Халқ ичидан чиққан ва халқ ичида юрган депутатлар
Халқ Демократик партияси фракциясидан Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган депутатлар Мавжуда Ҳасанова ҳамда Мамажонова Дилбар жойларда олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишдилар.
Хусусан, депутатлар жорий йилнинг 18 июнь куни Булунғур туманида бўлишиб, туманда камбағалликни камайтириш, шунингдек, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида оилаларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни жойига чиқиб ўрганишди.
Депутат Мавжуда Хасанова биринчи ва учинчи сектор ҳудуди, “Мингтепа”, “Нурли йўл”, “Исори ўроқли”, “Оқтош” маҳаллалари мисолида ҳолатни ўрганган бўлса, Мамажонова Дилбар иккинчи ва тўртинчи секторлардаги “Чўянтепа”, “Чорбоғ”, “Кафтархона”, “Саховат” маҳаллалари мисолида амалга оширилган ишлар билан танишдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова мақсад текшириш эмас, балки, халқ ичига тушиб ҳақиқий ҳолатни жойида ўрганиш, халқ билан яқиндан суҳбатда бўлиш, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглаб, келгуси фаолиятларида устувор йўналишларни белгилаб олиш эканлигини таъкидлаб ўтди.
- Мен ҳам шу халқ ичидан чиққанман, шу элнинг фарзандиман. Бир вақтлар Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги мактаблардан бирида директор эдим. Мана бугун халқимизнинг вакили сифатида муаммоларни ўрганиб, таҳлил қилиб юрибмиз. Зиммамизда улкан масъулият – халқ ишончи турибди. Бу ишончни оқлаш учун имкон қадар ҳар куни халқ билан яқиндан суҳбатда бўлишга, уларни тинглашга, муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ижобий ечими юзасидан ўз таклифларимизни беришга интилмоқдамиз, дейди депутат.
Айни вақтда бу каби ишчи гуруҳлар томонидан Самарқанд вилояти бўйлаб ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганишлар натижаси умумлаштирилиб, ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинади. Таҳлил натижаларига кўра келгуси устувор вазифалар белгилаб олиниши, долзарб муаммолар келгусида қонунчилик палатаси миқёсида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Аббос ЖАББАРОВ