИМОВ,
Ўз ХДПдан сайланган халқ депутатлари
туман Кенгаши депутати.