ДЕПУТАТГА 3 САВОЛ
1. Сайланган округингизда ҳудудий дастурлар ва секторлар “Йўл харитаси” асосида олиб борилаётган ишлардан хабардормисиз?2. Яқинда уюштирган депутатлик сўровингиз ва унга қандай жавоб олдингиз? Қандай муаммоларни бартараф этишни режалаштиргансиз?
3. Сайлов округингиздаги хонадонларга ташриф буюрганингизда сайловчиларнинг таклиф ва мурожаатлари нималардан иборат бўлмоқда, уларнинг ечими йўлида қандай ишларни амалга оширдингиз?
СЕКТОР БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ИШЛАЙМАН
1.Мен сайланган “Деҳқонобод” ва “Мирзаариқ” маҳаллаларида 5500 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу маҳаллалар туман прокурори 2-секторига қарайди. Албатта, мен ўз ҳудудимда депутат сифатида ҳар ойда бир-икки марта сайловчилар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини ўрганаман. Сектор томонидан “Йўл харитаси” асосида олиб борилаётган ишлардан нафақат хабардорман, шунингдек, ҳамкорман. Мисол учун: уйма-уй юриш, ижтимоий соҳа оьъектларни ўрганиш, сайёр қабуллар ва секторга мен сайланган ҳудуддан келиб тушаётган мурожаатлар билан танишаман ва доимий равишда назорат қилиб бораман. Шунинг натижасида бир қатор, хусусан йўл, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар ижобий ҳал этилмоқда. Мисол учун, аҳолимизни анчадан буён қийнаб келаётган муаммо - “Деҳқонобод” МФЙ даги 120 ўринли, 29-сонли мактабгача таълим ташкилоти замон талабларига мос равишда янгидан қурилмоқда.
Шунингдек, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ҳудудимизда 38 та камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, бу оилалар ҳамма вақт диққат марказимизда бўлиб келмоқда. Сектор томонидан озиқ-овқат пакетлари ва ижтимоий ёрдам тариқасида тарқатилаётган ёрдамларни ҳам биргаликда амалга ошираяпмиз. Айниқса, Ўзбекистон Республика Президентининг топшириқларига асосан Қурбон ҳайити арафасида муҳтож оилаларга бериладиган Республика бюджети томонидан ёрдам маблағларини аҳолига етказишда сектор, маҳалла, депутат биргаликда топширдик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6038-сонли Фармони ижросини таъминлашда хам сектор билан биргаликда фаол қатнашдик.
ДЕПУТАТ СЎРОВИГА ЖАВОБ БЕРМАДИ
2. Юқорида айтганимдек, имконият доирасида ҳар ойда бир-икки марта сайловчилар билан ўз хонадонларида учрашувлар ўтказаман. Ўтказилган суҳбатларда сайловчилар энг аввало, мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканлигини айтишади. Қишлоқларимиз йилдан йилга чирой очиб бораётгани, дастурхонимиз тўкинлигига шукур қилишади. Шунингдек, бугунги кунда маҳаллаларимизда доғ бўлиб қолаётган баъзи бир нуқсонлар, муаммолар бўйича мурожаат қилишади. Масалан, “Мирзаариқ” маҳалласидаги “Мўғол” қишлоғида 300 та хонадонга 60 кВт лик трансформатор пункти қўйилган. Кундуз куни унчалик билинмасада, кечқурун трансформаторнинг кучи етмаганлиги сабабли хонадонлар чироқлари ўта хиралашиб қолади. Бу эса ўз ўрнида мазмунли дам олишга, хусусан телевизор кўришда, китоб ўқишда қийинлик туғдиради. Шу муаммо юзасидан, яъни, кичик кучланишдаги трансформаторни каттасига алиштириб бериш учун туман Электр тармоқлари корхонаси номига 2020 йил 13 март куни депутатлик сўрови жўнатдим. Лекин... Афсуски, туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбари бугунгача депутатлик сўровига жавоб беришни ўзига эп кўрмади.
Тўғри, ҳамма раҳбарлар ҳам бир хилда масъулиятсиз эмас. Яна бир муаммо: “Мўғол” қишлоғида ичимлик суви муаммоси 3-4 йлдан буён аҳолини қийнаб келади. Ҳатто шу қишлоқдаги 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам ичимлик сувини ҳовуздан ичади. Ҳовуз суви эса на санэпидстанция ходимлари ёки тиббий идора ходимлари томонидан назоратга олинмаган. Бу муаммони ижобий ҳал қилса бўлади. Мисол учун, шу қишлоқда эски артизан қудуғи бор, лекин 3-4 йилдан бери ишламайди, таъмирга муҳтож. Шу масала юзасидан “Сувоқова” унитар корхонаси раҳбарига “Депутат сўрови” юбордим. Унитар корхона раҳбари жавоб хатида ушбу муаммони шу йилгидастурга киритганмиз, деб жавоб юборди. Лекин... йилнинг 8 ойи ўтиб кетаяпти. Дастурга киритилган ишни бошлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти.
МУРОЖААТЛАР КЎП, ЕЧИМИ ЧЎЗИЛМОҚДА
3. Сайловчилар билан учрашувларда мен сайланган вақтдан бери бир хил мурожаатлар кўп такрорланади. Масалан, “Мирзаариқ” маҳаллаларида мактабгача таълим муассасаси йўқ, қишлоқда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган 180 нафар ёшлар мавжуд. Улар эртага мактабга ҳеч бир билимсиз қандай боради?
Ёки, “Деҳқонобод” ва “Мирзаариқ” маҳаллаларида 5100 нафар аҳоли 900 га яқин хонадонда истиқомат қилади. Қишлоққа табиий газ етиб бормаган, газ баллонлардан фойдаланилади. Лекин, хонадонларда етарлича газ баллонлар мавжуд эмас. Бор баллонлар ҳам вақтида тўлдирилмайди. Биргина мисол, шу йилнинг 3 ой мобайнида бирон марта тўлдирилган газ баллонлар қишлоққа олиб келинмаган.
“Мирзаариқ” маҳалласида 2268 нафар аҳоли яшайди. Лекин, шундай катта қишлоқда тиббий хизмат кўрсатиш шахобчаси йўқ. Иссиқ жон баъзида оддий тиббий хизмат бўйича ҳам 8-10 километр йўл юриб, тиббий шахобчага боришади. Албатта, буларнинг барчаси бўйича тегишли ташкилотларига “Депутат сўрови” жўнатганмиз. Аммо, бу муаммоларнинг ечими бўйича ижобий ишлар қилинмаяпти. Албатта, мен бир депутат сифатида бундан кейин ҳам ҳамиша сайловчиларимиз мурожаатлари бўйича хизмат қилавераман.
Муҳиддин ҚИЛИЧЕВ,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.